Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонБиргина араз оила ажралишига сабаб бўлишига оз...

Биргина араз оила ажралишига сабаб бўлишига оз қолди…

2021 йил 7 май. Каттақўрғон туман ФҲДЁ бўлими. Идорамизга ёшгина жувон тушкун  кайфиятда кириб келди.

— Ажрашиш учун ариза бермоқчидим, — у гапни чўзиб ўтирмасдан дарҳол мақсадини маълум қилди.

— Келинг, ўтиринг, — Барно Бойқўзиеванинг (ярашувчилар хоҳишига кўра исмлар ўзгартирилган) гапидан кўнгли чўккан мудира бироз шошиб қолди. Ўзи гувоҳлигида бунёд бўлган оиланинг дарз кетаётгани унинг руҳини синдирди.

— Нима учун ажрашмоқчисиз, ахир оила қурганингизга ҳеч қанча бўлмади-ку? — дея сўради мудира ажрим сабабини аниқлаш мақсадида.

— Оилавий келишмовчилик. Эрим менга қўл кўтарди. Яна…

Мудира Барнонинг арз-додини эшитаркан мийиғида кулимсираб қўйди. “Мана бугуннинг ёшлари…”, дея хаёлидан ўтказди ҳам. Бу иши яхши эмаслигини, чуқур ўйлаб кўришини маслаҳат берди. Унга руҳий мадад беришга ҳаракат қилди. Аммо аёл қарори қатъий эканини айтди…

Шундай бўлса-да, мудира унга вақт берди. Оилани сақлаб қолиш мақсадида тегишли ташкилотлар билан маслаҳатлашди. Орадан ҳафталар ўтди. Вазият ўнгланмагач, масалани чуқурроқ ўрганиш учун 22 июнь куни вилоят прокуратураси вакили, маҳалла раҳбарияти билан ёшларнинг хонадонига бориб, оила аъзолари билан профилактик суҳбат ўтказди.

— Энди нима бўлади? Бизни деб шунча одам овора, — хаёлидан ўтказди Барно теваракка кўз ташлар экан. — Аразлаб ҳам кетдим, лекин туғилиб ўсган уйимга ҳам сиғмадим-ку. Чиққан қиз чиғириқдан нари, деганлари шу эканда-а?.. Бундан баттари бўлмайди. Бироқ тўйдан олдин ўлдим, куйдимлаб ортимдан қолмаган йигитнинг тўйдан ҳеч қанча ўтмасдан қўл кўтаришини қандай тушунай? Унга аччиқ қилиб, ажрашдик ҳам дейлик, кейин нима қиламан? Тўхта, Барно. Оиламиз бузилмасин, деб шулар жонкуйдириб келиб турган пайтда мени уларнинг гапига кирмаслигим оқибати яхши бўлмас…

Саъй-ҳаракатлар натижасида ёш оила ярашишга қарор қилди. Ёшликка бориб, хато қилганларини айтиб барчадан узр сўради. Ўзидан ҳам кўпроқ жон куйдирган мудирадан миннатдор эканликларини билдиришди.

М.Ҳасанов,
ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси
ахборот хизмати раҳбари

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз