Аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари манфаатини ҳимоялаш ва қўллаб-қувватлашда пенсия таъминоти тизими муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, дунёнинг тараққий этган давлатлари бу тизимни ислоҳ қилиш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратади. Зеро, бу йўналишдаги ишлар нафақат инсон ҳуқуқларини таъминлаш, аввало, иқтисодий ўсиш ва аҳоли турмуш даражасини оширишнинг муҳим омилидир.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда пенсия таъминоти тизимида кечаётган изчил ислоҳотлар “Инсон қадри учун” эзгу ғоясини рўёбга чиқариш, кучли ижтимоий ҳимоя сиёсатини ҳаётга татбиқ этишга қаратилган.
Маълумотларга кўра, юртимизда бугунги кунда пенсия ва нафақа олувчилар сони тўрт миллион икки юз мингдан кўпроқни ташкил этади. Сўнгги йилларда аҳолининг ушбу қатламини қўллаб-қувватлаш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, давлат хизматлари кўрсатиш тизими ислоҳ қилиниб, тизимда йиғилиб қолган муаммолар, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишда амалий қадамлар ташланмоқда.
Пенсия ва нафақа тўловлари кечиктирилиши ҳолатига барҳам берилди, 2017 йилдан бошлаб ойма-ой тўлов жорий этилди. Пенсия ва нафақаларни мажбуран банк пластик карталарига ўтказиш билан боғлиқ ҳолатлар ҳам тўлиқ бартараф этилиб, фуқаронинг хоҳишига кўра нақд пулда ёки нақд пулсиз шаклда берилиши таъминланмоқда.
Ишловчи пенсионерларнинг пенсияларидан ярмини чегириб қолиш амалиёти бекор қилиниб, тўлиқ миқдорда тўлаш тизими жорий этилди. Бундан ташқари, ишловчи пенсионерларга жорий ой учун пенсия тўлаш тизими йўлга қўйилди (аввал ўтган ой учун тўланган).
Пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал чегараси 2023 йил 1 январдан пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн баробаридан ўн икки баробаригача оширилади. Манзил колонияларда жазони ўтаётган, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга пенсия тайинлаш ва тўлаш ҳуқуқи берилди.
Мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам, айниқса, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам қатор ишлар амалга ошириляпти. Жумладан, 2019 йил 1 августдан бошлаб II гуруҳ ногиронлиги бўлган ёлғиз шахслар – пенсионерларнинг пенсияларига устама миқдори пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 50 фоизидан 75 фоизига оширилди. I гуруҳ ногиронлик нафақаси, шунингдек, 18 ёшдан катта болаликдан I гуруҳ ногиронлик нафақаси олувчиларга ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 фоизи миқдорида қўшимча тўлов жорий қилинди.
Қолаверса, болаликдан ногиронлиги бўлганларга нафақаларни 16 ёшдан 18 ёшга қадар тўлаш ҳуқуқи берилди. Бунинг натижасида 2021 йилда болаликдан ногиронлиги бўлган 12,6 мингдан ортиқ ва 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида 16 мингдан зиёд болага нафақа 18 ёшга қадар тайинланган ва тўлаб берилган.
2021 йил 1 июндан ногиронлиги бор шахсларга пенсия ва нафақа тайинлашда тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари маълумотномаларини талаб қилиш бекор қилинди. Бу имтиёз ҳам ногиронлиги бор шахсларни қийнаб келаётган масаланинг ечими бўлди. Ижтимоий йўналтирилган ислоҳотларнинг давоми сифатида Чернобиль ҳалокати оқибатида III гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга пенсия тайинланиши, 18 ёшгача бўлган ногирон болага қараб турилган вақт стажга қўшилиши белгиланди.
Ногиронлиги бўлган шахслар, айниқса, доимий парваришга муҳтож болаларни парваришлаётган оилаларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли даромадларини оширишни таъминлаш мақсадида зарур иш стажига эга бўлмаган меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси миқдори 440 минг сўмдан 622 минг сўмга етказилди. Бу билан 49,1 минг фуқаронинг ногиронлик нафақаси миқдори ошди. Иш стажи тўлиқ бўлмаган ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори ҳам қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда 440 минг сўмдан 622 минг сўмга етказилди. Ушбу имтиёз асосида 112,7 минг фуқаронинг ногиронлик пенсия миқдори ўртача 138 минг сўмга ошди.
Ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болалари бор оилаларга ҳар ойда 500 минг сўм миқдорида янги турдаги парваришлаш нафақаси жорий этилди. Бу имкониятдан 35,1 минг оила баҳраманд бўлмоқда.
Аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатишни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятга ижтимоий мослашуви учун кенг имкониятлар яратиш мақсадида 2022 йил 1 майдан “Саховат” уйларида яшовчи фуқароларга шахсий сарф-харажатлари учун ҳар ойда тегишли нафақа миқдорининг 20 фоизини тўлаш тартиби жорий қилинди. Бу янгилик ҳам инсон қадрини улуғлаш йўлида бажарилаётган эгзу ишларнинг мантиқий давоми бўлди.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва ногиронлиги бор фуқароларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида бир марталик моддий ёрдам ҳам кўрсатиляпти. Президентимизнинг 2022 йил 25 майдаги “Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини манзилли қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ногиронлик пенсияси ва нафақа олувчи 459,4 минг кишига ва ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача 25,6 минг боланинг парвариши учун нафақа олувчиларга давлат бюджетидан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди.
Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида давлат пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш ҳамда фуқароларнинг пенсия миқдори мамлакатнинг иқтисодий кўрсаткичларига мувофиқ изчил ошириб борилишини таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланган. Ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида жорий йил 19 сентябрда “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун қабул қилинди.
Қонунга асосан, ёшга доир, ногиронлик ҳамда боқувчисини йўқотганлик пенсияларини ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг энг кўп миқдори пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн баробаридан ўн икки баробаригача оширилади. Натижада 2023 йилдан бошлаб 352 минг фуқаронинг пенсияси 400 минг сўмгача оширилади. Бу ҳам пенсионерларнинг моддий фаровонлигини янада юксалтиришга ва ижтимоий адолат тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
“Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига пенсия тайинлаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги”ги қонун ҳам бу борадаги амалий ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Ушбу қонуннинг асосий мақсади фуқароларнинг пенсия таъминоти соҳасидаги қонунчиликни амалиётда қўллашда юзага келаётган турли ёндашувларнинг олдини олиш ва коррупцияни юзага келтирувчи ҳолатларга барҳам бериш. Қолаверса, ижтимоий адолат тамойилидан келиб чиқиб ногиронлиги бўлган шахсларнинг даромадини ошириш, уларнинг меҳнатини муносиб баҳолаш ва пенсия миқдорини кўпайтириш.
Қонун билан “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, қонуннинг 12-моддасига киритилаётган ўзгартишга асосан, ҳозир фақат қишлоқлардаги ихтисослашган тиббий муассасаларда ишловчи шифокорлар ва ўрта тиббий ходимлар махсус иш стажи камида 25 йил бўлган тақдирда ёшни 5 йилга қисқартирилган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган бўлса, энди шаҳарча ва овулларда жойлашган ихтисослашган тиббий муассасалар ходимлари ҳам бундай имтиёздан фойдалана олади.
Қонуннинг 19-моддасидаги ўзгартишга асосан, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомда ўгай ота ва ўгай онага агар вафот этган ўгай фарзандни 18 ёшга тўлгунга қадар камида 5 йил тарбиялаган ёки боққан бўлса, боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олиш ҳуқуқи берилиши, маълумотларни тақдим этувчи орган, маълумотларни тақдим этиш шакли ва муддатлари бўйича норма киритилди.
Амалиётда тўғри талқин қилиш, турли қарашларнинг олдини олиш мақсадида қонуннинг 27-моддасида ёшга доир ва ногиронлик пенсияларининг ортиқча иш стажи учун оширилиши пенсияни ҳисоблаш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақидан келиб чиқиши кўзда тутилган ўзгартиш киритилди.
Қонуннинг 28-моддасидаги ўзгартишга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомда устамалар бериладиган алоҳида хизматлари бўлган шахслар тоифаси рўйхати ва аниқ миқдорини белгиловчи норма киритилмоқда.
Қонуннинг 37 ва 49-моддаларига киритилаётган қўшимчаларга биноан, 2023 йил 1 январдан бошлаб I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга пенсия тайинлангандан кейин камида 1 йил иш стажига эга бўлса, иш стажи ва иш ҳақини ҳисобга олган ҳолда ҳамда келгусида ҳар 2 йилда ногиронлик пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш амалиёти жорий этилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, мазкур йўналишдаги ислоҳотлар ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий адолат тамойилидан келиб чиқиб қўллаб-қувватлашга мустаҳкам замин яратади. Бу эса юртдошларимизнинг ҳаёт даражасини яхшилаш, халқимизнинг розилигига эришиш, юртимизнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини юксалтиришда муҳим омил бўлади.
Мавлуда ХЎЖАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси