Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонБолаларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш жавобгарликка сабаб...

Болаларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш жавобгарликка сабаб бўлади

Болаларни мажбурий меҳнатдан ҳимоялаш барчамизнинг муҳим вазифамиздир. Бирлашган миллатлар ташкилотининг 1999 йил 17 июндаги “Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисида”ги Конвенцияси ва  Халқаро Меҳнат ташкилотининг “Болалар меҳнатининг хавфли шакллари тўғрисида”ги 182–сонли Конвенциясида бола меҳнатининг энг ёмон шаклларига барҳам берилишига эришиш учун зарур чораларни кўриш, хусусан бола меҳнатининг энг ёмон шакллари учун жиноий жавобгарликни жорий этиш назарда тутилган.

Халқаро ташкилотлар томонидан ҳар йили эълон қилинадиган статистик маълумотларга кўра, айни пайтда дунё миқёсида 14 ёшгача болаларнинг 17 фоизга яқини таълим тизимидан мутлақо четда қолиб, ҳафтасига 48 соатдан ортиқ ишламоқда. Шунингдек, 20 фоизга яқин 10 ёшдан кичик болалар иқтисодиётнинг фаол секторида иш билан банд. ЮНИСЕФ маълумотларига биноан, Буюк Британияда 3 миллиондан ортиқ бола фаол меҳнат фаолияти билан шуғулланган. Уларнинг аксарияти хорижий давлатлардан келган мигрант оилаларнинг фарзандлари саналади. Ёки Бангладеш тикув саноатида ишловчиларнинг 45 фоизга яқинини 16 ёшгача бўлган болалар ташкил қилган. Африканинг айрим мамлакатларида эса 50 фоиз болалар йил давомида қишлоқ хўжалиги ишларида тўлиқ иш вақти мобайнида меҳнат билан банд.

“Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенциянинг 32-моддасида “Болалар ривожланиш, маълумот олиш, соғлиқлари учун хавфли бўлган ишларда иштирок этишдан, иқтисодий таъқиб қилишдан ҳимояланиш ҳуқуқларига эгалар” дея қайд этилган. Ўзбекистон эса бугунги кунда мазкур Конвенциянинг иштирокчи давлати сифатида унда белгиланган вазифаларни тўлақонли уддалаб келмоқда.

Бундан ташқари, 2008 йилда Халқаро Меҳнат Ташкилотининг “Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш ҳақида”ги Конвенцияси Ўзбекистон томонидан ратификация қилинганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ушбу ҳужжат талаблари ҳам миллий қонунчилигимизга имплементация килинган.

Албатта, болалар меҳнатини ҳимоя қилиш масаласи Меҳнат кодекси билан тартибга солинади. Унга биноан, меҳнат қилиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикасида 16 ёшдан белгиланган, уларни ота-оналарининг розилигидан сўнг ишга қабул қилиш мумкин. Кодекснинг 239-моддасида ўн саккиз ёшга тўлмаган барча шахслар дастлабки тиббий кўрикдан ўтгандан кейингина ишга қабул қилиниши ва кейинчалик улар ўн саккиз ёшга тўлгунларига қадар ҳар йили мажбурий тарзда тиббий кўрикдан ўтказиб турилиши кераклиги мустаҳкамланган. Шунингдек, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатларда катта ёшдаги ходимлар билан тенг ҳуқуқда бўладилар, меҳнатни муҳофаза қилиш, иш вақти, таътиллар ва бошқа меҳнат шартлари соҳасида улар учун меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда белгиланган қўшимча имтиёзлардан фойдаланадилар.

Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар меҳнатидан шу тоифа ходимларининг соғлиғи, хавфсизлиги ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган меҳнат шароити ноқулай ишларда, ер ости ишларида ва бошқа ишларда фойдаланиш тақиқланади. Уларнинг белгилаб қўйилган нормадан ортиқ оғир юк кўтаришлари ва ташишларига йўл қўйилмайди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасида меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун ва 491-моддасида вояга етмаган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланишга йўл қўймаслик тўғрисидаги талабларни бузганлик учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилган. Кодекснинг 51-моддасида эса “Қонунда назарда тутилган ҳолларни истисно этганда, меҳнатга бирон бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш” маъмурий жавобгарликни келтириб чиқаради.

Болалар ва ўсмирларни ҳимоялаш тўғрисидаги миллий қонунлар ҳамда Халқаро Меҳнат Ташкилоти конвенцияларида, одатда, белгиланган ёшдан кичик ёшдаги шахсларни ишга қабул қилишнинг тақиқланиши, болалар ва ўсмирлардан хавфли ва зарарли ишларда ёки айрим турдаги хавфли ускуналарга хизмат кўрсатишда фойдаланишнинг тақиқланиши ёки чекланиши, ҳаддан ташқари оғир юкларни кўтаришда ёки бошқа жойга олиб ўтишда болалар меҳнатидан фойдаланишнинг тақиқланиши, ёшлар иш куни муддатларининг чекланиши, тиббий назорат белгиланиши, зарур касб таълимининг таъминланиши сингари бандлар ажратиб кўрсатилади.

Ўзбекистон Республикаси Халқаро Меҳнат Ташкилотининг 13 та конвенцияси, шу жумладан, Халқаро Меҳнат Ташкилотининг 8 та асос солувчи конвенцияларининг 7 таси, шунингдек мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатининг энг ёмон кўринишларига йўл қўймаслик соҳасидаги конвенцияларни ратификация қилган бўлиб, ушбу халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган барча қоидалар миллий қонун ҳужжатларимизга имплементация қилинганлиги муҳим аҳамиятга эга.

Сир эмаски, баъзи ҳолларда айрим мактаб ўқувчилари ва талабалар ўқиш даврини – дарс соатларини бозорлар ҳамда турли савдо шаҳобчаларида ўтказишмоқда. Ёки тунги ишларга ўз вақтларини сарфламоқдалар. Шундай экан, айни муаммоли масалаларни ҳал қилиш жамият ва давлат олдида турган муҳим вазифалардан бири бўлиб қолаверади.

                                                                           Саломат НИЁЗОВА,
Тошкент давлат юридик университети профессори вазифасини бажарувчи,
юридик фанлар доктори

 

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз