Автомобил эгаларининг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурта қилинган бўлса, табиат ҳодисаси, масалан, дарахтларнинг қулаши натижасида машинага зарар етказилган ҳолатларда суғурта пули тўлаб бериладими?
Автосуғурта барча ҳайдовчилар учун мажбурий. Бунда қайси суғурта компаниясидан суғурта полисини харид қилиш танлови транспорт воситаси эгасининг танлови ҳисобланади.
Шуни эътиборга олиш керакки, мажбурий автосуғуртада ҳайдовчининг автомобилни бошқариш вақтида бошқа кишининг соғлиғи ёки мол-мулкига зарар етказиши оқибатида зарар ўрнини тўлаб бериши мажбурияти суғурталанади. Ўзи бошқарувидаги автомобил бундан мустасно. Яъни ушбу зарарнинг ўрни ёки унинг маълум қисми «айбдор» ҳайдовчи томонидан эмас, балки суғурта компанияси томонидан тўлаб берилиши кафолатланади.
Масалан, ҳайдовчи тасодифан йўл четидаги велосипед йўловчисини уриб юборди. Натижада йўловчининг соғлигига ва унинг мол-мулки ҳисобланаган велосипедга зарар етди. Шундай вазиятда суғурта компанияси ҳайдовчининг зарарни қоплаб бериш мажбуриятини ўз зиммасига олади.
Табиат ҳодисаси ёки дарахт, девор кабиларнинг қулаши натижасида автомобилга етказилган зарар учун мажбурий автосуғурта тури бўйича ҳеч қандай зарар қоплаб берилмайди. Чунки, бундай ҳолатда автомобил эгаси кимгадир зарар етказмаган.
Саволга ТДЮУ талабаси Аваз Сотволдиев жавоб берди.