Чилонзордаги болалар боғчасида директорнинг ўғли томонидан 4 нафар қизчага тегажоғлик қилингани ҳақида хабар қилинганди. Натижада мудира боғча ҳудудига бегона шахсни киришига йўл қўйиб берганлиги, тарбияланувчи болалар ҳаётини хавф остига қўйганлиги, ички меҳнат тартиб-қоидаларини бузганлиги ва ўз хизмат вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашганлиги сабабли ишдан бўшатилган эди.
hudud24.uz аслида боғчада тартиб-қоида қандай бўлиши кераклиги, болаларнинг хавфсизлиги қандай таъминланиши лозимлиги, бунга ким жавобгар эканлиги масаласида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан боғланди.
Боғчаларга кимлар кириши мумкин?
Мактабгача таълим вазирининг “Умумий типдаги давлат мактабгача таълим ташкилоти ва тарбияланувчининг ота-онаси (қонуний вакили) ўртасидаги намунавий шартномани тасдиқлаш тўғрисида”ги 2019 йил 28 декабрдаги 233-сонли буйруғи асосида давлат мактабгача таълим ташкилотлари ўз Уставларини ишлаб чиқади. Шунингдек, тарбияланувчининг ота-онаси (қонуний вакили) ўртасидаги шартномани ишлаб чиқиб, ўрнатилган тартибда икки томонлама тасдиқланади.
Мазкур ҳужжатларга биноан ташкилот ҳудуди ва гуруҳларга тарбияланувчининг ота-онаси (қонуний вакили), ташкилотни назорат қилувчи ва бошқарувчи, текширув ўтказишга ваколати бор давлат органлари ходимлари (тегишли ҳужжатлари мавжуд бўлган тақдирдагина) кириб чиқиш ҳуқуқи мавжуд.
Ота-оналарни боғча ҳудудига киритмаслик қонунийми?
Ўзбекистонга COVID-19 коронавирус касаллигининг кириб келиши сабабли қабул қилинган вақтинчалик санитария қоидалари ва меъёрларига мувофиқ ҳамда Мактабгача таълим вазирининг “Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш тўғрисида” 2022 йил 9 сентябрдаги 196-сон буйруғига биноан мактабгача таълим ташкилотлари ҳудудига, ушбу ташкилот
тарбияланувчилари ва ходимларидан ташқари бошқа шахсларнинг кириб чиқишлари тақиқланади.
Гуруҳларга киришга кимларга рухсат этилади?
Бугунги кунда мактабгача таълим ташкилотлари ҳудудига, шунингдек, гуруҳ хоналарига ушбу ташкилот раҳбар ва ходимлари, тарбияланувчилари киришларига рухсат этилади.
Боғчада болаларнинг хавфсизлигига ким масъул?
Вазирлар Маҳкамасининг “Мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 13 майдаги 391-қарорининг иловаси билан тасдиқланган Низомнинг 20-бандига мувофиқ, мактабгача таълим ташкилотлари боланинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши, болалар мактабгача таълим ташкилотида бўлган вақтида уларнинг ҳаётини ҳимоя қилишни ва соғлиғини мустаҳкамлашни ташкил этиш учун жавобгар ҳисобланиши белгиланган.
Шунингдек, Мактабгача таълим вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 30 апрелдаги 20/1, 10-ққ/1-сон қарорининг иловаси билан тасдиқланган «Мактабгача таълим ташкилотларида болаларнинг ҳаёти ва соғлигини муҳофаза қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 1 ва 2-бандларида мактабгача таълим ташкилотида болаларнинг ҳаётини муҳофаза қилиш ва соғлигини мустаҳкамлаш ташкилотнинг педагог ва тиббиёт ходимлари, ташкилотга ҳудудий соғлиқни сақлаш органларидан бириктирилган тиббиёт ходимлари томонидан амалга оширилиши ҳамда мактабгача таълим ташкилоти директори тарбияланувчиларнинг ҳаётини муҳофаза қилиш ва соғлиғини мустаҳкамлашни ташкил этилиши учун масъул ҳисобланиши белгиланган.