Бугун АОКАда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда “Аёллар дафтари” билан боғлиқ масалаларга изоҳ берилди:
“Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2021 йил 8 январдаги 2-сонли қарорида мазкур масалалар бўйича аниқ тавсифлар келтирилган.
Унга кўра, “Аёллар дафтари”га 30 ёшдан ошган қуйидаги тоифадаги хотин-қизлар киритилади:
Биринчиси, ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлар. Бу тоифага ишсиз, аммо ишлаш истагида бўлган, даромад манбаига эга бўлмаган, шу жумладан, меҳнат қилиш қобилиятини қисман йўқотган, бироқ ишлаш иштиёқи бўлган хотин-қизлар киради.
Иккинчиси, боқувчисини йўқотган, яъни боқувчиси бўлмаган, қўшимча моддий ёрдамга муҳтож бўлган эҳтиёжманд хотин-қизлар;
Учинчиси, меҳнатга қобилиятсиз, ўзгалар парваришига муҳтож, ижтимоий ёрдамга муҳтож ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизлар;
Тўртинчиси, уй-жойини таъмирлашга муҳтож I гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизлар. Бу тоифага меҳнат қилиш қобилиятини бутунлай йўқотган, ёлғиз яшовчи, уй-жойини таъмирлаш имконияти бўлмаган хотин-қизлар киради;
Бешинчиси, нотурар жойларда истиқомат қилаётган, ўзининг ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жой мавжуд бўлмаган хотин-қизлар;
Олтинчиси, қарамоғида бир ва ундан ортиқ I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган болалари мавжуд ёлғиз аёллар;
Еттинчиси, тиббий ҳимояга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар;
Саккизинчиси, ҳуқуқий ёрдам олишга муҳтож хотин-қизлар;
Тўққизинчиси, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган, ижтимоий муаммолари мавжуд ҳамда психологик маслаҳатга муҳтож хотин-қизлар.
“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни бу дафтардан чиқариш учун уларнинг қуйидаги мавжуд муаммолари бартараф этилган ва ўрнатилган тартибда ёрдам кўрсатилган бўлиши лозим:
-
- бандлиги таъминланган ёки доимий даромад манбаига эга бўлган;
- бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш орқали муаммоси ҳал этилган;
- турар жой ижара компенсацияси белгиланган тартибда тўлаб берилган;
- малакали тиббий хизмат кўрсатилган;
- тўлиқ давлат таъминотига олинган;
- аниқланган бошқа муаммолари қонуний ҳал этилган хотин-қизлар.
Шу билан бирга, рўйхатдаги хотин-қизлар қуйидаги ҳолатларда ҳам “Аёллар дафтари”дан чиқарилади:
-
- “Аёллар дафтари”дан чиқиш учун ариза билан мурожаат қилганда;
- “Аёллар дафтари”га ноқонуний киритиш ҳолати аниқланганда;
- бошқа давлатларга доимий яшаш учун чиқиб кетганда;
- суднинг озодликдан маҳрум этишни назарда тутувчи ҳукми қонуний кучга кирганда;
- хизматлар кўрсатиш бўйича иш олиб бориш имконини бермайдиган бошқа ҳолатлар юзага келганда;
- шахс вафот этган тақдирда;
- “Аёллар дафтари”га икки ва ундан ортиқ масалаларини ҳал этиш учун киритилган хотин-қизларнинг барча масалалари тўлиқ ҳал этилганда.
Хотин-қизларни “Аёллар дафтари”дан чиқариш, унга ўзгартиришлар киритиш Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашининг қарори асосида амалга оширилади.
“Аёллар дафтари”дан чиқарилган хотин-қизлар туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари томонидан 5 кун ичида бу ҳақда ёзма равишда хабардор қилинади”.