Ёшликда олинган билим — тошга ўйилган нақш кабидир. Шу боис ҳаётий билимлар асосан болалик чоғиданоқ улар кўнглига муҳрланади. “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази томонидан шунга амал қилиниб, болаларга ёшлик чоғиданоқ ҳуқуқ ва бурчларини танитиш, дунёқарашини кенгайтириш мақсадида юртимизда илк маротаба болалар ҳамда ёшлар учун юридик энциклопедиялар тайёрланди. Айниқса, ушбу адабиётлар 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишлаб тайёрлангани уларга муносиб туҳфа бўлди.
Энциклопедияларни тайёрлашда Конституция, қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, миллий ва юридик энциклопедиялар, изоҳли луғат, интернет ва бошқа манбалардан кенг фойдаланилган. Муайян ёшдаги ўқувчилар билиши керак бўлган мавзулар тушунарли ифодаланган, зарур маълумотлар саралаб берилган. Ҳар бир маълумот болалар томонидан яхшироқ ўзлаштирилиши учун суратлар билан бойитилган.
“Мазкур энциклопедиялар ўз ҳуқуқларини таниш ва улардан зарур вақтда фойдаланишни истаганлар учун яхши қўлланмадир. Ота-оналар фарзандлари вақтини ҳар хил сайтлару ижтимоий тармоқларда бесамар ўтказмасликларини истасалар, уларга ушбу китобларни ўқишларини тавсия қиламиз. Бинобарин ҳуқуқни билиш ҳамиша фойдалидир” – дейди “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази директори ўринбосари Ш.Баҳронов.
Ҳозирда ушбу энциклопеядиялар кўп нусхада чоп этилмоқда, уларнинг электрон вариантлари Миллий ҳуқуқий интернет порталига жойланган.
Қизиққанлар учун китоблар жойланган манзил:
Болалар учун юридик энциклопедия;
Ёшлар учун юридик энциклопедия.