Бош саҳифаМуҳимБолалар нафақасини олиш тартиби: 5 та муҳим...

Болалар нафақасини олиш тартиби: 5 та муҳим маълумот

Қонунчиликка кўра, кам таъминланган оилалар фарзандлари учун болалар нафақаси берилади. Бола пули болалар сони ва ёшига қараб белгиланади. Hudud24.uz мазкур нафақалар миқдори ва уларни олиш тартиби ҳақида батафсил маълумот беради.

  1. Болалар нафақаси кимларга берилади?

Болалар нафақаси “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида кам таъминланган деб эътироф этилган оила болалари учун тайинланади.

  1. Болалар нафақасининг миқдори қанча?

Болалар нафақасининг ҳар ойлик миқдори:

3 ёшдан 18 ёшгача бўлган битта фарзанди учун – 250 000 сўм, ёши 3 ёшгача бўлган битта кичик фарзанди учун –  325 000 сўм;

оиланинг иккинчи фарзанди учун қўшимча – 150 000 сўм;

оиланинг учинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанди учун – 100 000 сўмдан.

  1. Болалар нафақасини олиш учун кимга мурожаат қилиш керак?

Кам таъминланган оилага болалар нафақаси яшаш жойи бўйича оиланинг муомалага лаёқатли аъзосининг ёзма аризасига асосан тайинланади. Ариза намунаси қуйидаги ҳаволада…

Ариза намунаси бу ерда

Ота, она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс, 18 ёшга тўлган, ўз оиласига эга бўлмаган (ота-онаси, улардан бири ёхуд уларнинг ўрнини босувчи шахс билан бирга яшовчи) боласи ёки оиланинг фарзандликка олинган боласи ёхуд васийликка олинган шахслар ариза бериши мумкин.

Ариза Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлими бошлиғининг номига ёзилади ҳамда зарур ҳужжатлар билан бирга бевосита ариза берувчининг доимий ёки вақтинча яшаш манзилидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи (маҳалла)га тақдим этилади ва рўйхатга олинади.

Аризага қуйидагилар илова қилинади:

ариза берувчи ва оила аъзоларининг паспорти ёки ID-карталари (бунда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан ушбу ҳужжатларнинг нусхаси олиниб, асли аризачига қайтарилади);

чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш гувоҳномалари, фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномалари ёки ID-карталари ҳамда яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлиги тўғрисида қайд варағи (бунда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан ушбу ҳужжатларнинг нусхаси олиниб, асли аризачига қайтарилади);

болалари васийлик остида бўлган тақдирда, васийлик ва ҳомийлик органи қарорининг нусхаси;

оиланинг мавжуд чорва моллари ва паррандалари тўғрисидаги маълумот;

ариза берувчи ва унинг оила аъзолари номидаги тижорат банки ҳисобварақларидаги маблағ қолдиқлари ва ариза берилган ойдан олдинги 3 ой мобайнида уларнинг номига ўтказилган пул ўтказмалари юзасидан маълумотларни Марказий банк томонидан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” АТга тақдим этиш тўғрисида оилада бирга яшовчи 18 ёш ва ундан катта ёшдаги муомалага лаёқатли барча оила аъзолари имзолари билан тасдиқланган ариза.

  1. Болалар нафақасини олиш учун оиланинг даромади қандай ҳисобланади?

Оиланинг ҳар бир аъзосига жами бир ойлик ўртача даромад минимал истеъмол харажатлари миқдори (ҳозирда 568 минг сўмдан) дан ошмаганда кам таъминланган деб эътироф этилади.

Болалар нафақасини тайинлашда оиланинг охирги уч ойлик даромади эътиборга олинади.

Болалар нафақасини олиш учун оила таркибига фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида никоҳи қайд этилган эр-хотин (ёки уларнинг бири) ва улар билан бирга яшайдиган ва уларнинг қарамоғида бўлган болалар (шу жумладан, васийликка (ҳомийликка) олинган болалар), шунингдек, ота-оналари билан бирга яшайдиган ва ўз оиласига эга бўлмаган 18 ёшдан катта болалар (шу жумладан, васийликка (ҳомийликка) олинган болалар), ёлғиз оналар (оталар) киритилади.

Оиланинг жами даромадига киритиладиган даромадлар рўйхати

  1. Болалар нафақасини бериш қандай ҳолатларда рад этилади?

Оила аъзоларининг даромади юқори бўлса, биттадан ортиқ уй-жойи ёки нотурар жойи бўлса, номида автомашинаси бўлса, банк ҳисобварағида пули бўлса ва бошқа ҳолларда болалар нафақасини бериш рад этилиши мумкин. Нафақа беришни рад этувчи ҳолатлар тўлиқ рўйхати бу ерда. 

Бу маълумотлар ариза берилган ойдан кейинги ойнинг 1-санасига қадар “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” АТ томонидан автоматлаштирилган тарзда идоралараро электрон ўзаро ҳамкорликни қўллаган ҳолда жамланади, ўрганилади ва ҳисоб-китоб қилинади.

Оилани кам таъминланган оила деб эътироф этиш ва унга болалар нафақаси тайинлаш ёки тайинлашни рад этиш автоматлаштирилган тарзда амалга оширилади.

Лобар Розимова,

Hudud24.uz колумнисти

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз