Энергетика вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳозирги кунга келиб “Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси”нинг нефть ва газ конларида носозлик сабаб тўхтатилган барча 14 та газ ҳайдаш агрегатлари ишга туширилди ва иш режимида ишламоқда.
Юзага келган носозликларни бартараф этиш натижасида Муборак ГҚИЗда газ таъминоти тўлиқ тикланди. Бироқ, 4 январь куни етказиб берилмаган ҳажмлар тўлдирилмади, бу эса зарур газ босимини тиклашга тўсқинлик қилади.
Шунингдек, 4 ва 5 январь кунлари ҳаво ҳароратининг пасайиши туфайли газ истеъмолида ўсиш кузатилмоқда. Шу муносабат билан, республика аҳоли истеъмолчилари ва электр энергиясини ишлаб чиқарувчи “Иссиқлик электр станциялари” АЖ корхоналарини табиий газ билан барқарор таъминлаш биринчи даражали вазифадир.
Шунинг учун, бир қатор зарур вақтинчалик чоралар жорий этилмоқда. Улардан бири – автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ)нинг соат 15.00 дан 05:00 гача ишлашини чеклашдир. Ушбу вақтинчалик чора магистрал газ қувурларида барқарор газ босими таъминланиши йўлга қўйилгунга қадар жорий этилади.
Ушбу чекловлар бир қатор ҳудудларда маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда жорий қилинади.
Хабарда айнан қайси ҳудудларда газ шохобчалари вақтинча ёпилиши ҳақида маълумот берилмаган.