Барча ҳудуд ва тармоқ раҳбарлари, маҳаллалар, фермер-деҳқонлар, аҳоли, умуман,
кенг жамоатчилик, барчамиз бу лойиҳада иштирок этдик. Куз мавсумининг “долзарб 40 кунлигида” 85 миллион туп дарахт кўчати экилди, деган маълумотлардан хабардормиз. Бироқ уларнинг нечтаси тутиб кетишини, кўкаришини билмаймиз. Энг ачинарлиси, бизда қанча дарахт қуриди, кесилди, нобуд бўлди, деган аниқ статистик
маълумотни топиш осон эмас.
Агар бор бўлса ҳам, улар нореал маълумот. Чунки, кесилган дарахтлар сони экилган
дарахтлар сонидан кўплигига ишончимиз комил. Яна бир томони — дарахтлар қанча-қанча пулга экилади, кесилганда эса…
Жарималар бор-ку, дейсизми?
Бир кечада неча юзлаб дарахтларни кесиб, “Туя кўрдингми, йўқ!” деб турадиган, бу дарахтларнинг товонини ким тўлайди, деган саволингизга “Пулни бир чўнтакдан иккинчи чўнтакка ўтказишнинг нима кераги бор?”, деган кинояли савол билан жавоб берадиган устаси фаранг “дарахтхўр” амалдорлар жарима тўлармиди? Яна бир гап. Минглаб дарахтларни кесиб, қават-қават уйлар, дўкону хусусий корхона қурган одамни оппоқ, деб ҳимоя қилишга устамиз-у, қаҳратонда чўлнинг изғирин совуқларидан болаларини асраш учун икки дона саксовулни кесиб ўтин қилиб ёққан бечора оддий одамнинг гарданига катта суммада жаримани босишга виждонимиз қийналмайди. Бу ҳам етмаганидек, телевидение ва бошқа тармоқларда уни табиатга зиён етказувчи инсофсиз ўғрига чиқариб, ўзимизни ватанпарвар қилиб кўрсатишни
яхши кўрамиз.
Яқинда ижтимоий тармоқларда Британияда 70 та аёл дарахтларга турмушга чиққанлиги ҳақидаги хабарни ўқиб, кўпчилик ҳайратланганди. Нега дейсизми? Бристол шаҳрининг маҳаллий ҳокимият вакиллари дарахтларни кесиб, ўрнига 166 та уй қурмоқчи бўлган экан, уларни сақлаб қолиш учун аёллар шундай йўл тутишибди.
ҚОНУНЛАР НИМА ДЕЙДИ?
Бизда қонунларни менсимайдиган амалдорлар кўп. Чунки қонунларимиз суст ишлайди. Шунинг учун дарахтларга озор бераётган шахслар жазосиз қолмоқда. Шунинг учун ҳатто дарахт кесишга эълон қилинган мораторий ҳам кор қилмасдан,
қанча-қанча қимматбаҳо ва оддий дарахтлар кесилган. Гарчи, дарахтларни асрашга
оид қонунлар ижроси ниҳоятда суст бўлса-да, Ўзбекистонда дарахт кесишга мораторийнинг муддатсиз даврга узайтирилганлиги қалбимизда яхши умид пайдо қилди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари таъкидлаган қуйидаги қатъий талаб ҳам ерда қолмаслиги аниқ! “Барча раҳбарлар бир нарсани аниқ эшитиб олсин. Бундан буён бирорта “яшил ҳудуд” ва жамоат паркида ҳар қандай дарахтларни кесиш қатъиян тақиқланади!”
ДАРАХТ ЭКИШ ҲАМ ХАЙР-ЭҲСОН, САДАҚАДИР
Дарахтлар ҳам давлатнинг тарихига, миллат бойлигига дахлдор. Дунёнинг кўплаб ривожланган давлатларида, машҳур шаҳарларида дарахтларга ҳурмат бошқача. Қадимий дарахтлар ва уларнинг тарихи ёзилган паннолар очиқ осмон остидаги
музей сифатида сайёҳларга ифтихор билан кўрсатилади. Ҳатто қуриган дарахтларни ҳам кесиш эмас, уларнинг тирилиши, ўзини тиклаб олишига имконият яратилган. Уларни турли табиий офатлар, тез-тез бўлиб турадиган тайфунлардан асраш учун
ҳар бир дарахт ҳимоя тўсиқлари билан ўраб қўйилган. Биз эса…
Балки, бунга исломда ҳам “Дарахт экиш хайр-эҳсон (садақа) саналади ва экувчи ундан фойда кўрган барча кишилардан дуо олади” дейилган ҳадислар борлигини билмаслигимиз сабаб бўлаётгандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг
ўз умматларига айтган “Агар қиёмат бўлиб қолса ва бирортангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, бас, уни экиб олсин”, деган ундовларини қалбимизга муҳрлашимиз зарур! (Бухорий ва Аҳмад ривояти). Зеро, дарахт экишнинг қанчалик хайрли ва хосиятли амал эканлигига бундан ортиқ ундов бўлмас!
Маруса ҲОСИЛОВА,
“Инсон ва қонун” мухбири