Бош саҳифаЯнгиликларҲуқуқАёллар сиёсий жараёнларда фаол бўлиши керак

Аёллар сиёсий жараёнларда фаол бўлиши керак

Инсоният тарихининг ҳар бир даврида аёлларнинг сиёсий майдондаги ўзига хос иштироки ҳақидаги маълумотларга эга бўлсак-да, лекин давлат бошқарувида бундай фаолият олиб бориш ҳуқуқи ва имконияти жамиятнинг ҳар бир аёлига ҳам тегишли бўлмаганлиги ҳамда ҳуқуқий нормалар билан кафолатланмаганлиги баъзида ёддан чиқади. Таъкидлаш жоизки, айнан 20 ва 21 асрлар дунёнинг кўп қитъаларида аёлларнинг сиёсий соҳадаги иштирокининг қонуний тасдиқланишига ва энг кенг тарқалишига сабаб бўлган давр бўлиб, аёлларни президент, вице-президент, бош вазир, вазирлар, минтақавий бўлинмалар раҳбарлари, дипломатлар, депутатлар ва бошқа лавозимларга сайлаш жараёниларини кучайтирди. Чунки тажриба ва амалиёт шуни кўрсатдики, аёлларнинг жамиятнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётидаги тенг ва тўла иштироки, давлатда демократия тамойилларининг самарали ишлашини кафолатлаш билан бирга, аёлларнинг барча даражадаги муаммоларни ҳал қилиш бўйича қарорлар қабул қилишда фикрлари ва манфаатларини адолатли ҳисобга олинишини таъминлар экан.

 Масала фақат декларатив характерга эга бўлмаслиги керак

Бугунги кунда, барча халқаро ва миллий ҳуқуқий нормаларда тенглик принципининг,  яъни аёллар ва эркаклар учун ҳаётнинг барча соҳаларида тенг ҳуқуқлардан фойдаланишлари учун тенг шароит ва имкониятларни мустаҳкамланган ва кафолатланганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Лекин сиёсий соҳада аёлларнинг иштироки тараққий топиб, етакчи сиёсатчи аёллар жамият ҳаётида ўз билимлари, ютуқлари сабабли маълум бир ўринга эга бўлаётган бир пайтда, ушбу нормаларнинг ҳаётга татбиқ этишнинг самарали чора-тадбирлар тизими етарли даражада ривожланмаганлиги туфайли, бу масала баъзан декларатив характерга эга бўлиб қолмоқда.

Шу сабабдан, халқаро ташкилотларнинг тавсияларига кўра,  аёлларнинг давлатнинг сиёсий ҳаётида, сайлов жараёнларида фаоллигини ошириш, лавозимларга эришишда кўмаклашиш мақсадида, сиёсий партияларнинг иштироки ва ролини ошириш зарурлиги таъкидланмоқда. Чунки айнан партиялар аёлларга сиёсий лавозим сари курашиш учун кўпроқ имконият яратадиган бир маскан ҳисобланади.

Бу масалада сиёсий партияларнинг алоҳида аҳамияти, ўз навбатида, хотин-қизларни партиялар фаолиятига жалб қилишнинг тарғиб қилиш, партиялар фаолиятидаги аёллар сонини кўпайтириш, уларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, партиялар сафида қолишга қаратилган қоида ва процедураларни ишлаб чиқишни, ва улар, ўз навбатида, аёллар ва эркаклар учун тенг квоталар, тартиблар ва партиядаги масъул лавозимларни эгаллаш имкониятини кафолатланишига қаратилган бўлиши керак.

Шу билан бирга, партиялар тизимидаги “аёллар қаноти” деб аталадиган махсус тузилмаларни фаоллаштириш, аёллар учун муҳим бўлган масалаларни тарғиб қилишга  ва уларнинг таъсирини кучайтириш учун муҳим ҳисобланади. Бу масалада Ўзбекистон партияларининг амалиётига келадиган бўлсак, шуни таъкидлаш керакки, партия тизимидаги аёллар учун “хотин-қизлар қаноти”га бирлашиш имконияти яратилган бўлиб, уларнинг асосий мақсадлари уларнинг низомларида белгиланган. “Аёллар қаноти”томонидан олиб борилаётган ишлар, турли тадбирлар тўғрисидаги маълумот ва ахборотлар эса доимий равишда оммавий ахборот воситалари, шунингдек, партияларнинг веб-сайтлари ёритиб келмоқда.

Шу билан бирга, аёлларнинг сиёсий партиялар фаолиятидаги ролини ўзгартириш ва кучайтириш, муваффақиятли етакчилик қобилиятларини ошириш, аёлларни партиянинг ички жараёнларига эксперт ва раҳбар сифатида жалб этиш бўйича мунтазам дастурлар, ўқув курсларини ташкил этишни назарда тутади. Бу эса, келажакда аёлларнинг ўзига бўлган ишончини оширишга ва ривожлантиришга, сиёсий фаолиятини давом эттиришга қизиқишининг кучайишига олиб келиши керак ва сиёсатда муваффақиятга эришиш учун, нафақат парламентларга, балки бошқа сайланадиган органларга, шу жумладан, ҳукумат лавозимларига ва бошқа давлат идораларига номзодларини кўрсатишга ва сайланишига имконият яратади.

Юқоридаги мақсадларни амалга ошириш ушбу тузилмаларда гендер тенглиги тамойили муваффақиятли амалга оширилишига ҳам хизмат қилади. Ўзбекистон Республикасининг асосий қонунида гендер тенглиги нафақат 18-моддасидаги умумий тенглик тамойили доирасида, балки 46-моддасида аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқларга эга эканлиги тўғрисидаги алоҳида конституциявий тамойил сифатида таъкидланган бўлиб, бу эса, ўз навбатида, сиёсий партиялардан ҳам, аёллар ва эркакларнинг манфаатлари, эҳтиёжлари ва номзодларини тенг равишда намоён этишни талаб этади. Ҳозирги кунда, Ўзбекистон сиёсий партияларининг фаолиятидаги етакчи аёлларнинг ўрни ҳақидаги маълумотни “Aдолат” социал-демократик партияси мисолида келтириш мумкин. Илк бор 2005 йилда партия раҳбари этиб сайланган ва 2007 йилда Президент номзодлигига номзоди кўрсатилган аёл, “Aдолат” социал-демократик партияси аъзоси Д.Тошмухамедова бўлган.

Бўлажак сайлов жараёнларида сиёсий партиялар аёллар номзодларини қўллаб-қувватлаши гендер тенглиги тамойилини ҳаётга татбиқ этилишини таъминлаб,  аёллар учун муҳим бўлган муаммо ва масалаларни аёллар томонидан кенг ёритилиб, муҳокама этиб ҳал этилишига пойдевор бўлиб ҳизмат қилади.

О.Караходжаева,
                                ю.ф.н. ТДЮУ катта ўқитувчиси

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз