Сўнгги пайтларда терроризм мавзуси жаҳон ҳамжамиятининг ўта жиддий муаммоларидан бирига айланди. Коинотга учишга қодир, инновацион ихтиролар яратаётган ҳамда ядро қуроли ва ракеталарга эга бўлган йирик, қудратли давлатлар терроризм натижасида гаровга олинганларни ўлдириш, биноларни портлатиш ва бошқа таҳдидларнинг олдини олиш борасида ожиз қолмоқдалар. Шу муносабат билан, терроризм мавзуси нафақат давлатларнинг ички муаммоси балки халқаро ҳамжамиятни ҳам хавотирга солаётган асосий таҳдид сифатида кўрилмоқда.
Бежиз эмаски, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида барча давлатларни, хавфсизлик ва барқарор тараққиёт йўлидаги умумий хатарларга қарши янгича ёндашувлар асосида ва яқин ҳамкорликда ишлашга чақирди. Бунда, БМТ мувофиқлаштирувчи халқаро тузилма сифатидаги марказий ўрнини янада кучайтириш лозимлигини таъкидлади[1].
Маълумки, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2006 йилда резолюция ва чора-тадбирлар режаси шаклида бир овоздан маъқулланган “БМТ Глобал аксилтеррор стратегияси” тасдиқланди. Ушбу ҳужжат миллий, минтақавий ва халқаро саъй-ҳаракатларни яхшилаш бўйича, терроризмга қарши курашнинг умумий стратегик ва амалий асосини белгилаб берувчи ноёб ҳужжат саналади. Шу тариқа, давлатлар терроризмнинг барча кўриниш ва шаклларига йўл қўйиб бўлмаслигини эътироф этган ҳолда, унинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича ҳам жамоавий, ҳам индивидуал чоралар кўришга қарор қилдилар.
Мазкур иллатга қарши курашиш мақсадида Аксилтеррор стратегияси тўртта асосий йўналишни белгилаб олди. Хусусан, терроризмнинг тарқалишига ёрдам берувчи шарт-шароитларни бартараф этиш; терроризмнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш; терроризмнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича давлатлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ва бу соҳада БМТ тизимининг ролини кучайтириш; терроризмга қарши курашнинг асоси сифатида инсон ҳуқуқлари ва қонуннинг устуворлигини дунё миқёсида таъминлаш кабилар.
Ушбу белгиланган асосий йўналишлар БМТ фаолиятидаги халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, барқарор ривожланишга кўмаклашиш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мақсад қилиб қўйган дастурлари билан боғлиқдир. Бундан ташқари, мазкур тўртта йўналиш давлатларни миллий даражада терроризмга қарши курашиш бўйича ўхшаш комплекс ёндашувни ишлаб чиқишга ундайди, шунингдек аъзо давлатларни миллий, минтақавий ҳамда халқаро қўллаб-қувватлаш учун умумий институционал-ҳуқуқий асосини яратади.
БМТ аъзо давлатлари учун яратилган мазкур ҳужжат асосида 70 дан ортиқ барча соҳаларда салоҳиятни ошириш дастурлари ва лойиҳалари, чора-тадбирлар режаси ҳамда учрашувлар ташкил этилди[2]. Учрашувлар натижасида қабул қилинган қарорлар Аъзо-давлатларнинг Аксилтеррор стратегиясини амалга оширишда масъулиятини кучайтириши кераклиги яна бир бор тасдиқлади. Хусусан, Аксилтеррор тадбирларини қўллаш бўйича Мақсадли гуруҳ томонидан Стратегияни амалга ошириш юзасидан минтақавий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишда Марказий Осиё давлатларига ёрдам бериш ташаббус билдирилди. Бу ташаббус Аксилтеррор стратегияси ва унинг юқорида таъкидланган тўртта асосий йўналишини амалга оширишда Марказий Осиё давлатлари, шунингдек, минтақавий ва халқаро ташкилотларни қўллаб-қувватлашга қаратилди.Такидлаш керакки, терроризмга қарши кураш бўйича Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги стратегик ҳамкорлик 2010-2011 йилларда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Европа Иттифоқи “БМТнинг Марказий Осиёдаги глобал терроризмга қарши стратегиясининг тўртта асосий таркибий қисмини амалга ошириш бўйича лойиҳа”ни ишга туширишдан бошланди.
Мамлакатимиз ҳам халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорликда терроризмга қарши кураш бўйича чора-тадбирларни доимий амалга ошириб келмоқда. Буни тасдиғи сифатида, давлатимиз Президенти томонидан ҳам Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш соҳасида самарали ҳамкорлик олиб боришда БМТ Глобал Аксилтеррор стратегияси муваффақиятли фаолият олиб бораётганлиги халқаро ҳамжамият олдида эътироф этилди[3]. Бу эса, бугунги кундаги қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш асносида терроризм глобал таҳдидини коллектив тан олинишининг яна бир исботидир. Шу нуқтаи назаридан ҳам давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясида Аксилтеррор стратегия доирасидаги Минтақавий қўшма режанинг 10 йиллик натижалари ва келгуси истиқболларига бағишланган халқаро конференцияни ўтказиш таклифини илгари сурди. Шунингдек, давлат раҳбари бир қатор халқаро ташкилотларнинг минбарларида умумий маънода халқаро ҳамжамиятни бир неча бор хавфсизликни асраш ва хавфсизликка таҳдидларга қарши курашга чорлаб келмоқда.
Юқоридагиларга асосан хулоса қилиш мумкинки, мамлакатимиз томонидан терроризмга қарши кураш, миллий ва халқаро ҳавфсизликни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида Ўзбекистон Иқтисодиёт ва тинчлик институти эълон қилган тинчликсевар мамлакатлар рейтингида 163 та мамлакат орасидан 90-ўринни эгаллади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Осиёда ҳамкорлик ва ишончли чоралари бўйича кенгашининг бешинчи саммитида такидлаганидек “Хавфсизлик – бўлинмас, ишонч эса унинг фундаментал асосидир”.
Дилдора Умарханова,
ТДЮУ Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик факультети декани,
юридик фанлар доктори, доцент
[1]Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқи.
[2]БМТ Бош котибининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқи.
[3]Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқи.