Бош саҳифаЯнгиликларҲуқуқ“Ақлли тартибга солиш” методи, “пакет” принциплари ёхуд...

“Ақлли тартибга солиш” методи, “пакет” принциплари ёхуд ҳар бир ислоҳот қонун ҳужжатлари асосида тартибга солинади

Президентимизнинг Олий Мажлисга мурожаатномасидаги
Давлат ҳуқуқий сиёсатини такомиллаштириш масалалари бўйича 
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти директори Аъзам Мадаминов билан суҳбатлашдик.

 — Аъзам Акмалович, аввало суҳбатимизни мамлакатимизда ҳуқуқий сиёсат соҳасида қандай қонуний асослар мавжудлигига оид маълумотлардан бошласак?

— Мамлакат тараққиётида ҳуқуқий сиёсат муҳим аҳамият касб этади. Чунки, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий соҳада амалга оширилаётган ҳар қандай ислоҳот қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Шу билан бирга, ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилиши маълум даражада ўтган йилларда шаклланган қонунчилик базасига, шунингдек, норма ижодкорлиги жараёни сифатига боғлиқ. Ўзбекистонда ҳам ҳуқуқий сиёсатни такомиллаштириш ишлари тизимли равишда амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 августдаги “Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди. Жумладан,

– қонунчилик базасини тизимлаштириш, ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш барқарорлигини таъминлаш;

– норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнлари сифатини ошириш, шунингдек, уларнинг ижроси мониторингини такомиллаштириш;

– норма ижодкорлиги жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

– норма ижодкорлигида “ақлли тартибга солиш” модели элементларини қўллаш;

– норма ижодкорлиги фаолиятининг институционал асосларини такомиллаштириш.

Норма ижодкорлиги фаолияти концепцияси доирасида хўжалик бошқаруви органлари ваколатига кирувчи масалалар ва корпоратив муносабатлар қонуности ҳужжатлари асосида ёки маъмурий усуллар орқали тартибга солиш тақиқланди.

Бугунги кунда жисмоний ва юридик шахслар учун жавобгарликни белгиловчи ҳуқуқий нормаларни фақат қонунлар билан ўрнатилиши белгиланмоқда.

Шунингдек, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга жисмоний ва юридик шахслар учун қўшимча тўлов ва йиғимларни белгиловчи, ортиқча маъмурий ва бошқа чеклашларни назарда тутувчи, уларга асосланмаган харажатлар юзага келишига олиб келувчи, рухсат бериш хусусиятига эга бўлган ҳуқуқий нормаларни киритишга ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга ҳуқуқий нормалар киритишга йўл қўйилмайди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда янги механизмлар асосида ишламоқда, яъни “пакет” принципи жорий қилинди.

— Юқорида “ақлли тартибга солиш” методи, “пакет” принциплари ҳақида айтиб ўтдингиз. Ушбу тушунчалар ҳақида кенгроқ маълумот берсангиз?

— Авваламбор, “пакет” принципи ҳақида айтиб ўтмоқчиман. “Пакет” принципида янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда уни амалга оширишга қаратилган ҳаволаки нормалар янги қонун билан бирга ёки қонунда белгиланган муддатда ишлаб чиқилади ва кучга кириши белгиланди.

Шунингдек, янги қонун лойиҳаси билан белгиланаётган қоидалар илгари қабул қилинган қонунларга тегишли ўзгартиришлар киритишни тақозо этганда, илгари қабул қилинган қонунларга ўзгартириш киритиш янги қонунни қабул қилиш билан бир вақтнинг ўзида амалга оширилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда вазирлик ва идоралар ўзлари томонидан қабул қилинган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга бир хил масаладаги ўзгартириш ва қўшимчаларни битта ҳужжат билан киритиши белгиланди.

Ақлли тартибга солиш” модели деганда, тартиб-таомилларни мураккаблаштиришни назарда тутувчи, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахл этувчи ҳамда қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларида мажбурий тартибда айрим элементларини қўллашни инобатга олиш зарурлигини тушуниш лозим.

Айрим элементлар қаторида, фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ва жамият томонидан қилинган ижро харажатлари таклиф этилаётган лойиҳа нормасида назарда тутилаётган харажатларга тенг ёки ортиқ бўлганда мавжуд нормани бекор қилишни келтириш мумкин.

Шунингдек, “Ақлли тартибга солиш” моделини қўллаш мураккаблаштирувчи тартиб-таомилларнинг амал қилиш муддатини чеклаш, бунда муддат ўтгач улар мавжуд тартибга солишни яхшилаш, унинг бундан буёнги заруриятини асослаш ёки автоматик равишда кучини йўқотган деб топиш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқилишини талаб этади.

— Сўнгги уч йилда ҳуқуқий сиёсат соҳасида кўрилган чоралар ҳақида нималар дея оласиз?

— Бугунги кунда, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор йўналишларни амалий рўёбга чиқаришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Хусусан, “Ҳаракатлар стратегияси”нинг норма ижодкорлиги соҳасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида сўнгги 4 йил давомида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди.

Ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш жараёнида, биринчи навбатда, ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини, жумладан, ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини сифатли ташкил этиш, изчил ва бир хил ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишнинг яхлит тизимини жорий этиш йўли билан амалга оширишни кўзловчи адлия органлари ва муассасаларининг роли оширилмоқда.

Жумладан, Президентимизнинг 2018 йил 13 апрелдаги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармон адлия органларининг ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини сифатли ташкил этишда, шунингдек, бир хил ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантириш ҳамда давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга ошириш соҳасида муҳим ҳужжат ҳисобланади.

Шунингдек, Президентимизнинг 2020 йил
19 майдаги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Ушбу Фармон асосида Адлия вазирлигига ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини, жумладан, норма ижодкорлиги фаолиятини сифатли ташкил этиш, изчил ва бир хил ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантириш, давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини таъминлаш мақсадида бир қатор вазифалар юклатилди. Хусусан,

– жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя этилишини таъминлашга қаратилган изчил ҳуқуқий сиёсатни такомиллаштириш;

– барча соҳаларда қонунчиликни тизимлаштириш ва кодификациялаш ишларини самарали йўлга қўйиш, қабул қилинганига кўп вақт бўлган қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ва уларни бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотларга уйғунлаштириш;

– фуқароларнинг кундалик ҳаётида учрайдиган ҳуқуқий муаммоларни таҳлил қилиб бориш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатлари такомиллаштирилишини таъминлаш;

– маъмурий тартиб-таомиллар соҳасини илғор хорижий тажриба ва замонавий ривожланиш тенденциялари асосида мунтазам равишда такомиллаштириб бориш;

– халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикаси ўрнининг яхшиланишига тўсқинлик қилаётган ҳуқуқий омиллар юзасидан фундаментал ҳуқуқий тадқиқотлар ўтказилишини таъминлаш.

 — Қонун ҳужжатларини янада оптималлаштириш учун қандай ишлар амалга оширилиши лозим деб ҳисоблайсиз

— Қонун ҳужжатларини янада оптималлаштириш мақсадида қонунчилик базасини тўлиқ хатловдан ўтказиш ва соҳалардаги муносабатларни тартибга солувчи (сайлов тизими, архитектура ва қурилиш, таълим, инвестициялар, тадбиркорлик фаолияти ва бошқалар) норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш ва кодификациялаш лозим.

Бугунги кунда турли ҳуқуқ соҳаларига оид 20 та кодекс қабул қилинган. Бироқ, ҳаммага маълумки, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт натижасида маълум бир қоидалар эскриши ва уларни янгилаш, яъни мавжуд норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва кўшимчалар киритиш заруриятга айланади. Сўнги йилларда Солиқ, Иқтисодий процессуал ва Фуқаролик процессуал кодекслари янги таҳрирда қабул қилинган бўлса, мамлакатимиз тарихида илк бор Сайлов ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекслари қабул қилинди.

Мисол учун айтиш мумкинки, Сайлов кодекси қабул қилингунга қадар сайлов билан боғлиқ муносабатлар тарқоқ ҳолдаги 5 та қонун (“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”) ва Марказий сайлов комиссиясининг сайловларни ташкил этиш ва ўтказишга оид ўнлаб низом ва йўриқномалари билан тартибга солинар эди. Сайлов кодексининг қабул қилиниши ушбу тарқоқликка чек қўйди ва сайлов жараёнининг такомиллашишига хизмат қилмоқда.

Айни пайтда бир турдаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи, аммо тарқоқ бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ягона битта ҳужжатга бирлаштириш ишлари давом этмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги ПФ-6012-сон Фармони билан тасдиқланган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси”да Тадбиркорлик, Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги, Соғлиқни сақлаш тўғрисидаги, Экология, Ахборот кодексларнинг лойиҳаларини ҳамда Жиноят, Жиноят-процессуал, Жиноят-ижроия, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Фуқаролик, Меҳнат, Уй-жой кодексларининг янги таҳрири лойиҳаларини ишлаб чиқиш назарда тутилган.

— Тадбиркорлик фаолияти учун қонун ҳужжатларини оптималлаштириш қандай аҳамиятга эга?

— Юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ўтган тўрт йил давомида бир қатор ишлар амалга оширилди. Ушбу амалий ишларнинг бир қисми соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш бўлса, яна бир қисми эркинлаштириш билан боғлиқ. Бугунги кунда соҳадаги бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш ва қонун ҳужжатларини оптималлаштириш қаратилган амалий ишлар натижасида тадбиркорлик субъектларига бир қатор қулайликлар яратилди.

