Юртимиз жаҳон тамаддунига жуда кўп машҳур ва ёрқин шахсларни тақдим этган. Шундай шаҳслардан бири давлатчилик ва дипломатия, ҳарбий маҳорат, бунёдкорлик салоҳияти, илму фан, санъат ва меъморчиликка оид қарашлари ва амаллари билан дунёга машҳур саркарда, буюк давлат асосчиси Амир Темурдир.
Унинг шахсни ўрганиш, у хақида хотиралар ва мемуарлар ёзиш ҳар қайси замон ижодкорларда доимий қизиқиш ўйғотиб келган.
Тан олиш керак, улуғ аждодимизнинг тарихи, фаолияти, башарият ривожига ҳиссасини бугунги кунда хорижда- АҚШ, Германия, Франция, Буюк Британия, Ҳиндистон, Туркия, Эрон, Покистон ва бошқа мамлакатларда бизнинг ўзимиздан кўпроқ билишади. Тасодифми, қонунийми – бироқ, “Темур тузуклари ватанимиз заминида яратилган кўпгина асарлар сингари ушбу мамлакатларда шуҳрат топган.
Темурнинг “Темур тузуклари” ҳар замонда, ҳар маконда кўп қизиқишларга сабаб бўлиб, алоҳида нусха кўчирилиб, шахсий кутубхоналардан жой олинган, ижтимоий-сиёсий фаолиятда ундан муҳим йўл-йўриқ сифатида фойдаланилган. У қўпроқ соҳиби тожларга керак бўлган.
Яқиндан бери китоб дўконларида француз ёзувчиси Марсель Брионнинг “Менким, Соҳибқирон – жаҳонгир Темур” деб номланган китобига кўзим тушиб қолди. Китоб муаллифи чет эл ёзувчиси бўлганлиги ва бу китоб буюк шахс, соҳибкирон хақида эканлиги бу ажойиб асар билан яқиндан танишишга сабаб бўлди.
Мазкур асарни ўқир экансиз, асар муаллифи Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига катта қизиқиш билан қараганига амин бўласиз. Муаллиф дастлаб Амир Темурга бағишлаган “Темирлан” очеркини 1942 йилда чоп этди. Сўнг унинг тўлдирилган қисмини 1963 йилда нашр этди.
Марсель Брион асарни ёзиш жараёнида Амир Темурнинг “Темур тузуклари”дан, Ибн Арабшоҳ, испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг мемуарларидан кенг фойдаланиб, асарнинг бадиий безагини хақиқат билан уйғунлаштиришган ҳаракат қилган ва бу билан асарнинг тарихий аҳамиятини кенгайтирган.
Марсель Брионнинг Темур шахси ва темурийлар даврига қизиқишини уйғонишига сабаб бўлган омил, таҳмин қилинишича 1941 йилда Самарқандда шаҳрида антрополог олим Герасимов иштирокида Амир Темур ва темурий шаҳзодаларнинг бир нечасини қабрини очилиши, олиб борилган тадқиқот ишлари ва унинг атрофидаги шов-шувлар сабаб бўлган деб таъкидлашади.
Муаллиф немис тили, инглиз тили ва араб тилини яхши билганлиги унга Ғарбий Европа ва Америкада сақланган кўплаб қулёзмаларни ўрганиш имконини берган.
Мазкур китобни ўқиб, варақлар экансиз, асар бадиий жиҳатдан ўқувчини тушуниши учун нисбатан енгил ёзилганлиги, енгил ўқилишини ҳис қиласиз.
Шу сабабли мен мазкур асарни ўқишни тингловчиларга тавсия қилар эдим, чунки асардан китобхон учун акс эттирилган воқеаликлар Соҳибқирон борасидаги билимларни бойитишга, унинг инсоний фазилатларини ўрганишга ёрдам беради.
Асарда воқеалик Амир Темур номидан ёзилган бўлиб, у кўп ҳолатларда ўқувчига мурожаат этиб, ўзининг насиҳатлари билан ўқувчини бахраманд қилади.
Амир Темирга Марсель Брион одилона баҳо беради, Соҳибқироннинг ташқи ва ички сиёсатини юксак бахолайди:
“Темурдан олдин ўтган бирорта ҳам мўғил ёки турк фотиҳи у каби доно ва маданиятли бўлган эмас. Атилла ва Александр Македонскийда алоҳида-алоҳида мавжуд бўлган хислатлар Темур шаҳсида ғалати бир ўйғунлик ҳосил қилганини кўриб хайратга тушади киши” деб ёзади.
