Тадбиркорни қўллаб-қувватлашда маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва бошқа давлат ташкилотларининг роли катта. Улар тадбиркорни тушунса, у билан муносабатларини тўғри ва қонуний йўлга қўйса, ҳудудда ишбилармонлик муҳити ривожланади, бу эса тадбиркорнинг фаолиятида бевосита ўз аксини топади.
Шуни эътиборга олиб Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 январдаги «Республика ҳудудларида тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасига баҳо бериш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 8-қарорига асосан ҳудудларда тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасини мониторинг қилиб бориш ва йиллик рейтингини тузиш амалиёти жорий этилган. 2019 йилдан бери ҳудудларнинг бизнес рейтинги b-indicator.uz сайтида эълон қилиниб келинмоқда.
Яқинда Адлия вазирлиги Ўзбекистонда ҳудудларнинг йиллик бизнес рейтингини эълон қилди. Унгакўра 2021 йилнинг якуни бўйича 14 та вилоят ҳамда 205 та туман (шаҳар)нинг рейтинги аниқланди. Рейтинг 17 та индикатор бўйича шакллантирилиб, унда 30 га яқин масъул идора томонидан киритилган қарийб 4 мингта статистик маълумот таҳлил қилинди. Таҳлил натижасига кўра қуйидаги асосий хулосалар олинди.
Бизнес муҳити
Рейтингдан энг муҳим мақсад – қайси ҳудудда бизнес муҳити яхшию, қаерда муаммолар бор деган асосий саволга ойдинлик киритишдан иборат.
Ўтган йилги бизнес рейтингига кўра 14 та ҳудуд ичида тадбиркорлик муҳити бўйича энг яхши кўрсаткичлар Навоий вилоятида қайд этилди. Кучли учликни Тошкент шаҳри ва Фарғона вилояти эгалланган.
Аҳвол энг ёмон ҳудудлар сифатида эса Сурхондарё, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида энг қуйи натижалар қайд этилди.

Бундан ташқари, туман даражасида баҳолаш 6 та йўналиш бўйича амалга оширилди. Туман (шаҳар)лар орасида энг яхши кўрсаткич Ғозғон шаҳрида (Навоий вилояти) қайд этилган бўлса, энг паст кўрсаткич Ангрен шаҳрида (Тошкент вилояти) эканлиги аниқланди.
Тадбиркорларни «безовта қилиш» ортган
Сўнгги йилларда рейтинг баҳолаш тизими тадбиркорлар фаолиятида текширишларнинг салмоғи тобора ортиб бораётганини кўрсатмоқда. Хусусан, 2021 йилда текширишлар 2019 йилга нисбатан 34 фоизга ошган.
Тадбиркорларни энг кўп текширувчи идоралар сифатида солиқ, санитария ва карантин назорати органларини кўрсатиш мумкин. Жумладан, 2019 – 2021 йилларда ўтказилган текширишларнинг 40 фоизи (81 мингта) солиқ органлари, 21 фоизи (42,5 мингта) санитария органлари, 17 фоизи (35,8 мингта) карантин назорати органлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Ачинарлиси, текширишларни ўтказишда энг кўп қонунбузилиш ҳолатларига ҳам айнан мазкур идоралар йўл қўймоқда.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлар текширишлар билан энг кўп безовта қилинган: у ердаги тадбиркорларнинг 18,5 фоизи текширилган (ўртача кўрсаткичдан 2 баравар юқори). Шунингдек, Қашқадарё (14,4 фоиз), Сирдарё (14,2 фоиз), Навоий (12,8 фоиз) ва Наманган (12,7 фоиз) вилоятларида ҳам энг кўп текшириш ўтказилган. Тадбиркорлар сонига нисбатан энг кам текшириш эса Тошкент (5 фоиз), Самарқанд (7,7 фоиз) ва Андижон (7,8 фоиз) вилоятларида амалга оширилган.
Албатта, тадбиркорларни текшириш жамиятнинг, шу жумладан, истеъмолчиларнинг хавфсизлиги учун зарурий восита ҳисобланади. Лекин ушбу ваколатнинг суиистеъмол қилиниши, ўз навбатида, тадбиркорларнинг эркин фаолият олиб боришига халақит беради ва уларга бўлган маъмурий босимни оширади.
Шу сабабли Президентнинг 2021 йил 15 сентябрдаги «Тадбиркорлик субъектлари учун маъмурий ва солиқ юкини янада камайтириш, бизнеснинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига асосан 2022 йилдан бошлаб тадбиркорларга маъмурий босим даражасини аниқлаш ва енгиллаштириш, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган Тадбиркорлик фаолияти эркинлиги индекси жорий этилди.

Эндиликда нафақат рўйхатдан ўтган текширишлар, балки тадбиркорлар фаолиятида ўтказилаётган ноқонуний текширишлар салмоғи, назорат органлари ходимларига нисбатан қўлланаётган таъсир чоралари ҳам баҳоланиб борилади.
Тадбиркорлик қилиш истаги ортмоқда
2021 йилга келиб Ўзбекистондаги ҳар 1000 нафар аҳолининг 26 нафари тадбиркорлик билан шуғулланмоқда. Мазкур кўрсаткич 2020 йилда 25 нафар, 2019 йилда эса 24 нафар бўлган. Аҳоли сонига нисбатан тадбиркорлар энг кўп ҳудуд Тошкент вилояти бўлиб, у ердаги аҳолининг 5,7 фоизи тадбиркорлик билан банд. Тадбиркорлар энг кам ҳудуд сифатида Қорақалпоғистон Республикасини (аҳолининг 1,6 фоизи) қайд этиш мумкин.
Тадбиркорлар сонининг ортиб бориши аҳоли бандлиги янада яхшиланишига кўмаклашади. Шу билан бирга, тадбиркорлар қанчалик кўп бўлса, уларнинг давлат идораларига нисбатан талабчанлиги ҳам ошади. Шу сабабли ушбу ҳолат бизнес муҳитини янада яхшилаш кераклигини англатади.
Тадбиркорликнинг «умри узаймоқда»
Барқарорлик тадбиркорлар ривожланаётганидан далолат беради. Барқарор ва узлуксиз бўлган тадбиркорлик фаолияти ўз натижасини бераётган ва даромад келтираётганини англатади.
Хусусан, ўтган йилда ўз фаолиятини 3 йил давомида узлуксиз олиб бораётган тадбиркорлар барча тадбиркорларнинг 27,5 фоизини ташкил этган. Бу эса 2019 йилга нисбатан 31 фоиз кўп. Яъни, Ўзбекистонда тадбиркорлар охирги 3 йил ичида нисбатан барқарорлашди, яшовчанлиги ошди.
Энг кўп «яшовчан» тадбиркорлар улуши Навоий вилоятида бўлиб, ҳудуддаги тадбиркорларнинг 44,4 фоизини ташкил этади. Узлуксиз фаолият юритаётган тадбиркорларнинг энг кам сони Тошкент вилоятида – ишлаб турган тадбиркорларнинг 14,1 фоизигина 3 йилдан ортиқ фаолият олиб бормоқда.
Бизнеснинг яшовчанлигини қўллаб-қувватлаш учун, ўз навбатида, давлатдаги қонунчилик ҳам шуни таъминлаши – барқарор бўлиши керак. Шу сабабли қонунчилик ҳужжатлари барқарорлигини таъминлаш келгусидаги энг устувор вазифаларидан бўлиши лозим.
«Тадбиркорликка қайтиш» кўпаймоқда
2020 йилда ўз фаолиятини тўхтатган ва нофаол бўлиб қолган тадбиркорларимиз жами тадбиркорларнинг 15 фоизига тенг бўлган бўлса, 2021 йилга келиб уларнинг сони қисқариб 12 фоизга яқинлашди.
