Дунёнинг энг бой одамларидан бири Билл Гейтс сўнгги ўн йил ичида АҚШнинг 18 штатида 110 минг гектарга яқин қишлоқ хўжалиги ерларини сотиб олган ва шу тариқа миллиардер мамлакатдаги энг йирик хусусий мулкдорга айланган. Бу ҳақда NBC News ва The Land Report томонидан ўтказилган суриштирув натижаларига кўра, Дарё.уз интернет нашри маълум қилди.
Нашрлар маълум қилишича, Гейтснинг фермерлари Луизиана штатидаги қарийб 30 минг гектар майдонда маккажўхори, пахта ва шоли, Небраска штатидаги саккиз минг гектар ерда эса соя етиштиради. Вашингтонда миллиардер беш минг гектар қишлоқ хўжалиги ерларига эгалик қилади. Баъзи далаларда McDonald’s учун картошка етиштирилади.
Маълумки, Билл Гейтс иқлим ўзгаришига қарши курашга мунтазам равишда сармоя киритади ҳамда барқарор озиқ-овқат ишлаб чиқаришни, масалан, гўшт ўрнини босувчи ва ўсимликларга асосланган озиқ-овқат альтернативларини яратиш бўйича стартапларни қўллаб-қувватлайди. Бироқ миллиардер ер сотиб олиш унинг экологик фаолияти билан боғлиқ эмаслигини айтди: “Менинг сармоявий гуруҳим шундай қилишга қарор қилган. Бу иқлим билан боғлиқ эмас”.
Нью-Йоркдаги янги фермерларнинг Миллий коалицияси директори Холли Риппон-Батлер Гейтсни шунча гектар майдонларни сотиб олгани учун танқид қилди. Унинг фикрича, бу ёш фермерларнинг бозорга киришига тўсқинлик қилади: улар ер сотиб олаётганда миллиардер билан рақобатлаша олмасдан, ерни ижарага олишга мажбур бўлмоқда.