Амир Темурни моҳир стратег, омадли саркарда деб таърифлайди ва унинг эътиқоди, салтанатида динларнинг ўрни, ҳолати ҳусусида қўйидагиларни ёзади: “Салтанатда диний ҳуқуқ ҳукмрон бўлсада, Амир Темур шу қадар доно иш юритар эдики, ўзини исломнинг содиқ бандаси эканлигини қўрсатар ва шу билан бирга, Оллоҳдан ўзга тангриларга эътиқод қўйган фуқароларга қаршилик кўрсатмас эди.”
Дарҳақиқат бунинг исботини унинг ўзга мамлакатларга кириб борганида, бошқа дин вакилларига нисбатан адолатсиз бўлмаганлигини, диннинг мажбуран сингдирмаганлигини кўриш мумкин.
Темур олимлар, уламолар, шоирлар ва санъаткорларни ўз ҳимосига олар, уларга ғамхўрлик қилар эди. Унинг бу харакатлари маълум бир мақсадга йўналтирилган бўлиб, унга илм ва санъат аҳли посбони, юксак даражада маданиятли ҳукмдор деган шуҳрат келтирди.
Маълумки, Соҳибқирон деган нисбат тарихда фақатгина Александр Македонский, яъни Искандар Зулқарнайнга ва Амир Темурга берилган.
Мазкур асар Соҳибқирон хақида билимларимизни бойитишга, Амир Темурга хос бўлган кўплаб сифатлар билан танишишга имкон беради.
Мен бу асарни ўқиб, Амир Темурнинг ички дунёси нақадар гўзал, фаолияти қанчалик ибратли эканига яна бир карра амин бўлдим. Шу билан бирга шуни таъкидламоқчи эдимки, бу асар илмий асар эмас, балки бадиий асардир ва у табийки бадиий бўёққа эга.
Лекин шу билан бирга асар етарли даражада илмий манбаларга, Темур замондошларининг тарихий кулёзмалари, унинг ўзининг Тузукларига асосланиб, унинг шахси кенг ёритилиб берилганлигини таъкидлаб ўтмоқчи эдим.
Мен уни саркарда ва Соҳибқирон сифатидаги шахсини ўрганар эканман, мени ўзига жалб этган айрим ходисалар билан ўртоқлашишни лозим топдим.
Хусусан, Амир Темур ёшлигидан Куръонни ёддан билиши билан бирга уни шарҳлай оладиган ва унинг қонун қоидаларига қатъий амал қиладиган шахс сифатида намоён бўлади ва асар давомида биз Темурнинг бевосида насиҳатларига дуч келамиз ва бу насиҳатлар аслида Темур тузукларида ўз аксини топган.
“Азиз фарзандларим! Сўзларимни яхшилаб қулоғингизга қўйиб олинг, мендан сўнг мамлакатни бошкариш сизнинг зиммангизга тушади, шунинг учун мен ўрнатган тартиб – қоидаларга амал қилинг, унинг бошқалар томонидан ҳам бажарилишини қатъий назорат қилиб боринг”.
Эҳтиёт бўлинг, шароб, май ва бошқа кайф берувчи нарсалардан сақланинг! Агар унга ружу кўйсангиз, билингки, мулкингиз барбод бўлади, хокимиятингиз кўлайди”
”Менинг қаттиққўллигим, бағритошлигим, энг аввало ҳалқимнинг тинчлиги, салтанатимнинг равнақи учундир. Душманларимга аёвсизлигим рост! Ўғирлик, талончилик, зўравонлик илдизларига қаттиққўллик билан болта урилмаса, мулойиммижозлик билан натижага эришиб бўлмайди. Бунинг исботи учун менинг салтанатимда ўрнатилган тартиб-қоидаларда кўр.”…
…назаримда бу сўзлар хам хозирда замонимиз учун хам хос ва мос, ўзининг актуаллигини йўқотмагандей.
Ҳулоса ўрнида Темур сўзи билан айтиш жойизки, ҳақиқий лашкарбоши, бизнинг замонимизда эса раҳбар, ёки оддий ишчи бўлсин хеч қачон ўрганишдан, янгиликларни ўзлаштиришдан тўхтамаслиги лозим.
Зеро инсон учун бирор вақт йўкки унинг нарса ёки тажрибани ўзлаштириш зарурияти бўлмаса.
Наргиза Шарипова,
жиноят ишлари бўйича Наманган туман суди судьяси