Яъни, ишлашни тўхтатган тадбиркорларимизнинг аксарияти ўз фаолиятини тикламоқда. Бизнесини тиклашда фаол бўлган энг кўп тадбиркорлар Андижон вилоятида қайд этилган бўлиб, у ердаги барча тадбиркорларнинг атиги 6,5 фоизи нофаол ҳолатда турибди (2020 йилда 18 фоиз бўлган). Аксинча, Самарқанд вилоятида нофаол тадбиркорлар 2 бараварга ортиб, умумий тадбиркорлардаги улуши 20 фоизга етди.
Низолар ортган, шикоятлар камайди
2021 йилда тадбиркорларнинг судлардаги низолари 179,5 мингга етиб, 2020 йилга нисбатан деярли 2 баравар, 2019 йилга нисбатан 10 фоизга ошган.
Тадбиркорлар иштирокидаги энг кам низолар Тошкент вилоятида кўрилган бўлиб, тадбиркорларнинг 7,6 фоизи судлардаги низоларда иштирок этишган. Энг кўп низолар эса, табиийки, Тошкент шаҳрида кўрилган бўлиб, у ердаги тадбиркорларнинг 41 фоизи судларда низолашишган. 2021 йилда низолар сонининг кескин ошишини 2020 йилда коронавирус пандемияси туфайли судларда низоларни кўриб чиқиш вақтинча тўхтатилгани билан изоҳлаш мумкин.
Шунингдек, 2021 йилда тадбиркорларнинг ўз бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича мурожаатлари 44,6 мингтани ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан 3 баравар камайган.
Энг яхши кўрсаткич Тошкент вилоятида бўлиб, ҳар 1000 та тадбиркорнинг атиги 20 таси шикоят қилган. Энг кўп мурожаатлар Жиззах вилоятидаги тадбиркорлардан келган бўлиб, мурожаатлар сони ҳар 1000 та тадбиркорга 97 тадан тўғри келди.
Хулоса
Ҳудудларнинг бизнес рейтингини юритиш давлат органлари учун ҳам, аҳоли учун ҳам муҳим хулосаларни беради.
Давлат учун тадбиркорлик соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини аниқлаш, тадбиркорлик фаолиятининг ҳолатини тўғри баҳолаш ҳамда келгусидаги марраларни аниқлаб, стратегияларни белгилаш учун зарур маълумотларни тақдим этади. Фуқароларимиз учун эса тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, режалаш ва рискларни баҳолашда муҳим ҳисобланган ахборотни тақдим этади.
Рейтинг тизими якунлари бўйича ҳудудлардаги тадбиркорлик муҳитини янада яхшилашга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилиб, тегишли идораларга етказилди. Жумладан, юқоридагилардан келиб чиқиб, ҳудудларда тадбиркорлик фаолиятини янада яхшилаш мақсадида қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ:
биринчидан, ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ҳолатларини қисқартириш мақсадида ушбу муносабатларни қонун ҳужжати билан тартибга солишни белгилаш;
иккинчидан, ваколатли шахслар томонидан ноқонуний текшириш ўтказилганлиги ёки белгиланган тартиб-таомиллар бузилган ҳолда давлат хизматлари кўрсатилганлиги тўғрисида тадбиркорлик субъектлари хабар беришини рағбатлантириш тизимини жорий этиш;
учинчидан, тадбиркорлар фаолиятида солиқ текшируви ўтказадиган мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш мақсадида уларга нисбатан жазо чораларини кучайтириш.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, баҳолаш натижалари ҳамма учун очиқ бўлиб, улардан таҳлилий маълумотлар тайёрлашда, шунингдек, илмий ишларда ҳам фойдаланиш мумкин.
Шу билан бирга, мамлакатимиз тадбиркорларининг бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлари бўлса, Адлия вазирлиги бу бўйича ҳамкорликка тайёр эканини маълум қилади.
Дилшод Шадиев,
Адлия вазирлиги масъул ходими