“Одамнинг оласи ичида”, дейишади. Баъзан “Туппа-тузук йигит эди-ку-а, қандай қилиб бундай беъмаъни ишларга аралашиб қолибди?”, дея ҳайрон қоламиз. Билмаймизки, бунинг сабаби ўз вақтида олган тарбиясидаги кемтикликка бориб тақалади. Келинг, фикримиз тасдиғи учун суд амалиётидан бир мисол айта қолайлик.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Сирғали туман судининг қора курсисида ўтирган Акмал (исмлар ўзгартирилган) ҳақида уни таниган-билганлар яхши фикрларни айтиши мумкин. Шу боис, уни ўғрилик қилишини ҳеч ким кутмаган бўлса керак. Гап шундаки, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга қарашли корхонада қўриқчи лавозимда ишлаб, озми-кўпми ҳамкасбларининг ишончини қозона олган. Кунларнинг бирида ундан ҳамкасби Тўрабек телефонига “Click” дастурини ўрнатиб беришни сўрайди. Телефонга бундай хизматларни қандай ўрнатишни яхши тушунмаслигини айтиб, унга ўзининг телефонини ва пластик картасини ташлаб кетади.
Буни қарангки, Акмал фурсатдан фойдаланиб қолишни маъқул кўради. Ҳеч иккиланмай ўзининг телефонидаги “Оson” дастурига ҳамкасбининг пластик картасини ўрнатиб олади. Бир вақтнинг ўзида икки телефонга ўрнатилган бу хизматдан яширин тарзда фойда кўриб юриш режасидан боши осмонга етган бўлган бўлса ажабмас. Нима эмиш, телефонига “Click” дастурини ўрнатиб бераётиб, ўзида моддий қийинчилик юзага келганлиги ёдига тушиб, молиявий муаммоларини тезроқ ҳал этиш учун телефонидаги “Оson” дастурига ҳам қўшимча тарзда улаб олган экан.
Хўп, ўғри қанча маблағни ўмарибди, дерсиз?! Орадан тахминан 10 кун вақт ўтиб икки марта Тўрабекнинг пластик картасидан 5 миллион сўм миқдоридаги пул маблағини ечиб олади. Қинғир ишидан мамнун бўлиб, танишидан олган 4 миллион 500 минг сўм қарзини узади.
Чучварани хом санаган Акмал охир оқибат пушаймонликдан юзи қизариб суднинг қора курсисига ўтирди. Хулоса шуки, ҳаёт йўллари мураккаб, унда учрайдиган катта ё кичик муаммоларни тезроқ ҳал бўлишини ҳар ким истайди. Лекин бунда инсон қай даражада вазмин бўла олиши, ўзини назорат қилиши, мулоҳаза билан иш тутиши айланиб-айланиб тарбия масалаларига бориб тақалаверади.
Ш.ЮЛДАШЕВ,
жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Сирғали туман суди судьяси