Бош саҳифаЭ-мутолааСуд очерклариБебошлик етаклаган кўча

Бебошлик етаклаган кўча

Ёшликни умр баҳорига қиёслашади. Дарҳақиқат унинг таровати, шиддати бўлакча. Ёшликда олинадиган билим инсон ҳаётининг бахтли ва сермазмун ўтишини кафолатлайди. Бироқ ёшлик чоғида қилинган хатолар келажакни барбод этиши мумкин.
Эндигина 26 ёшга кириб бирор ҳунарни бошини тутмаган, ҳеч бир ишхонада бир ҳафтадан ортиқ ишлай олмаган Шерзод Фозилов (исм-шарифлар ўзгартирилган) қаерга борса жанжал чиқариб, безорилик қилгани учун жавобгарликка ҳам тортилган. Афсус, ота-онаси фарзандини тўғри йўлга сололмади.
Янги йил арафасида опасини йўқлаб келган Рисқибой ака жиянининг қилмишларини эшитиб хуноб бўлди. “Бизникида яшаб турсин, кўчадаги ўртоқлари буни айнитаяпти, мол-холга қарайди, ишлаб пул топса ўзига келиб қолади”, деб Шерзодни ўзи билан олиб кетди.
Байрам. Соат ўн иккига бонг урганида барча катта дастурхон атрофида тўпланиб, тилак билдиришди. Кейин эса ҳамма ўзи билан ўзи бўлиб қолди. Байрам телефон орқали яқинларни табриклашга уланиб кетди.
Тоғасининг 15 ёшли ўғли Шаҳбоз ўртоқлари билан сотиб олган пақилдоғини Шерзодга кўрсатиб, “Пақилдоқ отишимга дадам рухсат бермайди-да, бўлмаса роса маза бўларди”, деди. Шерзоднинг кайфияти тушиб кетди. Тоғасинг катта ўғли Шаҳзод ўзи билан тенгдош. У ҳам аксига олиб дўстларининг олдига кетиб қолди. Ҳамма бир-бирини табриклаш билан банд.
Сигарет сотиб олиш учун Шерзод ва Шаҳбоз кўчага чиқишди. Кўчада ҳеч ким йўқ. Дам-бадам осмонни ёритиб салют отилади, кейин баланд овозда кетма-кет гумбурлаётган пақилдоқ овозлари эшитилади.
Болалар ўйингоҳига етишганда Шерзод ўриндиққа ўтириб олди. Шаҳбозга пул узатиб сигарет олиб келишини сўради. Шерзод жуда хафа эди. Тоғаси уни ишчи қилиб олиб келди-ю, ўзидан бир оғиз розилигини сўрамади. Бу ҳам етмаганидек, қулдек муомала…
Дўкондан сигарет ва гугурт олаётган Шаҳбознинг ёдига чўнтагидаги пақилдоқ тушиб қолди: “Кўчада ҳеч ким йўқ, ҳеч ким пақилдоқни ким ташлаётганини билмайди. Ахир байрамда пақилдоқ отиш керак-ку”.
Шаҳбоз чўнтагидан пақилдоқ чиқариб ёқди ва ариққа отди. Атроф гумбурлаб кетгандек бўлди. Кейин яна отди.
“Энг қиммат пақилдоқ, нархига арзийди, бошқалари бунинг олдида ҳеч нарса эмас”, деб ўйлади Шаҳбоз. Пойлаб туриб бироздан сўнг кейингисини ёқиб улоқтирди. Яна гумбурлаш…
Шу пайт орқасидан кимдир келиб уни тўхтатиб қолди. Маҳалладоши Саид ака Шаҳбознинг юзига тарсаки тушириб, ёқасига ёпишди: “Ўзингнинг уйинг олдида пақиллат, тушундингми, бу ерда ёши катталар бор, уларни юрагини ёрдинг-ку!”, деди у. Саид аканинг бақувват кафтидан чиқиб кета олмаётган Шаҳбоз, сўкиниб, қаршилик кўрсатди.
Сигаретга кетиб, қолиб кетгани учун Шаҳбозни қидириб дўкон томонга келаётган Шерзод бу ҳолатни кўриб тутоқиб кетди. Югуриб бориб Саид аканинг белига тепди. Саид ака ерга йиқилди. Шерзод келиб унинг кўкрагига тепди. Шаҳбоз ҳам Шерзодга қўшилиб Саид акани тепмоқчи эди, Саид ака уни оёғидан тортиб йиқитди. Бўлаётган жанжални қўшнилар тўхтатмоқчи бўлишди. Шу вақт дўстлари билан дўконга келаётган Шаҳзод ҳам укаси ва Шерзодни таниб, орага қўшилди. У ҳам қандай воқеа бўлганини билмай туриб, югуриб бориб Саид акага мушт туширди. Саид ака ўзини ҳимоя қилиб, мушт қайтарганди, Шаҳзод ерга қулади.
Саид акага бас кела олмаслигини тушунган Шерзод тоғасининг уйига югуриб кетди. Қўни-қўшнилар аралашиб, муштлашувни тўхтатиб, Саид акани четга олишаётган вақтда Шерзод бирдан югуриб келиб, тоғасининг уйидан олиб келган пичоқни Саид акага санчди.
Ёшлик – бебошлик дейдилар. Оқибатини ўйламай қилинган иш, жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимаслик, ғазабни бошқара олмаслик инсон умрининг энг тароватли даврини панжара ортида ўтказишга сабаб бўлиши турган гап. Шерзод эса буни кеч англади.

Аҳаджон ЎЛМАСОВ,
жиноят ишлари бўйича Юқори Чирчиқ туман суди раиси

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз