Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан сўнгги йилларда судларда ҳар бир иш бўйича қонуний ва асосли қарор қабул қилиш, шу орқали адолатни юзага чиқаришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Натижада муқаддам ноҳақ судланган шахслар оқланиб, уларнинг бузилган ҳуқуқи тикланмоқда. Қолаверса, ўша шахснинг, оиласининг элу юрт, қўни-қўшни ва қариндош-уруғлар олдида юзи ёруғ бўлмоқда.
Модомики гап оқловлар хусусида борар экан, бунда Навоий вилоят судининг 2021 йил 23 апрелдаги фуқаролар Азизбек Қодиров, Дилмурод Ҳасанов, Умид Мансуров ва Обиджон Пардаевларга нисбатан чиқарган ажримини тилга олмаслик мумкин эмас. Негаки мазкур ажрим билан уларнинг 3 нафари оқланди, бир нафари эса жазодан озод қилинди.
Аниқланишича, О.Пардаев “Навоий кон-металлургия комбинати” Давлат корхонаси Марказий кон бошқармасининг Марказий нефть маҳсулотлари базасига қарашли 4817-сонли нефть омборида мудир лавозимида, А.Қодиров, Д.Ҳасанов ва У.Мансуровлар эса оператор вазифасида ишлаб келишган. Шу боис уларга тегишли жиноят иши айнан мазкур ташкилот билан боғлиқ. Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг 2017 йил 28 октябрдаги ҳукми билан А.Қодиров, Д.Ҳасанов, У.Мансуров ва О.Пардаевлардан ташқари А.Эргашев, Ф.Самиев, Ш.Аҳмадов, Ж.Эргашев, М.Мирзаев, Х.Раҳимов, С.Усмонов, С.Раҳимов, Б.Ҳакимов, Ф.Абдуллаев, У.Холов, Н.Краснов, Б.Сайидов ҳамда Х.Қаландаровлар ҳам судланган.
Суд ҳукмига кўра, Азизбек Қодиров, Дилмурод Ҳасанов ва Умид Мансуровлар Марказий нефть маҳсулотлари базаси раҳбари З.Игамов, “Мурунтау” майдони участкаси юклаш-тушириш участка бошлиғи Ф.Самиев, 4817-сонли омборхона мудири Ш.Аҳмадов ҳамда операторлар М.Мирзаев ва Ж.Эргашевлар билан жиноий тил бириктиришган. Яъни 2015 йил 14 июлдан 2016 йил 29 сентябрга қадар бўлган вақт оралиғида нархи 353.323.964 сўмлик 86.471 килограмм миқдордаги дизель ёқилғисини ҳужжатларни қалбакилаштириш, ҳужжатларга сохта ёзувлар киритиш орқали ва бошқа усуллар билан талон-торож қилишган. Шунингдек, А.Қодиров ва Д.Ҳасанов эски ҳамтовоқларининг “беминнат ёрдами” билан 2016 йил 17 июндан 2016 йил 22 июнгача – 5 кун мобайнида баҳоси 12.347.006 сўмлик 3471 килограмм миқдордаги бензин ёқилғисини аввалгидек ноқонуний йўллар билан ўзлаштиришган. Бу ҳам етмагандек, улар 2016 йил 29 июндан 2016 йил 2 июлга қадар 1919 килограмм нархи 6.060.969 сўмлик бензин маҳсулотини талон-торож қилишган. Юқоридаги ҳаракатлари билан Марказий кон бошқармаси манфаатларига жуда кўп миқдорда моддий зарар етказишган.
Яна бир судланувчи Обиджон Пардаев эса 2017 йил 3 январдан 2017 йил 26 январгача бўлган вақт мобайнида ўзининг моддий жавобгарлигида бўлган “М14Г2к” русумли мотор мойидан 2501 килограмм 10.861.842 сўмлик камомадга йўл қўйган. Қолаверса, Марказий нефть маҳсулотлари базасининг юклаш-тушириш ишлари участкаси бошлиғи Ф.Самиев, участка чилангарлари А.Эргашов, Х.Раҳимов, тозаловчи ишчи Х.Нематов, электр таъмирловчи С.Усмоновлар билан мулкни қасддан нобуд қилиш мақсадида жиноий тил бириктириб, турли резервуарлардаги мотор мойи билан саноат мойини бир-бирига қўшиб, 30.006 килограмм нархи 130.333.000 сўмлик “М14Г2к” русумли мотор мойини фойдаланиб бўлмайдиган ҳолатга келтириб қўйган. Корхонанинг Марказий кон бошқармаси мазкур ҳолатдан ҳам жуда кўп миқдорда моддий зарар кўрган.
