Оқ уй афғон аёллари ҳуқуқларини поймол қилаётган афғон элиталарига виза чекловлари киритади. Чекловлар бундай шахсларнинг қариндошларига ҳам қўлланилади. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен маълум қилди.
Маълум қилинишача, санкциялар “Толибон”нинг айрим амалдаги ва собиқ аъзоларига тааллуқлидир. Рўйхатга Афғонистон хавфсизлик кучлари вакиллари ва аёлларнинг университетларда ўқиши ва нотижорат ташкилотларда ишлашини тақиқлашни талаб қилган амалдорлар ҳам киритилган.
“Толибон барча афғонлар, жумладан, аёллар ва қизларнинг инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳурмат қилишни бошламагунча, жаҳон ҳамжамиятининг ҳурмати ва қўллаб-қувватлашига умид қила олмайди”, деган жаноб Блинкен.
“Толибон” Афғонистонда ҳокимият тепасига 2021 йил август ойида келган. Дастлаб “Толибон” шариат бўйича аёлларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилишга ваъда берли, бироқ вақт ўтиши билан уларни чеклай бошлади. 2022 йил охирида Толибон аёлларга ҳар қандай таълим олишни тақиқлади. Бундан ташқари, улар бир қанча соҳаларда аёлларнинг меҳнатини чеклашди. Масалан, уларга судья сифатида ишлаш тақиқланган.
“Толибон” ҳаракатидан норози афғон аёллари намойишларга чиқишди. “Толибон” норозилик ҳарактларини кўздан ёш оқизувчи газ ёрдамида тарқатиб юборди. The New York Times газетаси бундай ҳаракатларда қатнашган аёллар кейинчалик Толибон томонидан қандай репрессияга учрагани ҳақида ёзди.
2021 йилда Афғонистон Жаҳон Иқтисодий Форумининг гендер тенглиги бўйича мамлакатлар рейтинги The Global Gender Gap Index рейтингида охирги, 156-ўринни эгаллади.