Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонБайрамларда «оилавий саёҳат таътили» тизими ишлайди

Байрамларда «оилавий саёҳат таътили» тизими ишлайди

Туризм – иқтисодиётнинг юқори даромад келтирадиган  муҳим соҳаларидан бири ҳисобланади. Дунёдаги барча ривожланган давлатлар қаторида жонажон юртимизда ҳам туризмнинг барча  қирраларини намоён этиш ва ривожлантириш учун катта имкониятлар   етарли.   Кимдир чўлу-саҳроларда сайр қилишни истаса, кимдир  муқаддас қадамжоларни зиёрат қилишни ёқтиради. Сайру саёҳатлар натижасида инсоннинг дунёқараши ўзгаради, тафаккури, маданияти  юксалади.

Президентимиз томонидан 2021 йил 9 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон айнан ана шу мақсадларни амалга оширишга хизмат қилади.

Ўзбекистонда маҳаллий ва хорижий зиёратчи сайёҳлар оқимини шакллантириш ва улар учун зарур шарт-шароитларни яратиш, республиканинг зиёрат туризми салоҳиятини кенг тарғиб қилиш чора-тадбирларини амалга оширишга қаратилган  мазкур Фармонга мувофиқ  кўплаб сайёҳларни жалб қилган ҳолда хизматлар экспортини таъминлаш бўйича вазифалар белгилаб берилди.

Фармонда  Транспорт вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси  ҳамда “Uzbekistan Airports” АЖ ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ билан биргаликда бир ой муддатда ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш доирасида Фарғона – Урганч – Фарғона, Термиз – Урганч – Термиз ҳамда Қарши – Урганч – Қарши авиарейсларини йўлга қўйиш ва Андижон – Хива – Андижон темир йўл қатнови сонини ошириш, 2021 йил 1 апрелга қадар Термиз – Қарши – Хива, Хива –Урганч – Нукус ва Термиз – Қарши – Самарқанд йўналишлари бўйича доимий темир йўл қатновини йўлга қўйиш чораларини кўриш, авиарейсларни ва темир йўл қатновларини, шунингдек, Тошкент шаҳридан Бухоро, Нукус, Термиз ва Урганч шаҳарлари ҳамда Фарғона водийсига қатнов йўналишлари бўйича авиарейсларни субсидиялаш масаласи ечими юклатилди.

Шунингдек туроператорлар, турагентлар,   жойлаштириш воситалари учун фойда солиғи ставкасини белгиланган ставкага нисбатан 50 фоизга камайтириш,  авиа ва темир йўл чипталари бўйича харажатларини чипта нархининг 30 фоизи миқдорида қисман субсидиялаш, туроператорлар, турагентлар ва туризм соҳасида меҳмонхона хизматлари (жойлаштириш хизматлари) кўрсатувчи субъектлар бўйича: юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод қилиш ва улар томонидан тўланадиган ижтимоий солиқни камайтирилган ставкада 1 фоиз миқдорида белгиланиши вилоятимизда фаолият кўрсатаётган барча жойлаштириш воситаларига  давлат томонидан кўрсатилаётган катта  ёрдам ва мадад эканлигини алоҳида эътироф этишни хоҳлардик.

Бу Фармон асосида республикадамизда барча туризм намойиши объектларига олиб борадиган йўллар қуриш ва таъмирлаш,  маданий мерос объектларини реставрация қилиш, атрофларини ободонлаштириш учун мақсадли давлат дастурларига киритилиши ҳам катта аҳамиятга эга.

Фармонда Наврўз умумхалқ байрами, Мустақиллик куни ва Янги йил байрами ҳамда Рамазон ҳайити (Ийд ал-Фитр) ва Қурбон ҳайити (Ийд ал-Адҳа) диний байрамларини нишонлаш даврида қўшимча ва кўчириш ҳисобига ишланмайдиган кунлар уч кундан кам бўлмаган муддат қилиб белгиланиши айни муддаодир.  Ота-оналар, қариндошлар, кекса ёшдагилар ва устозлар билан биргаликда “оилавий саёҳат таътили” тизими жорий этилиши ушбу фармон билан белгилаб қўйилди.

Мана қиш тугаб баҳор бошланишига  саноқли кунлар  қолди. Навоий вилоятида ҳам кўп йиллик тарихга эга муқаддас қадамжолар, ноёб обидалар, зиёратгоҳлар ҳар қадамда топилади.  Мустақиллик шарофати билан  узоқ ўтмишда қадри поймол этилиб, харобага айлантирилган кўплаб масканлар қайта тикланиб, нафақат юртдошларимиз, балки чет эллик сайёҳларнинг ҳам қадами аримайдиган гўшаларга айлантирилди.

Кейинги йилларда вилоятимизда мавжуд бўлган ХI асрда бунёд этилган Работи Малик, Сардоба,  Деггарон масжиди, Мир Саид Баҳром мақбараси, ХVI аср тарихий обидаси – Қосим Шайх Азизон мажмуаси, Нурота чашмаси каби қатор тарихий-маданий ёдгорликлар  ҳамда Шайх Абул Хасан Нуроий мақбараси, Шайх Абул Хасан Румий мақбараси, Нурота чашмаси ва Чилустун жомеъ меъморий обидалари кўплаб сайёҳларни ўзига жалб этмоқда. Шунингдек,  дунёнинг жуда саноқли давлатларида мавжуд бўлган тош ўрмонлардан бири бизнинг Навоий вилояти, Учқудуқ туманидаги Мингбулоқ овулида жойлашганлигини ва бу тарихий тош ўрмон миллион йиллик тилсимларни ўз бағрига олганлигини,  бу жойга саёҳат ҳар  қандай сайёҳни  ҳайратда қолдириши аниқ.

Ана шу табаррук заминнинг муқаддас тарихий жойларини бориб кўриш, буюк аждодларимиздан қолган улуғ  обидалар билан танишишни ташкил этиш орқали  миллий ғурур, фахр ва ифтихор туйғуларини  шакллантириш ҳар биримизнинг, айниқса биз маҳаллий Кенгаш депутатлари ва фаолларнинг вазифаларидан бирига айланмоғи даркор.

Фарҳод ЭРНАЗАРОВ,

Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши депутати

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз