Тошкент шаҳар адлия бошқармаси томонидан Д.С. ва Д.Т.нинг Яккасарой туман Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази томонидан ишдан бўшатилганлигидан норози бўлиб Адлия вазирлигининг “Ишонч телефони”га қилган мурожаати ўрганилди.
Аниқланишича, фуқаролар Д.С. 2009 йил 25 августда Марказнинг эпидемиология бўлими эпидемиолог врач ёрдамчиси лавозимига Д.Т. эса 2004 йил 25 августда Марказнинг Паразитология бўлими лаборант лавозимига ишга қабул қилинган ва тегишли меҳнат шартномаси расмийлаштирилган.
Марказнинг тегишли буйруқларига асосан ушбу фуқаролар бугунги кунда бола парваришлаш таътилида.
Президентимизнинг 2020 йил 25 июлдаги Фармонининг 14-бандига кўра, санитария-эпидемиология хизмати ташкил этилаётганлиги муносабати билан янги тузилма эски ташкилотнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланиши белгиланган.
Фуқаролар Д.С. ва Д.Т.ларнинг яшаш манзилига иш берувчи томонидан меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақида огоҳлантириш хати юборилган ва Марказнинг тегишли буйруғига асосан улар билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодекси 100-моддаси иккинчи қисми 1-бандига асосан бекор қилинган. Бироқ улар буйруқ билан таништирилмаган ва уларга буйруқ нусхаси берилмаган.
Меҳнат кодексининг 237-моддасига кўра, ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди, корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно, бундай ҳолларда меҳнат шартномаси уларни, албатта, ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади.
Шунга кўра, фуқаролар Д.С. ва Д.Т.ларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида иш берувчининг тегишли буйруқларини бекор қилиш ва уларни аввалги лавозимига тиклаш ҳамда етказилган маънавий зарар суммасини ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судига даъво аризаси киритилди ва суднинг ҳал қилув қарорига асосан, фуқаролар аввалги лавозимига тикланди.
Мавлуда БОБОРАИМОВА,
Тошкент шаҳар адлия бошқармаси масъул ходими