Адвокатурани такомиллаштириш бўйича таклифлар
- Жиноят процессуал кодексига судга қадар бўлган жараёнларда адвокатнинг ҳуқуқларини кенгайтириш бўйича ўзгартиришлар киритиш;
- “Адвокатлик фаолиятини лизенциялаш ва адвокатлик тузилмаларини ташкил этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;
- битирувчи босқич талабаларига ўқишдан бўш вақтда адвокат ёрдамчиси сифатида ишлаш ҳуқуқини бериш;
- қонунчиликда адвокатнинг ваколатларини, шу жумладан, далилларни тўплаш ва тақдим этиш ваколатларини кенгайтириш керак.
Дунёда инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишда адвокатнинг ўрни муҳим аҳамият касб этади. Негаки адвокат ҳуқуқларининг амалга оширилиши ва кенгайтирилиши учун шарт-шароитларнинг яратилиши инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг муҳофазасига хизмат қилади. Шу ўринда айтиш керакки, бугунги кунда адвокат ҳуқуқларини кенгайтириш борасида кўплаб саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Президентимиз томонидан 2022 йил 28 январь куни имзоланган “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармони билан мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш 7 та энг устувор йўналишларнинг иккинчиси сифатида белгиланди. Мазкур йўналишдаги мақсадларга эришиш учун эса 28 та чора-тадбир белгиланмоқда. Адвокатура институтини такомиллаштириш ана шулардан биридир.
Ҳозирги кунда Республикамизда адвокатларнинг ўз касбий фаолиятларини амалга оширишлари учун зарур ҳуқуқий майдон яратиш, уларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш, жиноят процессида айблов тарафи билан тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўлиши учун етарли шароит яратиш долзарб аҳамият касб этмоқда. Маълумки, суднинг барча босқичларида жиноят процессида тортишув принципининг айблов ва ҳимоя тарафларининг процессуал имкониятлари тенглаштирилиб борилмоқда. Шунга кўра, Жиноят процессуал кодексида тортишув принципини ишни судга қадар юритишда ҳам амал қилишини белгилаш билан бирга, адвокатнинг ҳуқуқларини кенгайтиришимиз мақсадга мувофиқдир.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришни янги босқичга кўтариш, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, жиноят ишларини юритишнинг барча босқичларида адвокат нуфузи ва процессуал мақомини ошириш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда назорат органлари фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Президентимизнинг 2018 йил 12 майда имзоланган “Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2020 йилнинг 10 август куни қабул қилинган “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонлари, шунингдек, 2019 йил 13 декабрдаги “Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларни амалга оширишга катта эътибор берилди.
Албатта, адвокатура фаолиятига оид қонунчилик ҳужжатларини тизимлаштириш ва тўғридан-тўғри амал қилувчи конунни ишлаб чиқиш зарурати мавжуд. Адвокат мақомини янада мустаҳкамлаш ва фаолият механизмини тартибга солувчи барча нормаларни ишлаб чиқиш орқали қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бу борадаги назария ва амалиётни такомиллаштиришга қаратилган бир қатор қоида ва амалий тавсияларни ишлаб чиқишга хизмат қилишида ифодаланади. Биз биламизки, қонунда адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш учун бир қатор талаблар қўйилган. Унга кўра, ҳозирда адвокатлик лицензиясини олиш учун юридик мутахассислик бўйича 2 йиллик иш стажи талаб қилинади. Шу боис Вазирлар Маҳкамасининг “Адвокатлик фаолиятини лизенциялаш ва адвокатлик тузилмаларини ташкил этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш вақти келди.
Яна бир масалага тўхталиб ўтсак. Айни пайтда республикамизда адвокатларнинг 60 фоизи 50 ёшдан ошган шахслардир. Улар орасида 30 ёшга тўлмаган ёшлар жуда кам. Бу, албатта, муаммоли ҳисобланди.
Ҳозирги кунда Тошкент давлат юридик университетида адвокатлик фаолияти билан шуғулландиган профессор ўқитувчилар бор. Талабалар адвокатларга ўқишдан бўш вақтларида адвокат ёрдамчиси бўлиб, амалиётни ўрганиш учун катта қизиқиш билдиришади. Бакалавр босқичи талабалари даъво предметларига кўра уларни ўрганиш, тузиш, расмийлаштириш, фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериб бормоқдалар. Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, олий юридик таълим муассасаларининг бакалавр йўналишида таҳсил олаётган битирувчи курс талабаларига ўқишдан бўш вақтда адвокат ёрдамчиси сифатида ишлаш ҳуқуқини бериш келажакда ёш адвокатлар сонини ошишига хизмат қилади.
Тараққиёт стратегиясида яна бир масалага тўхталиб ўтилган бўлиб, судлар тизимида «ягона дарча» тамойилини кенг жорий этиш мақсадида аризаларни судга тааллуқлилигидан қатъи назар қабул қилиш ва ваколатли судга юбориш ҳамда муайян иш доирасида барча ҳуқуқий оқибатларни ҳал қилишни таъминлаш тизимининг жорий этилиши муҳим ҳисобланади. Ушбу масала фуқароларни ортиқча оворагарликдан халос этади. Айтишимиз жоизки, иш фуқаролик, иқтисодий ёки маъмурий судга тааллуқли бўлишидан қатъи назар, аризани ушбу судлар томонидан қабул қилиш ва судга тааллуқлигига кўра, тегишли судга юбориш тартибини белгилаш ҳам муҳим ҳисобланади. Маъмурий, фуқаролик ишларида ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган шахсларга адвокат билан бепул таъминлаш масаласи ҳам муҳим ҳисобланади. Сабаби, фуқаро ариза билан судга бирор бир масала бўйича мурожаат қилганда унинг мурожаати эътибордан четда қолмайди. Жиноят-процессуал кодексининг 87-моддаси 2-қисмига биноан адвокат далиллар тўплаш ҳуқуқига эга. Кодекснинг 81-моддаси 1-қисмида далил бўлиб ҳисобланадиган маълумотларни аниқловчи шахслар таркибида ҳимоячи кўрсатиб ўтилмаганлиги юзасидан олимлар томонидан таклиф ва тавсиялар берилмоқда. Процессуал конунчиликда адвокатнинг ваколатларини, шу жумладан, далилларни тўплаш ва тақдим этиш ваколатларини кенгайтирилиши ишонч билдирувчи шахснинг ҳимояга бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди.
Гулчеҳра ТЎЛАГАНОВА,
ТДЮУ профессори, юридик фанлар доктори
Альбина Таджибаева,
ТДЮУ доценти вазифасини бажарувчи, юридик фанлар номзоди