Аёллар ва эркакларга тенг шароитлар яратилса, тенг муносабатга киришилса ва тенг имкониятлар бўлганда гендер тенглигига эришилади. Бу аёллар ва эркакларга ўз қобилятини кўрсатиш, инсон ҳуқуқлари ва унинг қадр-қимматини тўлиқ намоён қилиш имконини беради.
Гендер тенглиги икки хил жинснинг уйда ва жамиятда тенг ҳуқуқлар ва имкониятларга эга бўлишига асосланади. Бу адолатли бўлиш жараёни ва гендер тенглигига эришиш воситаси ҳисобланади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти рўйхатида гендер тенглигини таъминлаш, аёллар ва қизларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш, уларни жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш муҳим ўрин тутади.
Гендер танқидчиларнинг назарияси
Гендер тенглиги тушунчасини қораловчиларнинг фикрича, эркак ва аёл бир-биридан фарқ қилади ва нафақат жисмоний, балки руҳий жиҳатдан ҳам. Агарда аёллар эркаклар қиладиган ишни бажаришга мажбур бўлишса, улар ўзларининг севимли машғулотлари, яъни болаларга ғамхўрлик қилиш, дўкон айланиш, пардоз қилиш, турли хил таомлар пишириш каби машғулотларни бажара олмай қолишади, натижада уларда бахт гармонлари кам ишлаб чиқа бошлайди. Агарда аёллар жамиятда фақат эркаклар ишини бажаришса (ўтин кесиш, машиналарни таъмирлаш, бульдозер ҳайдаш) улар ҳам руҳан ҳам жисмонан зўриқишга учрайди, деб фикр билдиришади.
Бироқ гендер тенглиги назариясининг тарафдорлари бу фикр кўп авлодлар давомида патриархал даври давом этганлиги ва инсонларнинг илмга қарши таълимотлари, стереотиплар таъсири, деб ҳисоблайдилар. Баъзи психолог ва социологларнинг айтишича, замонавий жамиятда психика, характер, хулқ-атвор ва фикрлаш услуби жинсга боғлиқ деган фикр кенг тарқалган. Тенглик тушунчасини танқид қилувчилар, умуман, тушунчанинг моҳиятини тан олсалар-да, унга яна бир таъриф беришади: Гендер тенглиги – бу аёлнинг аёл сифатида, эркакнинг эса эркак сифатида ривожланиш имкониятидир.
2015 йилда Покистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гендер тенглиги ва аёлларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш бўйича бўлими томонидан ҳисобот тайёрланди.
Бу ҳисобот “БМТ-аёллар” деб танилган. Ҳисоботнинг муаммоли масалаларидан бири аёлларни иш билан таъминлаш эди. Ҳисобот муаллифларининг фикрига кўра, олий маълумотли аёллар сони олдингидан кўра максимал даражага етганига қарамай, уларнинг иш билан таъминланиш ҳолати ачинарли кўринишга эга. Университетларни аъло баҳоларга ва имтиёзли диплом билан тугатган ёш қизлар, айниқса, тиббиёт ва математика каби фанлардан ёш йигитларни тобора ортда қолдиришларига қарамай, иш топа олмайдилар. Ҳатто иш топишга муваффақ бўлганлар ишончсизлик туфайли ва етарли бўлмаган маош туфайли азият чекишади. Ушбу масала, айниқса, ривожланиш бўсағасида турган мамлакатларда долзарб бўлиб, уларда аёлларнинг 75 фоиз иш ўринлари, иш берувчи томонидан қонуний мажбуриятлари ҳимояланмаганини кўрсатади. Ҳисоботда таъкидланганидек, ривожланган мамлакатларда гендер тенглиги ҳолати ҳам идеал даражада эмас. Масалан, Швеция ва Францияда аёллар эркакларникига нисбатан 31 фоизга кам маош олишади, Германияда бу кўрсаткич 49 фоизга камроқ, Туркияда эса 75 фоизга тенг.