Хусусан, биргина мамлакатимиз Президентининг 2020 йил
24 августдаги “Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, 2021 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик соҳасига оид 70 та лицензия ва 35 та рухсатнома бекор қилинди, 14 турдаги лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштириш муддатлари қарийб 2 бараварга қисқартирилди, 115 та лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш тартиб-таомиллари янада соддалаштирилди.

2021 йил 1 январдан бошлаб лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари босқичма-босқич тўлиқ электрон тарзда “Лицензия” ахборот тизими орқали амалга оширилиши, лицензия соҳасидаги қонунбузилишлари ҳақида хабар берган шахслар ҳуқуқбузарлик ўз тасдиғини топганда ундирилган жариманинг 10 фоизи миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантириш, лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни тугатиш ва бекор қилиш фақат суд тартибида амалга оширилиши белгиланди.

Шу билан бирга, ушбу соҳада норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг сони қўплиги ва тарқоқлиги, тадбиркорликни амалга оширишда ҳуқуқни қўллаш жараёнларининг мураккаблиги, бюрократик тўсиқларнинг мавжудлиги, айрим фаолият турларига рухсат бериш тартиб-таомилларининг қийинлиги каби муаммоларнинг ҳалигача сақланиб қолаётганлиги тадбиркорлик фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари хатловдан ўтказилганда, 14 мингдан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлари мавжудлиги ва уларнинг кўп ҳамда тарқоқлиги тадбиркорлар фаолиятида   қийинчилик келтириб чиқараётганлиги аниқланди.

Шу каби муаммоларнинг олдини олиш, энг аввало, унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, қонун ҳужжатларини тизимлаштириш ва ягона, тўғридан-тўғри амал қилувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат яратиш борасида ҳам мамлакатимиз Президенти Парламентга мурожаатномасида тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ 5 мингга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қайта кўриб чиқиш, уларнинг сони қисқартириш ҳамда Тадбиркорлик кодекси ишлаб чиқиш лозимлигини айтиб ўтди.

Шунингдек, тадбиркорлик соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни оптималлаштириш юзасидан “Тартибга солиш гильотина” усулидан фойдаланган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини қийинлаштирувчи ва рақобатга салбий таъсир кўрсатувчи нормаларни қисқартириш  ижобий самарани беради.

Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектлари ва давлат ташкилотлари ўртасида турли тушумовчиликлар келиб чиқишини бартараф этиш мақсадида эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган нормаларни кенг кўламда қайта кўриб чиқиш  ва бекор қилиш тадбиркорлик соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар оптималлаштириш зарур.

Айтиш мумкинки, тадбиркорлик соҳасида “Тартибга солиш гильотинаси” усулини тўлақонли амалга ошириш, тадбиркорларга ғов бўлиб келаётган турли маъмурий чекловларни бартараф этиш, иқтисодиёт тармоқларида юқори самарадорликка эришиш ва бизнес юритиш муҳитини яхшилашга хизмат қилади.

— Сўнгги уч йилда фуқаролик жамияти институти ва сиёсий партияларнинг ролини ошириш соҳасида қандай ишлар амалга оширилди.

— Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида фуқаролик жамияти институтлари тобора муҳим ўрин тутмоқда. Бугунги кунда ушбу ташкилотлар, яъни фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, сиёсий партиялар, касаба уюшмалар, жамоатчилик ташкилотлари ҳамда фондлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ижтимоий шериклик асосида аҳолининг барча қатламлари манфаатларини ҳимоя қилишда давлат идораларига кўмакдош бўлиб, жамоатчилик назоратини муваффақиятли амалга оширмоқдалар.

Шу билан бирга, мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этишларидаги ролини оширишга ҳамда жамоатчилик назоратининг таъсирчан шаклларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳуқуқий база яратилди ва 200 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.

Жумладан, “Жамоат бирлашмалари тўғрисида”, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”, “Жамоат фондлари тўғрисида”, “Сиёсий партиялар тўғрисида”, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.

Масалан, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонуннинг мақсади давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш ҳамда амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Бундан ташқари, давлат ва жамият институтлари ўртасида самарали мулоқотни йўлга қўйиш, давлат органлари иши устидан назоратни кучайтириш, “халқ дипломатияси”ни ривожлантириш учун масъул бўлган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси ташкил этилди.

Қўшимча қилиб айтииш мумкинки, Президентимизнинг 2018 йил 4 майдаги “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони фуқаролик жамияти институти ва сиёсий партияларнинг ролини ошириш борасида амалий қадамларни кучайтиришга қаратилган.

Мазкур Фармон билан Ўзбекистонда фуқаролик жамияти, унинг ҳуқуқий ва институционал асосларини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар белгиланди.

 

Дилфуза Эргашева суҳбатлашди.

Hudud24.uz учун махсус тайёрланди.

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз