Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонАка-ука безорилик ва босқинчилик қилиб, одам ўғрилашган

Ака-ука безорилик ва босқинчилик қилиб, одам ўғрилашган

Наманган шаҳрида яшовчи Анваржон Қаюмов шаҳардаги “Порлоқ текстиль либослари” масъулияти чекланган жамияти раҳбари, яъни тадбиркор йигит. Унинг қўл остида укалари Равшан ва Абдулазиз бири ёрдамчи, бири ишчи, ҳамшаҳарлари Сардор Аҳмаджонов ҳамда Баҳодир Бадриддиновлар иш юритувчи, Сардорнинг укалари Алимардон ва Жавлонбек Аҳмаджоновлар эса ишчи вазифасида ишлашади. Биргина, Б.Баҳодировни инобатга олмаганда, ака-укалар жуфтлиги ҳамиша бирга, улар ҳамнафас, ҳамкору ҳамтовоқ. Қолаверса, ҳамтовоқларнинг Абдулазиздан ташқари, 6 нафари бир мартадан тўрт маротабагача судланган, ўтмиши “сермазмун” кимсалар.

Қарангки, бу гал ҳам улар жиноят кўчасида бир-бирларини ёлғизлатиб қўйишмади. Аввалига Алимардон Аҳмаджанов 2020 йил 8 август куни соат 21:00 ларда Абдулазиз Қаюмов ҳамда унга нисбатан қидирув қилинган жиноий шериги Умиджон Зайнитдинов билан бирга таниши Расулжон Қодировни ўзларининг Наманган шаҳар Мингчинор даҳасида жойлашган “Порлоқ текстиль либослари” МЧЖ тикувчилик цехига чақиришади. Сўнг маълум муддат суҳбатлашишгач, уйга қайтмоқчи бўлишади.

— Сизни ҳам уйингизга ташлаб ўтамиз, — дейишади уччовлон.

Аммо А.Қаюмов бошқарувидаги “Gentra” русумли автомашинада йўлда кетишаётган вақтда тўсатдан Расулжонга ҳужум қилиб, ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлган зўрлик ишлатишади. Хусусан, У.Зайнитдинов қўли билан Р.Қодировнинг бўйнидан бўғади. Алимардон эса қўлидаги, терговда аниқлашнинг имкони бўлмаган пичоқ билан унинг ўнг елка, чап кўкрак ва чап қўл кафт соҳаларига уради. Бу ҳам етмагандек, юзи ва танасининг бошқа жойларига уриб-дўппослаб, тан жароҳати етказишади Расулжонга. Кейин уни шаҳарнинг Юксалиш маҳалласидан ўтувчи Тўрақўрғон автомобиль йўлининг четига олиб боришади. Бу ерда бўлса яна уриб-дўппослаб, Р.Қодировнинг “Оrient” номли қўл соати ҳамда фуқаролик паспортини босқинчилик йўли билан талон-торож қилишади. Ўзини эса Шимолий Фарғона канали бўйига ташлаб кетишади.

Шундан сўнг Анвар Қаюмов йигитларни навбатдаги жиноятга ундайди. Аниқроғи, 2020 йил 11 август куни соат 16:20ларда Анвар укалари Равшан, Абдулазиз ҳамда шериклари Сардор, Бадридинов ва Жавлонбеклар ҳамроҳлигида Наманган шаҳрининг Ислом Каримов кўчасида жойлашган “Total pitstop service center” номли автомашиналарга техник хизмат кўрсатиш шаҳобчаси олдида бақир-чақир қилган ҳолда фуқаролар осойишталигини бузади.

— Тўқсон беш миллион қарзингни қачон қайтарасан?, — дея ўшқиришади аслида қарзи бўлмаган фуқаро Шаҳзод Қамбаровга.

— Сизлардан ҳеч қандай қарзим йўқку, — деб эътироз билдиради туҳматга учраган йигит.

Бу жавоб эса “қаҳрамон”ларимизга ёқмайди, аксинча, оғир ботади. Шу боис бешовлон уриб-дўппослаганча бояқиш йигитга тан жароҳати етказишади. Бу ҳам етмагандек, Шаҳзодни фуқаролар кўз ўнгида “Gentra” автомашинасига мажбуран юклаб, шаҳарнинг Зиёнур кўчасидаги фуқаро А.Абдуллаевга тегишли қурилиши якунланмаган ҳовлига ўғирлаб олиб кетишади. Оқибатда бу ерда ҳам Ш.Қамбаровни яна уриб-дўппослашади. Шунингдек, жабрланувчининг “Samsung” русумли уяли телефони ва 5.000.000 сўм пулини босқинчилик йўли билан талон-торож қилишади. Охирида уни ўзи яшайдиган кўчага ташлаб кетишади.

Албатта гувоҳларнинг мурожаати туфайли қонун ҳимоячилари ўша куннинг ўзидаёқ жиноятчиларнинг кетидан тушишади. Оқибатда, етти жиноятчи 2020 йил 13-18 август кунлари қонуний тартибда ушланади. Сўнгра уларга Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилади.

Яқинда жиноят ишлари бўйича Поп туман судида еттовлоннинг жиноят иши кўриб чиқилди. Яъни суд ҳар бир айбдорнинг ҳатти-ҳаракатини муҳокама қилиб, уларнинг барчасини озодликдан маҳрум этди. Қолаверса, суд ҳукмида судланувчилардан жабрланувчи Шаҳзод Қамбаров фойдасига 5.000.000 сўм маънавий зарар ундириш ҳам белгиланди.

Хусниддин ҲАКИМОВ,
Поп туман прокурори

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз