Бош саҳифаЯнгиликларҲуқуқАёллар нега жиноятга қўл урадилар?

Аёллар нега жиноятга қўл урадилар?

Ҳозирги кунда аёллар жиноятчилиги ҳақида маълумотлар деярли йўқ ҳисоб. Дастлаб, жиноятчи аёллар XIX асрнинг иккинчи ярмида Ламбер Адольф Жак Кетле ва Чезаре Ломброзо томонидан ўрганиб чиқилган. Аммо, шундан кейин бундай тадқиқотлар олиб борилган эмас, бироқ мустақиллик йилларида аёллар жиноятчилигининг криминологик тавсифи, уларнинг олдини олиш масалалари ўзбекистонлик олимлар З.С.Зарипов, Қ.Р.Абдурасулова, И.Исмоилов, Й.М.Каракетов, М.Усмоналиев томонидан ўрганиб чиқилди.

Аммо бу билан аёллар томонидан содир этиладиган жиноятлар ҳамон учраб турибди. Шу ўринда табиий бир савол туғилади. Аёлларнинг жиноятга қўл уриш сабаблари нимада? Қандай муносабатларга кўра улар шундай нопок ҳаракатларни содир этадилар? Бу борада қисқача тўхталиб ўтамиз.

Маълумки, аёллар эркакларга нисбатан жисмонан ва руҳан заифдирлар. Шунингдек, аёллар эркакларга қараганда ҳаётда содир бўладиган ўзгаришларга тез ва осон кўникади, қийин вазиятлардан осон чиқиб кета олади. Шу билан бирга, аёллар томонидан содир этилган жиноят эркаклар томонидан содир этилган жиноятлардан фарқланади. Академик Кудрявцевнинг фикрига кўра, аёллар томонидан содир қилинадиган жиноятлар эркаклар томонидан содир қилинадиган жиноятлардан қуйидагилар билан фарқланади: жиноий характери, содир қилиш усуллари. воситалари, жиноят оқибати, жабрланувчининг танлаб олиниши. Буларга қўшимча қилиб шуни айтишим керакки, аёлларнинг жинояти эркакларникига қараганда, кучли ҳаяжонланиш ва эҳтиётсизлик орқасида содир этилади.

Аёлларга қадим замонлардаёқ оилани тебратиш ва рўзғор юритиш вазифалари юкланган, эркаклар эса овчилик ёки балиқчилик билан шуғулланган. Ижтимоий вазифаларнинг бундай тақсимланишига жисмоний тенгсизлик сабаб бўлган деб фараз қилиш мумкин, бироқ, маълумки, жисмоний куч жиҳатидан эркаклардан қолишмаган амазонкалар ҳам мавжуд бўлган. Шу боис, эҳтимол тутилган жисмоний тенгсизликдан ташқари, жинсларнинг маънавий-руҳий фарқлари ҳам эркаклар ва аёллар вазифаларининг ажратилишига сабаб бўлган бўлса керак. Аёл она бўлиш учун яратилади, тегишли равишда унда бунёдкорлик хусусиятлари устунлик қилади, эркак эса, овчи ёки балиқчи сифатида, кўпроқ агрессив хусусиятлари билан ажралиб туради. Бу аёллар агрессиядан бутунлай холи, эркаклар эса бунёдкорликка қодир эмас, деган маънони англатмайди. Амалиётда ўзининг янги туғилган чақалоқларини тап тортмасдан ўлдирадиган оналар ҳам, нафақат ўз зурёдини, балки асраб олинган болаларни ҳам тарбиялаб вояга етказадиган оталар ҳам учрайди.

Бундан ташқари, аёллар томонидан содир қилинадиган жиноятлар жиноят мотиви билан ҳам фарқланади. Улар биринчи. навбатда рашк, ўч олиш, хасадгўйлик, жабрланувчидан қутулишга ҳаракат қилишларида номоён бўлади. Аёллар томонидан содир қилинадиган кўпгина жиноятлар жабрланувчининг ғайриқонуний хатти-ҳаракати оқибатида келиб чиқади.

Эркаклар билан аёллар ўртасидаги жиноятчиликдаги муҳим фарқ кўпроқ зўрлик ишлатиб содир қилинадиган жиноятларда (одам ўлдириш, талончилик, босқинчилик қилиш, қурол ишлатиб ашаддий безорилик қилиш) яққол кўринади. Бундай ҳолатда ҳам аёллар томонидан содир қилинадиган жиноятларни биологиялаштиришга, яъни аёллар жисмонан эркакларга нисбатан заиф бўлганлиги учун кам жиноят содир этадилар, -деб асослашга уринадилар. Аммо бундай ёндашув бир томонламадир. Аёллар эркакларга нисбатан жисмоний куч жиҳатдан орқада бўлса-да, уларнинг зўрлик ишлатиб содир қилинадиган жиноятлардаги унча кўп бўлмаган ҳиссасини анъанавий урф-одатлар асосидаги тарбия билан боғлаб тушунтириш керак. Бундан ташқари, аёлларда ҳиссий ҳолат, таъсирчанлик маълум бир физиологик ҳолатда кучли бўлади. Бундай ҳолат қонунчиликда ҳам эътиборга олинади.

Аёллар томонидан жуда кўп жиноятлар, жумладан ўғрилик, безорилик, одам ўлдириш, ўз чақалоғини ўлдириш, фирибгарлик, қўшмачилик, фохишабозлик жинояти каби жиноятлари содир этилган.

Ўғрилик ва безорилик жинояти аёллар томонидан, кўпинча шаҳар жойларида содир этилади. Чунки шаҳарларда қишлоқ жойларига нисбатан аҳоли кўплиги сабабли бинолар зич жойлашган. Бундан ташқари, шаҳарларда магазинлар, савдо марказлари, умумий овқатланиш жойлари кўп. Ўғрилик жиноятини содир қилувчи аёлларни асосан дайдилар, лўлилар ва турар жойга эга бўлмаган шахслар ташкил қилади.

Зўрлик ишлатиб содир этиладиган жиноятларда аёллар эркакларга нисбатан унча катта бўлмаган фоизни ташкил қилади. Лекин шуниси билан қизиқки, аёллар томонидан зўрлик ишлатиб содир этилган жиноятлар шавқатсизларча содир этилганлиги ҳамда уларнинг бу хатта-ҳаракати асосан турмуш ўртоғи ва кундошига, шунингдек, баъзи ҳолатларда қайнонасига қаратилганлиги кузатилади. Бизнинг фикримизча, бунинг сабаби аёлларнинг ҳаётдаги ижтимоий ролининг ўзгариши, оиладаги муҳитнинг бузилиш ва аёлларнинг руҳан ҳаётга ишончсизлигидадир.

Аёллар томонидан содир этиладиган жиноятларнинг яна бир тури, аёлларнинг ўз чақалоғини ўлдиришидир. Бу жиноят асосан ёш аёллар томонидан, шунингдек, кўпинча қишлоқ жойларида содир этилади. Бундай жойларда содир этилишига сабаб, ҳали ёшларнинг баъзи бир масалаларни тушуниб етмаслиги оқибатида алданиб қолиши ҳамда болани олдириш учун шароит йўқлигида ва қизлардаги уят, ориятнинг кучлилигидадир.

Шу жумладан, ота-онаси ва ўзининг обрўйини, номусини қўни-қўшни олдида сақлаб қолишда ифодаланади.

Масалан, З. ноқонуний равишда никохдан ўтмасдан ҳомиладор бўлиб қолгач, ҳомиладорлигини ўзи истиқомат қилиб келган маҳала аҳолисига билдирмаслик учун Тошкент шахрига ўқишга киришликни важ қилиб, Тошкент шаҳар, Шайхонтохур тумани, Шомахмудов кучаси жойлашаган 202 уйда истиқомат қилувчи қариндоши 1984 йилда тўғилган К.нинг  хонадонига келиб, ушбу хонадонда вақтинчалик яшайди.

Ота-онаси ва яқин қариндошларидан ўзини ҳомиладор эканлигини беркитиб, 2019 йил 10 декабрь куни соат 21:00ларда ҳомиласи етилгач, мазкур хонадоннинг болахонасида қиз фарзанд тўғиб, она бўлатуриб, чақалоғини озиқлантирмасдан, парваришламасдан ўзининг эгнида булган лозимини ечиб, ҳуқуқ лаёқатига эга бўлган чақалоғини лозим билан ўраб, чақалоқни тўғилиши ҳамон қасддан ўлдирган.

Қўшмачилик ва фохишабозлик каби жиноятлар ҳам аёллар томонидан содир этиладиган жиноятларнинг кўпчилигини ташкил қилади. Бунинг сабаблари бир талай бўлиб, баъзи бир олимларимиз буни иқтисодиётга боғласа, баъзилари эса аёлларнинг шу нарсага бўлган қизиқишида деб кўрсатганлар. Бундан ташқари, гиёҳвандлик моддаларнинг олди-сотдиси билан шуғулланиш ҳамда уларни сақлаш билан боғлиқ жиноятлар ҳам ҳозирги кунда аёллар томонидан содир этиладиган бўлган.

Бундай жиноятларни кўриб чиқа туриб, аёллар жиноятининг асосий сабаблари нимада, деган табиий савол туғилади. Бизнингча, аёллар қуйидаги сабабларга кўра, жиноятга қўл урадилар:

Биринчидан, жамиятдаги ўсиб бораётган қийинчиликлар, эртанги кунга ишончсизлик, ҳаётнинг янги синовларига чидай олмаслик, яъни уларнинг иродасизлиги;

Иккинчидан, аёллар жиноятининг, айниқса, ўғрилик жинояти содир этилишининг сабаби аёлнинг ишлаб чиқаришда фаол иштирок этиши, яъни бола тарбияси билан бирга оила бошқаруви аёлнинг елкасида эканлиги, оилада ягона бошқарувчи бўлиб колиши;

Учинчидан, ижтимоий институт ҳисобланган оиланинг сусайиши, эр-хотин ва болалар ўртасидаги руҳий муносабатнинг бузилиши;

Тўртинчидан, муқаддас Шарқ аёлининг жамиятни заҳарлайдиган гиёҳвандалик, спиртли ичимликларга муккасидан кетиб берилиши, фохишабозликнинг авж олишидир.

Ижтимоий ҳуқуқсизлик, умумий руҳий беқарорлик, маънавий-психологик қадриятларнинг йўқолиши, бунинг натижаси ўлароқ бундай шароитларда оилавий турмушга, ижтимоий муҳим “Оила ўчоғининг ёқувчиси” ролини бажаришга лаёқатсизлик – жамиятида, айниқса, ёшлар орасида аёллар жиноятчилигига салбий таъсир кўрсатаётган омиллардир. Ёш аёллар ва қизлар, жумладан, вояга етмаганлар ҳам қандайдир йўллар билан бойиб кетишга, ижтимоий зинанинг нисбатан баланд поғоналарига кўтарилишга ҳаракат қилмоқдалар. Интилиш, албатта, яхши, аммо бу мақсадга эришиш йўлида ҳар қандай, ҳатто, ғайриқонуний воситалар ишга солинмоқда.

Жиноят кутилмаганда содир бўлади, лекин унинг олдини олиш мумкин. Жиноятни олдини олиш учун унинг рўй беришига олиб келадиган сабаб ва шарт-шароитларни тугатиш лозим. Биринчи навбатда, аёллар виктимлигини олдини олиш, инсонлар эса жамият ривожланиши олдидаги ўз вазифасини ҳис қилиши, жиноят йўлига кирмаслиги, ўтиш давридаги ҳар хил синовларга тайёр туриши керак. Чунки ойнинг ўн беши ёруғ бўлса, ўн беши қоронғудир. Инсон яхши яшашни, яхши кунни орзу қилишнигина ўйлаймизки, балки одам, унинг ёмон томонини ҳам ўйлаши лозим.

Бундан ташқари, аёл киши оилага катта эътибор бериши керак, айниқса, болалар тарбиясига. Қиз болаларни тарбиялашда унинг онгига аёлларга хос бўлган мулойимлик, нафосат, иффат, яқинларига нисбатан меҳр-мурувват ва улар ҳақида қайғуриш каби фазилатларни сингдириши керак.

Ҳозирги замон аёллар жиноятчилиги ўзининг ижтимоий белгиланган хусусиятларига эга. Бу хусусиятлар жамиятда содир бўлаётган тарихий, жуғрофий-сиёсий, иқтисодий-ҳуқуқий, демографик ва бошқа ўзгаришлар билан бевосита боғлиқ. Мазкур ўзгаришлар айниқса аёллар ҳаётий фаолиятининг микроижтимоий муҳитида ўзининг ёрқин ифодасини топади.

Микроижтимоий муҳит аёллар ҳаёт йўлининг турли босқичларига ҳар хил салбий таъсир кўрсатади. Бу шу жумладан ёш, меҳнат фаолияти, моддий аҳвол, оилавий муносабатларнинг ҳолати каби маълум ижтимоий-демографик тафовутлар билан белгиланади.

Оилада ҳам аёллар томонидан зўравонлик ишлатиб жиноятлар содир этилмоқда.

Жумладан, қийнаш, қасддан одам ўлдириш, баданга тан жароҳати етказиш, онанинг ўз чақалоғини қасддан ўлдириш каби жиноятлар содир этилмоқда.

Хориж тажрибаси

Хорижий давлатлар жиноят қонунчилигида оилада зўрлик ишлатиб содир этиладиган жиноятларнинг турларига тўхталиб ўтадиган бўлсак, онанинг ўз чақолоғини қасддан ўлдириши – оиладаги жиноятларнинг турларидан бири. Бироқ у одам ўлдиришнинг бошқа турларидан ўзига хослиги ва жиноят таркибининг хусусиятлари билан ажралиб туради.

Криминофамилистикада сўзнинг кенг маъносидаги ўз чақолоғини ўлдириш деганда ота ёки она ёхуд уларнинг иккаласи биргаликда ўз фарзандини ёки улардан бири иккинчисининг фарзандини ўлдириши тушунилади. Хусусан, жиноят қонунида ва суд тиббиётида қўлланиладиган тор маънодаги фарзандкушлик онанинг янги туғилган чақалоғини туғруқ пайтида ёки бевосита туғруқдан кейин ўлдиришини англатади.

Ўз чақолоғини ўлдириш нафақат турли тарихий даврларда, балки бир даврнинг ўзида ҳар хил баҳоланган жиноятлардан биридир. Бу жамият ривожланишининг турли босқичларида ушбу қилмишнинг аҳамияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига муносабат ҳар хил бўлганлиги билан изоҳланади.

Ю.М.Антонян ўз боласини ўлдирган аёлга анча тўлиқ тавсиф берган. Ўзининг янги туғилган чақалоғини ўлдирган аёллар орасида турмуш қурганлар жуда оз. Уларнинг аксарияти одатда малака ва маълумот даражаси паст бўлган сўққабош аёллардир. Ўлдирилган бола кўпинча биринчи муваффақиятсиз сексуал тажриба билан боғлиқ бўлади. Уларнинг кўпчилиги ота-онали бўлиб, айнан ота-онасининг салбий муносабатидан қўрқиш улар ўз чақалоқларини ўлдиришига туртки беради.

В.Н.Кудрявцев, В.Е.Эминов ўз боласини ўлдирган оналарни тавсифлаб, шундай деб ёзади: “Одатда, бундай қилмишларни жамиятга яхши мослашмаган, оиласиз, уйсиз, моддий жиҳатдан таъминланмаган ёш аёллар содир этади. Айрим ҳолларда бундай жиноятлар ортида эркак туради, яъни бу хавфли жиноятлар эркак, аксарият ҳолларда аёлнинг жазмани ёки ўйнашининг розилиги ёки турткиси билан содир этилади”.

Айрим аёллар туғруқ пайтида ёки ундан кейин маълум вақт мобайнида ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушунмайдиган ва уларни бошқара олмайдиган ҳолатда бўлади. Аёлнинг мазкур руҳий ҳолати бошқа омиллар билан жамулжам ҳолда жиноятга сабаб бўлиши мумкин. Бироқ бу ҳолат замирида руҳий касаллик ётмайди, акс ҳолда аёл жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин бўлмас эди.

Умуман олганда, фарзандкушлик замирида ҳодисалар бир неча гуруҳининг ўзаро таъсири ётади.

Биринчи – аёл ҳаётида жиноят содир этишдан олдинги вазият. У ҳар хил бўлиши мумкин. Айрим ҳолларда у аёл ўз чақалоғини ўлдиришига сабаб бўлади, айрим ҳолларда эса бундай ҳолат юз бермайди. Ю.М.Антонян айрим бўлажак жиноятчи аёллар бир қарашда яхши оилада тарбиялангани, ота-онаси уларга яхши муносабатда бўлганлигини қайд этади.

Иккинчи – шахснинг ижтимоий хусусиятлари, манфаатдор шахсларнинг гапига кирмаслик қобилияти.

Учинчи – аёлнинг биологик, психологик хусусиятлари, хулқ-атвори. Одатда, аёллар ўта таъсирчан, ҳис-туйғуларга бой бўлади. Бу беқарор руҳий жараёнлар туғруқ жараёнида сезиларли даражада кучаяди. Бундан ташқари, аёлларда неврозлар ва психопатиялар даражаси ҳам анча юқори бўлади. Буларнинг барча биргаликда онанинг ўз чақалоғини ўлдиришига сабаб бўлиши мумкин.

Аёлнинг боладан қутулиш нияти уни қасддан ўлдириш жиноятига айланишига имконият яратувчи бир қанча субъектив ва объектив омиллар мавжуд. Булар:

– никоҳсиз бола туққани учун атрофдагиларнинг қоралашидан қўрқиш ҳамда уялиш;

– боланинг отаси, ўз қариндошлари ёки бошқа шахслар онани ўз чақалоғини ўлдиришга оғдириши;

– ота-онасининг салбий муносабатидан қўрқиш;

– жиноий ҳомила тушириш билан шуғулланувчи шахслар­нинг оғдириши;

– ҳомиладорликнинг олдини олиш, ҳомилани даволаш муас­сасаларида тушириш имкониятига доир махсус тиббий билим­ларнинг йўқлиги;

– сўққабош она болани тарбиялашда моддий ва маънавий қийинчиликларга дуч келишини тушуниш, ҳомиладор аёллар ва сўққабош оналарга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиши ҳақида зарур ҳуқуқий билимларнинг йўқлиги ва ҳ.к.

Янги туққан аёлларнинг руҳий-жисмоний хусусиятларини аниқлаш онанинг ўз чақалоғини қасддан ўлдиришига имконият яратувчи омилларни аниқлаш, объектив жазо чорасини танлаш, бу салбий ҳодисаларнинг олдини олиш ёки уларнинг оқибатларини енгиллаштириш чораларини кўришга ёрдам беради.

Кўпгина хорижий давлатлар Жиноят қонунчилигида оилада аёллар томонидан содир этиладиган жиноятлар учун жавобгарлик белгиланган. Жумладан, Польша Республикаси ЖКнинг 153, 156-моддаларида, Швейцария Жиноят кодексининг “Алоҳида таърифлар” номли 2-китобининг, “Ҳаёт ва соғлиққа қарши жиноий қилмишлар”, деб номланган биринчи бўлимида, Швейцария ЖКнинг “Зўрликни тасвирлаш” номли 135-моддасини жиноий зўрликни олдини олувчи моддасида, АҚШ жиноят қонунчилигида соғлиққа қарши жиноятлар тизимида, Испания Жиноят кодексининг “Жиноят ва жазо” номли 2-китобининг 153-моддасида, Германия Федератив Республикаси Жиноят кодексининг “Тана дахлсизлигига қарши жазоланадиган қилмишлар” номли 17-бўлимида оилада шахсга қарши қаратилган жиноятлар учун жавобгарлик назарда тутилган.

