Бош саҳифаМуҳимАжримларнинг олдини олиш борасида қандай ишлар амалга...

Ажримларнинг олдини олиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Тошлоқ туман ФҲДЁ бўлимида турмуш қуриш  бўсағасида турган 91 жуфт  ёшлар ҳамда ажрим ёқасига келиб  қолган  оилалар иштирокида тарғибот тадбири бўлиб ўтди. Унда Фарғона вилоят адлия бошқармаси мутасаддилари билан биргаликда, туман  ҳокимлиги маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш, ёшлар  ишлари агентлиги туман бўлими вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.  Оилада эр-хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзасидан туғилаётган баҳслар, турмушнинг дарз кетиши, ўзаро можаролар, ажралишлар бугунги кунда жамиятимизда жиддий эътибор қаратилиши лозим бўлган масала. Хўш, нима учун бундай ҳолатлар вужудга келяпти? Асл сабаблар нимада? Таҳлилларга кўра, бу муаммонинг бош омили — уларнинг ҳуқуқий билимга етарли даражада эга эмасликлари, оилавий муносабатларга учинчи шахснинг аралашуви ва турмушдаги турли моддиятлар сабаб бўлаётир.

Тадбирда, аввало, мана шу масалаларга алоҳида эътибор  қаратилди.

Фарғона вилоятида 2022 йилнинг 8 ойи давомида 17 минг 303 та никоҳ қайд этилди. Мавжуд 21 та ФҲДЁ бўлимларида жорий йил 1 сентябрь ҳолатига 64 мингдан ортиқ чақалоққа туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар расмийлаштириб берилди. Бу рақамлар орқали мамлакатимизда ҳаёт бир маромда одатий давом этаётганидан қувонасиз.

Фарғона вилоятида оилаларнинг бузилиш сабаблари ўрганиб чиқилганда, узоқ вақт бирга яшамаслик,  оилавий келишмовчиликлар, учинчи шахснинг оилавий муносабатларга аралашуви ва қолган ҳолатларда ёшларимизнинг оила қуришга тайёр эмаслиги, аксарият ҳолларда қайнона ва келин ўртасидаги можаролар туфайли юзага келаётганлиги маълум бўлди.

Тарғибот тадбири давомида таъкидландики, ажримларни жамиятда камайтириш учун асосий эътиборни никоҳга қаратиш лозим. Унинг қадр қимматини имкон қадар ошириш керак. Нега? Чунки асосий эътибор тўй ва тўйгача бўлган маросимларга қаратилган. Бу эса ачинарли ҳолат,албатта.

Оиладаги ажримларни олдини олишда, асосан, ёшларни оила илмига ўргатиш мақсадга мувофиқ. Уларда оила муқаддас қўрғон эканлиги тўғрисидаги тарғибот-тушунтириш ишларини бутунлай янги босқичда, ноодатий усул ва ёндашувлар асосида олиб бориш керак.

Муҳаббат ИБРОҲИМОВА,

Фарғона вилоят адлия бошқармаси

етакчи маслаҳатчиси

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз