Мавжуда Мамажонова 2020 йилдан буён Асака туманидаги 24-умумий ўрта таълим мактабида кадрлар бўйича менежер лавозимида фаолият юритиб келади. Бироқ жорий йилнинг август ойида мактаб маъмурияти билан вужудга келган келишмовчилик оқибатида директор томонидан ҳеч қандай асоссиз ишдан бўшатилади.
Ўтказилган ҳуқуқий тарғиботлар натижасида фуқаро М.Мамажонова Асака тумани адлия бўлимига келиб, иш берувчи томонидан меҳнат шартномасини ассосиз равишда бекор қилинганлигини билдириб, ушбу масалада амалий ёрдам сўраб мурожаат қилади.
Ўрганиш давомида мактаб директори у билан тузилган меҳнат шартномасини Меҳнат кодексининг 105 (Муддатли меҳнат шартномасини муддати тугаши муносабати билан бекор қилиш) ва 234-моддаси (Бола икки ва уч ёшга тўлгунга қадар парваришлаш учун бериладиган таътиллар)нинг 5 қисмига асосан бекор қилганлиги аниқланган. Ваҳоланки, М. Мамажонова билан меҳнат шартномаси номуайян муддатга тузилган бўлган.
Бундан ташқари, М.Мамажоновани ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқ лойиҳаси хулоса олиш учун туман адлия бўлимининг юридик хизмат кўрсатиш марказига «Э-ҳуқуқшунос» электрон тизими орқали юборилмаган. Натижада марказнинг хулосасиз буйруқ қабул қилинган.
Қонунчиликка кўра эса юридик хизмат кўрсатилиши белгиланган ташкилотлар томонидан Марказлар билан келишилмаган ҳолда юридик тусдаги ҳужжатлар қабул қилинишига йўл қўйилмаслиги, бундай ҳужжатлар юридик кучга эга эмаслиги ҳамда улар қабул қилинган пайтдан эътиборан ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқармаслиги белгилаб қўйилган.
Бундан кўриниб турибдики, мактаб директори томонидан бир қатор қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилган.
Ушбу қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйча мактаб маъмуриятига бажарилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритилган. Аммо мактаб директори томонидан мазкур тақдимнома ижроси таъминланмаган.
Бу эса мактаби директори Х.С.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1984-моддаси (Адлия органларининг бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномаларини бажармаслик) билан маъмурий баённома тузилиб иш ҳужжатлари жиноят ишлари бўйича Асака туман судига юборилган. Натижада мазкур суд томонидан директори Х.С. юқоридаги моддага асосан айбдор деб топилиб, унга нисбатан БҲМнинг икки баробари миқдорида жарима жазоси тайинланган.
Шунингдек, ушбу мансабдар шахснинг ҳаракатларида МЖтКнинг 49-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжудлиги сабабли жазо тайинлаш бўйича Асака тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига таклиф киритилди. Натижада Марказ томонидан Х.С.га нисбатан БҲМнинг 5 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Фуқаро М.Мамажонова эса ўз ишига тикланди. Айни пайтда у ўз фаолиятини тегишли тартибда давом эттирмоқда. Директор эса бундан кейин қонунга итоаткорлик руҳида ишламаса янада қаттиқроқ жазога тортилиши аниқ.
Илҳомжон Аҳмедов,
Асака тумани адлия бўлими бошлиғи.