Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонАйрим ҳокимлар масаланинг ичига кирмаган – Президент...

Айрим ҳокимлар масаланинг ичига кирмаган – Президент ҳудудларда бўш иш ўрни яратиш борасидаги ишларни танқид қилди

Айни пайтда Президент раислигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Унда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда кичик бизнесни ривожлантиришга қўшимча шароитлар яратиш чора-тадбирлари кўриб чиқилиши белгиланган.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган видеоселектор йиғилишида камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича 2023 йил учун режалар муҳокама қилинмоқда.

Давлатимиз раҳбари камбағалликни қисқартириш миллий сиёсат даражасига олиб чиқилганини таъкидлади.

Натижада ўтган йилнинг ўзида камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга тушгани, бунда ҳоким ёрдамчилари 1 миллион нафар аҳолини касб-ҳунарга ўқитиб, тадбиркорлигини бошлашга кўмаклашгани, даромадли иш билан банд қилгани муҳим омил бўлгани қайд этилди.

Шу даврда 200 мингга яқин тадбиркорлик субъекти ташкил қилинди, 10 мингта корхона фаолияти кенгайтирилди, 11 мингта корхона қуввати тикланди.

Бу ишларни 2023 йилда давом эттириш, бандликни таъминлаш бўйича барча тармоқ ва ҳудуд раҳбарларига аниқ топшириқлар берилган.

Жумладан, 2023 йилда 5 миллион нафар аҳоли бандлигини таъминлаш, шу жумладан 2 миллионта доимий иш ўринларини яратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Мисол учун, Андижон вилояти жорий йилда инвестиция лойиҳалари ҳисобига 40 мингта, пахта ва ғалладан бўшаган ерларни аҳолига бўлиб бериш ҳисобига 75 мингта ва мавсумий ишлар орқали 200 мингта, маҳаллаларда микромарказлар ташкил этиш, саноат зоналарида ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва марказий кўчаларни хизматларга ихтисослаштириш, савдо-сервис объектларини барпо этиш ҳисобидан 135 мингта; оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида ажратиладиган кредитлар ҳисобидан 20 мингта иш ўринлари яратишни режа қилган.

Ёки, Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида картошкачиликни йўлга қўйиб, 10 минг аҳолини даромадли иш билан таъминлаш, боғларнинг суғориш тизимини тиклаш ҳисобига 2 минг, Кўкдалада тарвуз экишни йўлга қўйиб, 32 минг, Миришкорда дала четларига тут эктириш ҳисобига пиллачиликда қўшимча 6 минг аҳолини даромадли қилишни режа қилган.

“Қолган вилоятлар-чи? Бу борада ҳудудларнинг дастурлари билан бирма-бир танишиб чиқдим. Очиқ айтиш керак, айрим вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари масаланинг ичига кирмаган”, – деди Президент.

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз