Барҳаёт сиймо

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов

Ислом Каримов 1938 йилнинг 30 январида Самарқанд шаҳрида оддий хизматчи оиласида таваллуд топди. Унинг оиласида ҳар кунги оғир меҳнат яшаш учун пул топишнинг ягона усули эди. Унинг болалиги уруш ва урушдан кейинги йилларга тўғри келди. У ва унинг барча яқинлари бир бурда ноннинг ҳақиқий баҳосини билганига қармасдан, қийинчилик ва йўқчиликни бошидан кечирди, улар минглаб ватандошларимиз каби Иккинчи жаҳон уруши вақтида Ўзбекистонга эвакуация қилинган кишилар билан ўз уйи ва туз-нонини баҳам кўрганди.

Ислом Каримов 1945 йилда Самарқанддаги А.С.Пушкин номидаги 21-мактабга ўқишга кириб, уни олтин медаль билан тамомлайди. Ўқувчилик йиллари мобайнида кўп адабиётларни, айниқса, тарих бўйича адабиётларни ўқиди. У аниқ фанларни ёқтирарди, шахматга, моделлаштириш ва стол теннисига қизиқарди.
1955 йилда Ислом Каримов Ўрта Осиё политехника институтига ўқишга киради. 1960 йилда уни тамомлаб ва “муҳандис-механик” мутахассислиги бўйича диплом олиб, “Тошсельмаш” заводида ўз меҳнат фаолиятини бошлади ва қисқа давр ичида уста ёрдамчиси, уста ва технолог каби лавозимларда ишлашга улгурди. Бу завод қишлоқ хўжалиги техникасининг ҳар хил турларини, шу жумладан пахта териш машиналарини ишлаб чиқарарди.
Ўзининг интилувчанлиги, билимдонлиги ва ташкилий фазилатлари туфайли 1961 йилда у собиқ Совет Иттифоқининг ҳарбий-саноат мажмуасининг йирик корхоналаридан бирида – Тошкент авиация заводида муҳандис лавозимига тайинланади. Бу ерда у 1966 йилгача ишлаб, етакчи муҳандис-конструктор лавозимигача кўтарилади.
Тақдир унга кулиб боқмаганди. У қатор қийинчиликлар ва тўсиқларни бартараф этиши лозим эди. Бу эса унинг характерини тоблар, уни янада мустаҳкам қиларди. У ҳаёт йўлини, авваламбор, ўз кучи ва билимларига таяниб босиб ўтди. Мактаб йилларида, институтда, ишлаб чиқаришдаги меҳнат фаолиятида ва иқтисодий таълим олаётганида ва диссертациясини ҳимоя қилганида ҳам у ўз кучи ва билимига таянди. У ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим олди. Айнан шу тарзда 1967 йилда у Тошкент халқ хўжалиги институтининг кечки бўлимини тамомлайди.
1973 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтида “Ўзбекистон ССР саноатининг тармоқ тузилиши ва уни такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилади. 1975 йилда Москвада нуфузли Халқ хўжалиги бошқаруви институтида иқтисодий-математик усуллар ва ҳисоблаш техникасини қўллаган ҳолда ишлаб чиқариш ва режалаштиришни бошқариш, ташкил қилиш замонавий усуллари соҳаси бўйича таҳсил олди.
1994 йилда унга иқтисод фанлари доктори илмий даражаси, “макроиқтисодиёт” ихтисослиги бўйича профессор илмий унвони берилади. У Ўзбекистон Фанлар академиясининг “иқтисодиёт” ихтисослиги бўйича ҳақиқий аъзоси этиб сайланади.
1966 йилдан эътиборан Ислом Каримов Ўзбекистон Давлат режа қўмитасига ўтиб, фан бўлими бош мутахассиси лавозомидан Давлат режа қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимигача йўлни босиб ўтди, жиддий ва ўзига хос фикрлайдиган истеъдодли иқтисодчи обрўсига эришди.
1983 йилда Молия вазири, 1986 йилда Министрлар Кенгаши раисининг ўринбосари – Ўзбекистон Давлат режа қўмитаси раиси бўлади. Иқтисодчи, назариячи ва амалиётчи Ислом Каримов хўжалик юритишнинг маъмурий-буйруқбозлик тизими бутунлай нотўғрилигини кўриб англаган. У Қашқадарёда қарийб уч йил ишлади. Унинг бош мақсади халқнинг ишончини қозониш, ҳокимиятга нисбатан муносабатини ўзгартириш, вилоятда ишларнинг аҳволини яхшилашдан иборат эди. Ва у буни уддалади. Қарийб 300 км йўллар, бозорлар, ижтимоий-маданий объектлар қурилди.
Ислом Каримов қандай лавозимда ишламасин, у, авваламбор, ўз Ватанининг фуқароси бўлиб қолди, халқининг бахтли ва фаровон турмуш кечиришини хоҳлади. Халқ ҳам ўз ҳаётидаги ижобий ўзгаришларни ҳис қилиб, унга катта ишонч билан қарабгина қолмай, балки ўз йўлбошчисининг ҳақиқий фикрдоши бўлди.
Ўша йилларнинг ўзида унинг Ватан олдидаги хизматлари “Меҳнат Қизил Байроқ” (1981) ва “Халқлар дўстлиги” (1988) орденлари билан тақдирланганди.
1989 йил 23 июнь куни И.А.Каримов Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитаси биринчи котиби этиб сайланди ва ўша вақтда фожеали воқеалар рўй берган паллада Ўзбекистон бошқарувини ўз зиммасига олди.
Ислом Каримов Ўзбекистон раҳбари этиб сайланганидан кейинги кунидаёқ, яъни 1989 йил 24 июнда ҳукумат йиғилишида у қатъиян: “Биз бундан буён эскича яшолмаймиз ва бундай яшашга замоннинг ўзи йўл қўймайди”, деган фикрни илгари сурди, шунингдек, қадамба-қадам республикамизни ривожлантириш бўйича чуқур ўйланган ўз дастурини татбиқ этишга киришди.
Қисқа муддатларда тубдан кўрилган бошқа чоралар билан бирга 1989 йил августидаёқ тарихий қарор қабул қилинди – 400 минг гектарга яқин суғориладиган ерлар қарийб 2,5 миллион оилага томорқа сифатида ажратиб берилди. Бу, шубҳасиз, долзарб ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни сақлашга хизмат қилди. Агар битта тарихий фактни ҳисобга оладиган бўлсак, ушбу биринчи навбатдаги ўзгаришнинг бутун миқёсини англаш қийин эмас: совет ҳокимиятининг 72 йили мобайнида Ўзбекистон қишлоқ аҳолисига атиги 300 минг гектар ер ажратилган эди, холос.
1989 йил октябрида жуда узоқ вақт мобайнида иккинчи даражали ўринларда бўлган ўзбек тилига давлат тили мақомини берган “Давлат тили тўғрисида”ги қонун қабул қилингани Ислом Каримовнинг дадил сиёсий қадами бўлди. Бу ўзбек халқининг миллий онги юксалиши учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб, мустақилликни қўлга киритиш йўлида биринчи ғалаба эди.
Таъкидлаш жоизки, ўша вақтда Ўзбекистон СССР таркибида бўлган, унда жуда катта мамлакатни бошқарадиган қаттиқ маъмурий-буйруқбозлик тизими амал қилган. Гарчи мазкур қарор Москва маркази сиёсатига зид бўлса ҳам, у қабул қилиниб татбиқ этилди.
1990 йил март ойида Михаил Горбачев ва унинг атрофидагиларни ҳайрон қолдириб, Ўзбекистон иттифоқдош республикалардан биринчи бўлиб Республика Президенти лавозимини жорий қилди. 1990 йил 24 март куни Олий Советнинг сессиясида И.А.Каримов Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти этиб сайланди.
1990 йил 21 июнда Ўзбекистон ССР Олий Советининг иккинчи сессиясида И.А.Каримовнинг ташаббуси билан “Мустақиллик тўғрисидаги декларация” қабул қилинди. Бу мустақиллик кураш борасидаги жасур ва ҳал қилувчи қадамлардан бўлиб, улар кўп миллионли халқимиз Москва марказидан айтилган коммунистик мафкуранинг босими остида бошқа яшашни истамаслигининг тасдиғи бўлди.
1991 йил 31 августда 12 чақириқ Ўзбекистон ССР Олий Советининг навбатдан ташқари олтинчи сессиясида И.А.Каримов Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилди. Ўша куннинг ўзида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги Қонунга имзо чекди.
1990 йилнинг августидаёқ Ислом Каримов компартияни қайта ташкил қилишга киришди, халқимизнинг “Янги уйни қурмай туриб, эскисини бузманг” деган доно фикрини қўллаб-қуватлаб, унинг мафкураси ва сиёсатини амалда тубдан ўзгартиришга ҳаракат қилди. Одамлар ва маъмурият улкан захиралари бўлган ҳукмрон партия мутлақо янги мафкура ва сиёсатига эга халқ демокртатик партиясига ўзгартирилди.
Сайлов 1991 йил 29 декабрда умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилди. Мутлақ кўпчилик овоз билан ушбу юксак лавозимга Ислом Абдуғаниевич Каримов сайланди. Унга сайловчиларнинг 86 фоизи овоз берди.
Мустақиллик қўлга киритилиши билан Президент И.А.Каримовнинг фаол ташқи сиёсий фаолияти бошланади. Ўша давр учун энг муҳим вазифани ҳал қилиш – Ўзбекистон суверен, мустақил давлат сифатида эътироф этилишига эришиш, халқаро ҳуқуқнинг тўлақонли субъектига айланиш зарур эди. Бутун дунё нигоҳи қаратилган республикамизда аниқ ишлар, туб ўзгаришлар зарур эди.
Мустақил давлатимизнинг асосчиси Ислом Абдуғаниевич Каримов 2016 йил 2 сентябрь куни соат 20.55 да Тошкентда мия қон айланишининг ўткир бузилиши (инсульт) оқибатида вафот этди. У ўзини она Самарқанд заминида дафн этилишини хоҳлаган эди. Ва унинг васияти бажо келтирилди. 2016 йил 3 сентябрь куни Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти ўзининг кичик ватани – Самарқанд шаҳрининг қадимий Ҳазрати Ҳизр масжидида дафн этилди.
Манба : http://islomkarimov.uz/ асосида.

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз