Маълумки, ҳар бир мамлакатнинг суверенитети ва мустақиллигини ифодаловчи муқаддас тимсоллари бўлади. Давлат рамзлари деб аталмиш ушбу муқаддам тимсолларга эга бўлиш учун, уни душман қўлига топширмаслик мақсадида тарихда жангу жадаллар бўлган. Давлат рамзлари азал-азалдан аждодлар томонидан муқаддас тимсол сифатида ҳамиша кўз қорачиғидай асраб-авайлаб келинган.
Дарҳақиқат, давлат рамзлари сифатида давлат байроғи билан бир қаторда давлат мадҳияси ва давлат герби ҳам эътироф этилади. Бироқ Ўзбекистон мустақилликнинг дастлабки онлариданоқ истиқлолимизнинг муқаддас рамзи бўлмиш давлат байроғини қабул қилди. Зотан, Ўзбекистонда яшовчи халқлар шу байроқ остида бирлашдилар, жаҳоннинг турли қитъа-минтақаларида, БМТ ва бошқа кўплаб нуфузли халқаро ташкилотларда давлатимиз байроғи денгиздай мавжланиб, ҳилпираб туриши мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлашда муҳим омил вазифасини бажарди.
Давлатимиз байроғининг ҳуқуқий асосларини яратиш ва мустаҳкамлаш мақсадида 1991 йил 18 ноябрда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди ва шу кун мамлакатимизда давлат байроғи қабул қилинган кун сифатида кенг нишонланиб келинмоқда.
Миллий давлатчилигимиз уч минг йиллик тарихни қамраб оладиган бўлса, ўтган асрлар давомида музаффар ота-боболаримиз ўнлаб салтанатлар тузиб, ғалабалари тимсоли сифатида байроқларини юксак кўтарганлар.
Давлатимиз байроғи ҳозирда ҳам БМТ ва бошқа кўплаб нуфузли халқаро ташкилотларда, илм-фан ва спорт олимпиадаларида, халқаро мусобақаларда мунтазам равишда баландларга кўтарилади. Айниқса, халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирларда, фан олимпиадаларида, халқаро спорт мусобақаларда вакилларимиз миллий байроғимиздан маънавий-руҳий қувват оладилар, ғалаба қозонганларида эса, Ватан байроғини баланд кўтарадилар.
Байроғимизни баланд кўтарилиши мамлакатда яшаётган элнинг ишончу ифтихорини намоён қилади, уларнинг ҳам руҳиятини кўтаради, эстетик завқ-шавққа тўлади. Айниқса, ёшларимиз қалбида ғурур-ифтихор, Ватанга садоқат туйғуси осмон қадар юксалади.
Улғайиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, халқаро ареналарда Ватан байроғини кўтаришдек бахтга мушарраф бўлиш, муқаддас тимсол сифатида байроғимизни ҳамиша кўз қорачиғидай асраб-авайлаш каби хислатларни шакллантириш мақсадида бошқа таълим муассасалари қаторида пойтахтимизнинг Миробод тумани 294-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби 4-“В” синф раҳбари тажрибали устоз М.Э.Мамасиддиқова томонидан мазкур синф ўқувчилари ўртасида ўзига хос викторина ташкил этилди.
Ушбу викторинада давлатимиз рамзлари бўлмиш давлат байроғи, давлат мадҳияси ва давлат гербини ҳуқуқий тартибга солувчи қонунчилик асослари, ушбу қонунда назарда тутилган қоидалар савол-жавоб тарзида аниқлаштирилди, давлат рамзлари тўғрисида маълумотлар улашилди, шу орқали ёшларимиз давлат рамзларининг ҳуқуқий асослари тўғрисида билим ва тафаккурларини бойитдилар. Шунингдек, викторина давомида давлат рамзларини мадҳ этувчи шеърлар айтилди, қўшиқлар куйланди, давлат рамзлари туширилган суръатлар чизилди.
Ёшларимиз ва йиғилганлар ушбу тадбирдан маънавий-эстетик завқ-шавқ туйдилар. Мазкур тадбирда иштирок этган ёшларимизнинг эса кўнгилларида чексиз ифтихор, келажакда давлат байроғимизни кўкларга кўтаришдек орзу-ниятлар жўш урди.