МДҲ ва ривожланган хорижий давлатларда оилада қийнаш ҳолатлари ҳам кўплаб учраб, бундай ҳолатлар учун жиноят қонунчилигини ўрганиш шуни кўрсатадики, қийнаш жинояти учун жавобгарлик назарда тутилган масалалар учта шаклда ифодаланган.

Жумладан, биринчи шаклда қийнаш жинояти шахсга қарши қаратилган жиноятларга кириб, бунда қийнаш жинояти учун жавобгарлик масаласи ҳал этилаётганда жабрланувчининг фаоллигига унча эътибор қаратилмаган;

Иккинчи шаклида, қийнаш жинояти учун жавобгарлик масаласи фақат жабрланувчи ҳаракатлари билан боғлиқ бўлиб, шахсга қарши қаратилган жиноятлардан алоҳида таркибли жиноят сифатида ажратилган.

Учинчи шаклида эса, қийнаш жинояти учун жазо тайинлашнинг характерли жиҳати шундаки, унда жабрланувчи билан айбланувчи ўртасидаги муносабат муҳим аҳамиятга эга бўлиб, шахсга қарши қаратилган жиноятларни квалификация қилишда муҳим белги ҳисобланган.

Қийнаш жиноятининг шахсга қарши қаратилган жиноятлардан алоҳида таркибли жиноят сифатида ажратилган давлатлар қаторига Франция, Дания, Турция давлатлар жиноят қонунчилигини кўришимиз мумкин.

Шунингдек, аксарият МДҲ давлатлари жиноят қонунларида қийнаш ва дўппослаш учун жиноий жавобгарлик алоҳида моддаларда баён қилинганини кўриш мумкин. Масалан, Озарбайжон ЖК 132 ва 133-моддаларида, Арманистон ЖК 118 ва 119-моддаларида, Қирғизистон ЖК 110 ва 111-моддаларида, РФ ЖК 116 ва 117-моддаларида, Тожикистон ЖК 116 ва 117-ммоддаларида, Туркманистон ЖК 112 ва 113-моддаларида, Украини ЖК 126 ва 127-моддаларида дўппослаш ва қийнаш ҳаракатлари учун жиноий жавобгарлик ажратиб берилган. Фақат Ўзбекистон (110-мддаси), Молдова (ЖК 154-моддаси) ва Белорус (ЖК 154-моддаси) Республикаларида бу икки хил қилмишлар бир моддада бирлаштириб баён қилинган. Бу икки хилдаги қилмишлар учун жавобгарликни ажратиб баён қилишда юқорида қайд этилган давлатлар қилмишларнинг ижтимоий хавфлилиги бир хилда эмас, дўппослашга нисбатан қийнашнинг ижтимоий хавфлилиги юқори, деган хулосага келганликларини кўриш мумкин. Ўша давлатларнинг жиноят қонунлари санкцияларида дўппослашга нисбатан қийнашнинг жазолари бир мунча оғирлаштириб берилганлиги маълум бўлди.

Дарҳақиқат, аёл ҳаёт кўрки, умр қувончи, садоқатли йўлдош, мунис ва меҳрибон она, оилавий бахтнинг калитидир. Шундай экан, ҳар бир аёл ҳаёт ва оилада ўз ўрнини билиши, аёл деб аталган муқаддас номга доғ туширмаслиги лозим. Зеро, у энг аввало она, ҳаёт давомчисидир.

Саломат Ниёзова,
ТДЮУ
 Жиноят ҳуқуқи, криминология ва коррупцияга қарши курашиш кафедраси профессор вазифасини бажарувчи, ю.ф.д.

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз