Бош саҳифаЯнгиликларҲуқуқАлимент қачонгача ундирилади?

Алимент қачонгача ундирилади?

1. Алимент қандай тартибда ундирилади?

Вояга етмаган болага алимент тўлаш тартибини ота-она ўзаро келишган ҳолда белгилашга ҳақли. Ушбу мажбурият ихтиёрий равишда бажарилмаса, ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.

2. Алимент қачондан ундирила бошлайди?

Алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб ундирилади. Агар таъминот учун маблағ олиш чоралари судга мурожаат қилингунга қадар кўрилганлиги, аммо алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг уни тўлашдан бош тортганлиги оқибатида алимент олинмаганлиги суд томонидан аниқланса, ўтган давр учун алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб уч йиллик муддат доирасида ундириб олиниши мумкин.

3. Алимент қачонгача ундирилади?

Вояга етмаган болага алимент у вояга етгунга қадар тўланади, яъни 18 ёшга тўлгунча ёки у суд томонидан эмансипция деб эълон қилингунча. Вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларга ҳам алимент ундирилиши мумкин.

4. Алимент қанча миқдорда ундирилади?

Алимент суд томонидан белгиланганда ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг

бир бола учун — тўртдан бир қисми;,
икки бола учун — учдан бир қисми;
уч ва ундан ортиқ бола учун — ярми миқдорида ундирилади.

Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.

Агар алимент тўловчи ишламаса алимент ўртача ойлик иш ҳақи миқдори бўйича ҳисоблаб чиқилади.

Алимент Ўзбекистонда ва унинг ташқарисида пул ёки натура тарзида олинган барча турдаги даромадлардан ушлаб қолинади. Чет эл валютасида олинадиган даромадлар алимент ундириладиган кунда амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг расмий курси бўйича сўмларда ҳисобланади.

Алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш жойидаги иш берувчи ёки пенсия, нафақа, стипендия олаётган жойидаги ташкилот маъмурияти алимент тўлаши шарт бўлган шахсга иш ҳақи тўланган ва (ёки) бошқа даромадлар олинган кундан бошлаб, уч кундан кечиктирмай алимент олувчи шахсга ўтказиши шарт.

Алимент қарзи алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромад етарли бўлмаганда, банклар ва бошқа кредит ташкилотларидаги ҳисобварақларида турган пул маблағидан, ҳамда қонун бўйича ундириш қаратилиши мумкин бўлган ҳар қандай мол-мулкига қаратилади.

5. Бола касал бўлганда ва бошқа ҳолатларда қўшимча моддий таъминот олинадими?

Боланинг оғир шикастланиши, касал бўлиши ва бошқалар туфайли келиб чиққан, боланинг таъминоти учун зарур бўлган қўшимча харажатларда ота-она иштирок этиши шарт.

6. Алиментни биратўла олдиндан тўлаш мумкинми?

Ҳа. Вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар бола вояга етгунига қадар бўлган давр учун, шу жумладан кўчмас ёки кўчар мулк ёхуд бошқа қимматли ашёни бериш йўли билан олдиндан тўланиши мумкин.

7. Алимент миқдорини камайтириш ёки алимент тўлашдан озод этиш мумкинми?

Ҳа, мумкин. Алимент тўловчининг бошқа вояга етмаган болалари бўлиб, ундан алимент ундирилганда ўша болалар алимент олаётган болаларга нисбатан камроқ таъминланиб қоладиган бўлса, шунингдек, қонунчиликда белгиланган бошқа бир қатор ҳолларда алимент миқдори суд томонидан камайтирилиши мумкин.
Агар вояга етмаган бола давлат ёки нодавлат муассасаларининг тўлиқ таъминотида бўлса, суд тўланаётган алимент миқдорини камайтириш ёки уни алимент тўлашдан озод қилиши мумкин.

Эслаб қолинг, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота ёки она алимент тўлаш мажбуриятидан озод қилинмайди.

 

@advokat24

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз