Қуйида иш берувчининг вафот этган ходимнинг оила аъзоларига тўлаши лозим бўлган компенсацияни таҳлил қиламиз.
Ходим иш ватида вафот этган тақдирда, иш берувчи унинг оила аъзоларига етказилган ҳар қандай зарарни тўлиқ ҳажмда тўлайди.
Ходим меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллиги ёки меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда соғлигига бошқача тарзда шикаст етиши сабабли вафот этган ҳолларда, иш берувчи марҳумнинг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз шахсларга, шунингдек ўн олти ёшга тўлмаган ёки у вафот этган кунга қадар ундан таъминот олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга, марҳумнинг вафотидан кейин туғилган фарзандига, шунингдек ота-онасидан бирига, умр йўлдошига ёки оиланинг бошқа аъзосига, агар у ишламасдан марҳумнинг уч ёшга етмаган болалари (укалари, сингиллари) ёки невараларининг парвариши билан банд бўлса, зарарни тўлаши шарт.
Бунда марҳум ходимнинг оила аъзоларига қуйидагилар тўланади:
* маънавий зарар;
* боқувчининг вафот этгани муносабати билан зарар;
* вафоти муносабати билан бир йўла бериладиган нафақа.
Маънавий зарар пул ёки бошқа моддий шаклда берилиши мумкин. Маънавий зарарни қоплаш юзасидан низо келиб чиққан тақдирда, бу масала судда кўриб чиқилади.
Вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган ва унинг вафоти муносабати билан зарарни ундиришга ҳақли бўлган меҳнатга қобилиятсиз шахсларга тўланадиган зарар миқдори марҳумнинг ўртача ойлик иш ҳақи миқдорида, унинг ўзига ва унинг қарамоғида бўлган, лекин зарарни ундиришга ҳақли бўлмаган меҳнатга қобилиятсиз шахсларнинг улушини чегириб ташлаган ҳолда белгиланади.
Ходимнинг вафоти муносабати билан иш берувчи томонидан бир йўла бериладиган нафақанинг миқдори жамоа шартномасида, агар бундай шартнома тузилмаган бўлса, иш берувчи билан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи ўртасидаги келишувга биноан белгиланади. Бунда ходимнинг вафоти муносабати билан бир йўла бериладиган нафақанинг миқдори эса, марҳумнинг олти йиллик ўртача иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмас.
Бундан ташқари, ходим меҳнат жараёнида вафот этган тақдирда иш берувчи қўшимча равишда дафн этиш учун зарур харажатларни ушбу харажатларни сарфлаган шахсга тўлаши шарт.
Дафн этиш учун зарур харажатлар зарарни тўлаш ҳисобига киритилмайди.
Ходим иш вақтида ўзининг қўпол эҳтиётсизлиги туфайли кўп қаватли уйдан йиқилиб вафот этган тақдирда ҳам, иш берувчи зарарни тўлашдан озод этилмайди.
Зафар ЖУМОНОВ,
Қуйи Чирчиқ туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси