Бош саҳифаҲудуд 24Наманган“Болангизга йод препарати берилади, розимисиз деб биздан...

“Болангизга йод препарати берилади, розимисиз деб биздан сўрашмади” – Чустда заҳарланган болаларнинг ота-оналари билан суҳбат

21 сентябрь куни Наманган вилоятининг Чуст туманидаги болалар боғчаларида тарбияланувчиларнинг доридан заҳарлангани айтилган хабар тарқалди.

Тумандаги 23-сонли ДМТТнинг айрим тарбияланувчилари орасида тана ҳароратининг кўтарилиши, қусиш, қорин оғриғи аломатлари кузатилган. Ўша куни кечга бориб шу боғчанинг 35 нафар тарбияланувчиси касалхонага олиб келингани қайд этилган.

Болаларнинг нимадан заҳарлангани ҳалигача номаълум. Бош прокуратура терговга қадар суриштирув ишлари бошланганини маълум қилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам зарур чора-тадбирлар кўрилаётганини билдирди.

Бемор болалар ота-оналари эса Hudud24.uz билан суҳбатлашганда 19-20 сентябрь кунлари боғчаларда берилган “Антиструмин” дори воситасидан гумон қилишаётгани, болалар дори ичган кунининг эртасига заҳарлана бошлаганини айтади.

— Овқатдан заҳарланганида жиянимда ҳам шу ҳолат кузатиларди, — дейди чустлик Собиржон ака. — Акамнинг қизи билан ўғлим бир гуруҳда. Лекин унда заҳарланиш бўлмаган. Кеча ишда эдим. Бир пайт боғчадан телефон бўлди. Ўғлингиз Азизбекни тез ёрдам машинасида Боғишамолдаги касалхонага олиб кетяпмиз, иситмаси 40, дейишди. Ишхонам шифохонага яқинлигига “скори”ни ўзим кутиб олдим.

Ўғлим 6 ёш. Нима бўлди, болам, десам, “Дадажон, гапиролмайман” дедию жим бўлди. Ўғлим сўлиб қолганди. Иситмада ёнарди. Кечаси билан ухламадик. Онаси билан навбат алмашиб турибмиз. 8 ойлик чақалоғим ҳам ўзим билан. Машинада тонг оттирдик. Бундан кейин давлат томонидан бериладиган дорини ҳечам ичирмайман. Қизамиққаям эмлатмайман!

21 сентябрь куни Чуст туманидаги 23-ДМТТ тарбияланувчиларидан 35 нафари туман тез тиббий бўлимига заҳарланиш аломатлари билан келтирилгач, тумандаги бошқа боғча ва айрим мактабларда ҳам шунга ўхшаш ҳолат қайд этилган. Буни вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси расман тасдиқлаган. Болаларда деярли бир хил симптом: ич кетиш, иситма, кўнгил айниши, қусиш, тутқаноқ (судороги), иштаҳасизлик кузатилмоқда.

— Биз ота-оналарни бу ҳақда огоҳлантиришмадиям, — дейди чустлик Муроджон ака. — На Телеграм гуруҳда, на боғчага борганда “Болангизга шундай препарат берилади. Розимисиз?» дейилмади. Мана, кечадан бери кўзим қизим ётган палата деразасида. Бир қадам юролмайман.

Боғча болалари қатори мактабларда ҳам шундай препарат ичирилгани, ёш болалардан фарқли ўқувчиларда нохуш ҳолат кузатилмагани ижтимоий тармоқларда ёзилмоқда. 3 яшар қизи ҳозирда Чуст туманидаги шифохонада ётган Ғиёс аканинг айтишича, мактабга борадиган фарзандида бундай ўзгариш рўй бермаган.

Лекин Ф. исмли ота 5 ёшли ўғли заҳарланиш ташхиси билан Чуст тумани шифохонасига ётқизилгач, 2-синф қизида ҳам шундай аломатлар кузатилганини айтади.

— Ўғлимнинг иссиғи 40 дан тушмагач касалхонага олиб бордим. Қусиш, ич кетиши ҳечам тўхтамади, — дейди у. — Бир суткадан бери шу ердаман. Тез ёрдам машинаси бир келганида 4-5 талаб бола олиб келяпти. Санитария-эпидемия маркази боғчадаги овқатни текшириб, ижобий хулоса берган. Болалар овқатдан заҳарланмаган. Қизимнинг аҳволи ҳозир яхши. Лекин ўғлимнинг ич кетиши тўхтамаяпти. Тинмай томчи дори улаяпти дўхтирлар. Бемор кўплигидан жой қолмади, бола аҳволи сал яхшиланса, тезда уйига жавоб бериляпти.

Наманганнинг Поп туманида ҳам Чустдагидек ҳолат кузатилаётгани ҳақида хабар тарқалмоқда.

— Чоршанба куни боламнинг бирдан иссиғи кўтарилиб, ичи кетди. Ҳарорати баландлигидан судороги берди, — дейди поплик Акмал ака. — 39 даража иситма билан дўхтирга олиб бордим. Ичини ювишди, томчи дорилар қуйишди. Аҳволи тўла ўнглангани йўқ.

Туман шифохонасида бир суткадан бери боласи ётган ота-оналарнинг айтишича, бугундан бошлаб заҳарланиш аломати билан келаётган мактаб ўқувчилари сони ортмоқда.

— Ҳозир ичкарида ўғлим билан қолган хотинимдан сўрасам боламнинг қон, сийдик таҳлиллари жавоби ҳалиям чиқмабди. Кеча 16.00 лар атрофида таҳлил топширганмиз. Негалигини сўрасам, дўхтирларнинг вақти бўлмабди. Бемор кўплигидан улгуришмабди, — дейди бир ота.

— Ичаётган дорилари таъсир қилмаяпти, — дейди чустлик оналардан бири. — Ич кетиши, қусиш қолмаяпти. Мен бунда боғчаларни айбламайман. Улар тепадан келган топшириқни бажарган. Ҳукумат тасдиқлаган дорини ичирган. Айб кимдалигини ҳеч ким билмайди. Ҳамма ота-она йиғлаб юрибди. Мен тамом бўлдим боламнинг аҳволини кўриб.

Наманган вилоятининг Чуст, Поп туманларидаги бу ҳолат сабаби ҳали очиқланмади. Гумон-тахмин кўп. Заҳарланган болалар сони ҳам соат сайин кўпаймоқда. Hudud24 эса вазиятни кузатишда давом этади.

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз