Жорий йил 18 февралдан эътиборан жиноят-процессуал қонунчилигига айбга иқрорлик тўғрисида келишув институти жорий этилди.
Мамлакатимиз жиноят-процессуал қонунчилигида мутлақо янги ҳисобланган ушбу институт АҚШ, Европа ва МДҲ мамлакатларида кенг қўлланади.
Жиноий ишларни қисқартирилган тартибда кўриш борасидаги жаҳон тажрибасининг миллий процессуал қонунчиликка жорий этилиши фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилиш борасидаги замонавий механизмлардан биридир.
Жиноят-процессуал қонунчилигига жорий этилган айбга иқрорлик тўғрисидаги келишувнинг бош мақсади — айбланувчининг содир этган жинояти юзасидан иқрорлиги асосида судда енгилроқ жазо тайинланишига эришиш, шунинг баробарида, кўплаб сансалорликларга сабаб бўладиган узоқ давом этувчи суд жараёнларини қисқартиришдан иборатдир.
Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув жиноят содир этишда гумон қилинган шахс билан прокурор ўртасида тузилади. Бунда гумонланувчи ёки айбланувчи айбловни тан олган, жиноятнинг очилишига фаол кўмаклашган ва келтирилган зарарни бартараф этган бўлиши лозим.
Бундай келишувлар ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ва оғир жиноятлар юзасидан тузилади, ўта оғир жиноят содир этган шахслар билан келишув тузишга йўл қўйилмайди.
Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув институтининг ижобий жиҳатлари хусусида ҳам алоҳида тўхталиш жоиз.
Ўзаро зиддиятда бўлган тарафлар ўртасидаги муносабатларнинг тез орада юмшаши;
айбланувчи ёки судланувчининг айбига иқрорлик билдиришга тайёрлиги, жазони ўтай бошлаши;
судлов ва айблов органларининг вақти ва маблағлари тежалиши;
айблов органлари ўз вақтини оғир жиноятларни очишга қаратиши ва судларнинг жиноят ишлари бўйича иш юкламаси камайишига олиб келиши фикримизнинг яққол тасдиғидир.
Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув институти, айрим олимларнинг фикрича, муайян салбий жиҳатларга ҳам эга. Бу омиллар жиноят процессини юритувчи мансабдор шахслар, жумладан, тергов органларининг айбни «ҳар қандай ҳолатда тан олдиришга интилиши» натижасида айбланувчи содир этмаган жиноятига босим остида иқрор бўлиши, айбсиз инсоннинг айбланувчига айланиб, жиноят содир этган шахснинг жазосиз қолиб кетиши, шунингдек, содир этилмаган жиноят учун айблов эълон қилиш каби ҳолатларда намоён бўлиши мумкин.
Бундай салбий оқибатларнинг олдини олиш мақсадида мамлакатимизда айбга иқрорлик келишуви суд томонидан кўриб чиқилганидан сўнг тасдиқланиши алоҳида белгилаб қўйилди.
Айнан айбланувчи томонидан айбнинг тан олиниши унинг ижтимоий хавфли қилмиши юзасидан суд муҳокамасидан воз кечганини англатади. Айбланувчи айблов органи билан келишув имзолаши ҳам мумкин.
Мазкур келишув айбланувчига бир қатор юридик имтиёзлар беради.
Яъни:
– айблов доираси қисқартирилиши ёки ундан айрим эпизодларнинг чиқарилиши ва квалификациянинг енгилроқ томонга йўналтирилиши;
– жазо ҳажми, миқдори ва ўташ тартибининг қонунда кўрсатилганидан ҳам енгилроғи тайинланиши.
Ўз навбатида, қонунчилигимиздаги айбга иқрорлик бўйича келишувнинг ярашув институтига ўхшаш жиҳатларини қайд этиш лозим. Яъни, иккала ҳолатда ҳам жабрланувчи ёки фуқаровий даъвогар бу жараёнда иштирок этади ва гумон қилинувчи ёки айбланувчи томонидан етказилган зарарнинг бартараф этилгани ёхуд этилмаганига аниқлик киритилади.
Бу борада жабрланган тараф ёки фуқаровий даъвогарнинг фикри келишув тузишнинг муҳим шартларидан бири бўлиб ҳисобланади.
Қонунчилигимизга биноан жиноят иши суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг айбга иқрорлик бўйича келишуви судга келиб тушган пайтдан эътиборан бир ойдан кечиктирмай кўриб чиқилади. Келишув тасдиқланган ҳолларда суд айблов ҳукми чиқариб, жазо тайинлайди.
Бироқ жиноят бўйича тайинланадиган жазо муддати ёки миқдори Жиноят кодексининг тегишли моддасида ёки қисмида назарда тутилган энг кўп жазонинг ярмидан ошмаслиги керак.
Хулоса қилиб айтганда, айбга иқрорлик бўйича келишув институтининг мамлакатимиз жиноят, жиноят-процессуал қонунчилигига татбиқ этилиши, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимояси юқори поғонага кўтарилишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Азиз Абидов,
Олий суднинг Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси бошлиғи