Ҳисобот муаллифларининг фикрига кўра, гендер тенгсизлигига қарши курашнинг асосий чоралари бутун дунё бўйлаб аёлларни яхши иш жойлари билан таъминлаш ва уларнинг билим олиш салоҳиятини ошириш билан боғлиқ.
Шунингдек гендер тенглиги ҳақида UNICEF томонидан ишлаб чиқилган қуйидаги ишчи дастурлар мавжуд:
1. Гендер дискриминация – Бу дастур иккала жинсни ҳам афзал кўради бу эса тенгсизликнинг чуқурлашишига олиб келиши мумкин.
2. Жинсий кўрлик дастури – Дастурлаш жинсни эътиборсиз қолдиради, статус-квонни сақлаб қолиши ёки тенгсизликни кучайтириши мумкин.
3. Гендер сезгир дастури – Тенгсизликларни тан олади, лекин жиддий ҳал қилмайди.
4. Gender responsive дастури – Қизлар ва ўғил болалар, аёллар ва эркакларнинг турли эҳтиёжларини аниқлайди ва ҳал қилади, ҳамма учун тенг натижаларга эришишга ёрдам беради.
5. Гендер трансформатив – Гендер тенгсизликларини бартараф этишга, тизимли тўсиқларни олиб ташлашга ва ночор аҳолининг имкониятларини кенгайтиришга аниқ интилади.
Дастурлар амалиётда қўлланганда муҳим натижаларга эришилди
Дастур ўқитувчиларнинг қизларга бўлган муносабатини ўзгартиришга туртки бўлди ва мактабга узрсиз сабабларга кўра бормаслик ҳолатларини камайтиришга ёрдам берди.
Ташқи баҳолаш шуни кўрсатдики, эркак ва аёл клуб иштирокчиларининг 90 фоиздан ортиғи ўзига ишончи ва фикрларини билдиришга тайёрлигини ҳамда олий таълимда ўқиш истагини билдирган.
Ушбу тадқиқотнинг таъсири ила ўғил болалар қизларга нисбатан кўпроқ ҳурмат билдиришди, қизлар эса ўғил болалар томонидан таъқиблар камайгани ҳақида маълум қилишган.
Австралияда эса бу дастур катта натижа берди
Австралия сўнгги ўн йил ичида катта ютуқларга эришди. Жулиа Гиллард 2010 йилда мамлакатнинг биринчи аёл бош вазири бўлганидан сўнг, 2013 йилда Жули Бишоп биринчи аёл ташқи ишлар вазири, 2015 йилда эса Марисе Пейн биринчи аёл мудофаа вазири этиб сайланди. Австралия дипломатик ишчи кучидаги аёллар сони 2016 йилдан буён барқарор равишда ошиб бормоқда. 2021 йилда Австралиянинг хориждаги 118 миссия раҳбарларидан 49 нафари (элчилар, бош консуллар ва олий комиссарлар) аёллардир. Умуммий лавозимларнинг 40 фоизини аёллар ташкил этмоқда.
Ўзбекистонда-чи?
Жаҳон банкининг “Аёллар, бизнес ва қонун” индексида Ўзбекистон 2020 йилда хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича аҳамиятга молик ислоҳотларни амалга оширган 27 та давлат қаторига киритилди ва 5 поғонага юқорилаб, 190 та давлат орасида 134-ўринни эгаллади.
Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтиш жоизки, ҳар бир инсон унинг жинсига қарамай тенгдир ва имкониятлардан фойдаланишга ҳақли жамиятда ҳам, оилада ҳам. Тажрибаларда тенгсизлик аёллар ўртасида руҳий тушкунлик ва ишончсизлик ҳолатларига олиб келиши кузатилган. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, тенгсизликни келтириб чиқараётган омиллар, яъни аёлларни ишга қабул қилиш сонининг камлиги ва эркакларга нисбатан кам маош олиши асосий муаммо ва буни ҳал қилишда – гендер дастурларни қўллаш ишончли усулдир.
Моҳларойим Толипова,
Юристлар малакасини ошириш маркази масъул ходими