Шундан сўнг қаҳрамонларимизга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган. Суд эса Азизбек Қодиров, Дилмурод Ҳасанов ва Умид Мансуровларни Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди, 28,209-моддаси 2-қисми “а” бандлари, Обиджон Пардаевни бўлса кодекснинг 167-моддаси 1-қисми, 173-моддаси 2-қисми “в” банди билан айбдор деб топиб, уларни турли муддатларга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, ахлоқ тузатиш ишлари жазосига маҳкум этган. Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди апелляция инстанциясининг 2018 йил 14 мартдаги ажрими билан суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган. Аммо….
Аммо ўзларини айбсиз деб билган А.Қодиров, Д.Ҳасанов, У.Мансуров ва О.Пардаевлар орадан 2 йил ўтгач – 2020 йилда тегишли далилларни тақдим қилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий судига мурожаат этишади. Негаки Юртбошимизнинг муқаддам ноҳақ судланган шахсларнинг бирин-кетин оқланаётгани ва ана шундай эзгу ишлар бундан кейин ҳам бардавом бўлиши ҳақидаги фикрлари уларнинг кўнглида умид учқунларини пайдо қилади-да. Натижада Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2020 йил 19 октябрдаги ажримига мувофиқ, жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди апелляция инстанциясининг 2018 йил 14 мартдаги ажримининг О.Пардаев, А.Қодиров, Д.Ҳасанов ва У.Мансуровларга оид қисми бекор қилиниб, жиноят иши янгидан апелляция инстанция судида кўриш учун юборилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, жиноят ишини янгидан кўриш жараёнида уларнинг айбсизлиги аён бўлади. Жумладан, биринчи инстанция суди ишни кўришда Жиноят процессуал кодексининг 22, 23, 112, 463 ва 467-моддаларида назарда тутилган ҳақиқатни аниқлаш, айбсизлик презумпцияси принципларига ҳамда айблов ҳукми чиқариш асосларига риоя қилмаган. Ҳукмда суднинг ҳар бир судланувчига нисбатан хулосаларига асос бўлган далиллар ва суднинг бошқа далилларни рад этиш сабаблари ёритилмаган, айбланувчиларнинг кўрсатувлари баҳоланмаган. Бу билан суд Олий Суд Пленумининг 2014 йил 23 майдаги “Суд ҳукми тўғрисидаги”ги ҳамда 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят ишларини апелляция тартитбида кўриш амалиёти тўғрисида”ги қарорлари талабларига риоя қилмаган. Айтайлик, операторлар У.Мансуров, А.Қодиров, Д.Ҳасанов ва бошқалар ихтиёрида бўлган нархи 353.323.964 сўмлик 86,471 килограмм миқдордаги дизель ёқилғиси, баҳоси 12.347.006 сўмлик 3.471 килограмм ва 6.060.969 сўмлик 1919 килограмм автобензин ёқилғисини ўзлаштириш ёки талон-торож қилиш ҳамда ҳужжатларни қалбакилаштириш айблови гувоҳларнинг ёки судланувчиларнинг кўрсатувлари, тафтиш далолатномалари, бухгалтерия ҳужжатлари асосида ёки бошқа мақбул далиллар билан исботлангани асослантирилмаган.
Худди шундай ҳолатни О.Пардаевнинг 2017 йил 3 январдан 26 январь кунига қадар бўлган вақт оралиғида жавобгарлигида бўлган 10.861.842 сўмлик 2.501 “М14А2к” русумли мотор мойини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш эпизодида ҳам кўриш мумкин.
Бундан ташқари, судланувчилар У.Мансуров, А.Қодиров, Д.Ҳасанов ва бошқалар ихтиёридаги дизель ва керосин ёнилғиси ҳар ой махсус комиссия томонидан инвентаризация қилингани ҳолда бирор маротаба ҳам камомад аниқланмаган. Бироқ текширишда инвентаризация ҳужжатлари инобатга олинмаган. Фақатгина уларга кирим-чиқимлар миқдори акс эттирилган китоблардаги рақамлар орасида тафовут борлиги сабабли жиноят иши қўзғатилган. Лекин мазкур тафовут айнан камомад эканлиги ва у ўзлаштириш ёки растрата оқибатида вужудга келганлиги исботлаб берилмаган.
Шу билан бирга, судланувчи О.Пардаевнинг 4817-сонли омбордаги дизель ёқилғиси, керосин ва мой маҳсулотлари ўлчовдан ўтказилганда 9-сонли резервуарда сақланаётган “И50” маркали мойдан 26.569 килограмм ортиқча, 25-сонли резервуарда сақланаётган “М14Г2К” маркали саноат мойидан 29.070 килограмм камомад борлиги аниқлангани, у камомадга йўл қўймагани, шунчаки мойлар бир бирига қўшилиб кетганлиги ҳақидаги важларига қонуний баҳо берилмаган. Гарчи жиноят ишида 2016 йил 14 июлдан 2016 йил 29 сентябрь кунигача бўлган даврдаги ойма-ой амалга оширилган инвентаризация далолатномалари, нефть маҳсулотлари базаси моддий жавобгар шахсларининг марказий ҳисобхонага топширган ҳисоботлари мавжуд бўлса-да, аммо иш бўйича ҳужжатли тафтиш ёки суд-бухгалтерия экспертизаси ўтказилмаган. Қолаверса, судланувчиларни 12.347.006 сўмлик 3.471 килограмм ва 6.060.969 сўмлик 1.919 килограмм автобензин ёқилғисини ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилганлик юзасидан айблаш Марказий кон бошқармасига қарашли қўриқлаш бўлимининг қайд этиш дафтарида мавжуд маълумотларга асосланган бўлиб, текширишда бухгалтерия ҳужжатлари ва ўша давр учун ўтказилган инвентаризация актлари инобатга олинмаган. Ваҳоланки, суд ишда мавжуд бўлган камчилик, ноаниқлик ва қарама-қаршиликлар бартараф этиши, камомад мавжудми-йўқми, агар мавжуд бўлса, унинг келиб чиқиш сабаблари, талон-торожлик кимнинг фойдасига ва қай йўсинда содир этилганини мутахассисларни сўроқ қилиш, лозим бўлса, қайта тафтиш ёки экспертиза тайинлаш йўли билан текшириб кўриши, шундан сўнггина иш бўйича қонуний тўхтамга келиниши лозим эди. Бироқ жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар суди бу қонуний талабларни бажармаган. Бундай ҳолатда ўз-ўзидан суд ҳукмини қонуний ва адолатли деб бўлмайди.
Ана шу асосларга таянган Навоий вилоят суди жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг 2017 йил 28 октябрдаги ҳукмининг Азизбек Қодиров, Дилмурод Ҳасанов ва Умид Мансуровларга оид қисмини бекор қилди. Яъни А.Қодиров, Д.Ҳасанов ва У.Мансуровларни айбсиз деб топиб, оқлади. Суд ҳукмининг Обиджон Пардаевга оид қисми эса ўзгартирилди. Аниқроғи, О.Пардаевнинг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 167-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли, у мазкур модда бўйича айбсиз деб топилиб, оқланди. Унга нисбатан айблов эълон қилинган кодекснинг 173-моддаси 2-қисми “в” банди шу модданинг 1-қисмига қайта малакаланди. Пировардида Обиджон Пардаев мазкур модда билан айбли деб топилди.
Жиноят кодексининг 64-моддасида жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиш назарда тутилган бўлиб, агар ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этилган кундан бошлаб икки йил ўтган бўлса, шахс жавобгарликдан озод қилинади. Шунга кўра, О.Пардаев Жиноят кодексининг 173-моддаси 1-қисми билан жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетганлиги туфайли жазодан озод қилинди.
Бир сўз билан айтганда, мазкур апелляция ажримини адолатнинг чинакам тантанаси сифатида баҳолаш мумкин. Зеро, адолатни рўёбга чиқариш бугун том маънода адолат қўрғонига айланиб бораётган судлар зиммасидаги энг асосий масъулиятдир.
Абдуманнон ШАЙДОЕВ,
Навоий вилоят суди раисининг ўринбосари
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист