Бош саҳифаТаҳлилБолани бозорга солмайдилар

Болани бозорга солмайдилар

…Қишлоққа – Самарқандга борсам,  уйга жомадонимни қўяман-да дарҳол бувимникига қараб йўл оламан. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Бувимнинг энг катта невараси бўлганлигим учун  мени ўзгача  қарши оладилар. Йўл-йўлакай  ул-бул харид қилган бўлиб, болалигимнинг энг завқли дамлари ўтган бувимнинг жаннатдек ҳовлисига кириб бордим. Ҳаёти бир умр меҳнатда ўтган бувимни доим бирор юмуш устида учратардим.  Бу сафар эса…Саксон ёшга яқинлашиб бир бурдадек бўлиб қолган бувим мунғайиб ўтирибди. Олдиларига яқинлашганимни ҳатто сезмадилар ҳам.  Саломлашгач,  хомушликларининг сабабини сўрадим.

– Журналистсан. Ҳамма янгиликни  эшитасан.  Сен ҳам “Она ўз фарзандини фалон пулга сотмоқчи бўлди” деган хабар қулоғингга чалинса, сесканиб кетасанми?

Кутилмаган бу саволдан гангиб қолдим. Ўйладим. Тез-тез қулоққа чалиниб қолаётган бу каби хабарлар мени ҳам шошириб қўярди. Бувим  давом этди:

– 29 ёшимда олтита бола билан бева қолдим. Энг катта фарзандим – онанг ўшанда   5- синф, энг кичиги – холанг Зулфия икки ойлик чақалоқ эди. Бобонг кутилмаганда вафот этди-ю, бир этак бола билан ҳайҳотдек ҳовлида ўзим қолдим. Бобонг етимликда катта бўлган, бизни қўллайдиган ҳеч кими йўқ. Отам ўлган, ўгай она эса ўзидан ошиниб менга бир оғиз овқат тутадиган даражада эмасди. Мусибатдан  қон қақшаб йиғлайман. Қани эди йиғлаш билан дардим ариса… Қаттиқ сиқилганимдан бўлса керак, туппа-тузук келиб турган сут келмай чақалоғим рисқсиз қолди. Қўни-қўшни чиқарган яримта нон ва бир коса овқатни  болаларимга бўлиб бераман-у уларнинг бошига тушган етимликдан сиқиламан. Ейман-ичаман деб турган олти бошни қандай боқишни ўйлайман. Ҳаёлимга фақат “Эртага нон топиб беролмасам, камқонликдан силлам қуриб ётиб қолсам, болаларим кимга қолади?” деган ўйлар айланаверади.   Қўрқинчли ўйлар бунданда баттар ваҳимани   юрагимга солади. Бир-икки бора “Селсовет”да ишлайдиган вакиллар олдимга чиқиб, “ Болаларингизни боқишга қурбингиз етмаса, “детдом”га топширамиз” дейишди. Фарзандларимни ҳозироқ кўкрагимдан юлиб олиб кетаётгандек қалбим туғёнга келди. “Охирги нафасим чиққунча  фарзандларимни ўзим боқаман” дея уларни ҳайдаб солдим.  Кетма-кет туғилган қизларимнинг мунчоқдек беғубор кўзларига қараб, иш топишим зарурлигини англаб етдим.  Қишлоғимиздаги фермага мол соғувчи бўлиб ишга кирдим. Орада уйга келиб, болаларимдан хабар олиб каттароқларига сингилларига яхши қарашни тайинлаб яна ишга қайтаман. Шу алфозда  фарзандларимни  ҳалол пешона терим билан боқдим. Бировнинг  фарзандидан кам бўлмай вояга етди. Олтита қизимнинг бирортасини “гапи” чиқмади. Қизларимнинг бўйи етганда остонамизни  совчилар босиб, ҳар йили биттадан қизимни узатавердим. Мана қизларим билан қурган уйда невараларимни боқдим, эвараларимни боқаяпман, аммо  бугун телевизордан боласини сотмоқчи бўлган аёлнинг гапларини эшитиб, ҳўнг-ҳўнг йиғладим. ..

Бувимга тасалли беролмадим. Аниқроғи, бир сўз айтолмадим…  Зеро, бувим айтганидек, ўзбек аёллари қачондан боласини сотишгача бўлган жараёнга етиб келди? Қачондан бошлаб ўз боласига нарх қўя бошлади?  Ё пирай, шу аёлнинг отаси ҳеч бўлмаганда ака-ука, қариндош уруғлари йўқмикан?  Қайси юрак ва қайси қўл билан боласини беш бегона одамга худди олма-узум сотгандек пуллаб юбораяпти? Шунчалар ҳам оч қолиб кетдимикан, шунчалар ҳам боланинг ширин ҳиди уни тўйдирдимикан? Мурғаккина гўдакни-фариштани ўз бағридан-ОНАЛИК бағридан қандай юлиб олар экан? Таниш ҳид, таниш қучоқ ва таниш овоздан  бошқа муҳит бошқа инсонлар даврасига тушган бола бунга чидаб, кўниб яшаб кетиши қанчалар қийин бўлиши фақат Аллоҳгагина аёндир.

Ўтмишга  назар солайлик. Уруш йилларида, қаҳатчилик замонларида кунжара-ю, кепак билан кун кечираётган аҳоли боласини кўчага отмаган, бозорга солмаган. Иссиқ бағридан, меҳридан, ширин сўзидан мосуво қилмаган. Бугунгидек тирик етимлар кўпаймаган.  Меҳр-оқибат қучоғида катта бўлишган. Кийимга зор бўлса ҳам, нонга зор бўлса ҳам меҳрга, она қучоғига зор бўлмаган.

“Она”, “Аёл” сўзлари билан ёнма-ён бу сўзларга мос чиройли таърифлар, мақтовлар қидирамиз. Мақтаб кўкларга кўтарамиз. Тўғри-да, Аллоҳ ўзидан кейин яратувчанликни фақат аёлгагина берган-да. Она бўлиш, оналик бахтига сазовор бўлиш бахт эмасми? Лекин, оналикни ортиқча чиқим ва оёғига “тушов” деб биладиганлар ҳам афсуски учраб турибди. Соҳам юзасидан ҳар куни турли хабарларга кўзим тушади. Давлатимиз сиёсатида бўлаётган ўзгаришлардан кўнглим тоғдек кўтарилса, улар орасида чиқиб турадиган кўнгилсиз хабарлар дилимни хуфтон қилади. Қаранг-а, хабарларнинг сарлавҳаси қанчалик қўрқинчли. Гоҳида хабарни тўлиқ ўқишга-да бардошим етмай қолади. “Тошкентда квартира олиш учун 4 ёшли ўғлини 14 минг долларга сотмоқчи бўлган аёл қўлга олинди”, “Тошкентда 1 ёшли ўғлини 2000 долларга сотмоқчи бўлган аёлга жазо тайинланди”, ”Сурхондарёда 8 кунлик чақалоғини сотмоқчи бўлган фарғоналик аёл қўлга олинди”, “Андижонлик аёл 2 ёшли қизини 18 миллион сўмга сотмоқчи бўлди” Бола сотмоқчи бўлган “ошиқ-маъшуқ”лар устидан ҳукм ўқилди”,  “Петербургда ўзбекистонлик аёл 4 йилга қамалди”, “Чақалоғини “Тоёта”га алмаштирмоқчи бўлган ўзбек оила қўлга олинди”. Инсонман деганнинг бу хабарлардан  жазавага тушиши аниқ.  Ичимизда, ташимизда сўкамиз, ҳақоратлаймиз. Негаям шу неъматни қадрига етмаганга фарзанд бердинг деб Худога ёзғириб қўямиз.

Гуноҳкордан сабабини сўрасангиз ё  тирикчиликни важ қилишади  ёки шармандагарчиликдан қўрқишни. Хўш, “баҳона”ларни қалаштираётган аёллар шунчалик ҳам чорасизми? Иродасизми? Ёки бўлмаса дангасами? Жамият ҳам кўз юмиб кета олмайди бу ҳолатларга. Эркаклардан кўра бу  амалларни аёллар бажараётгани инсонни янада ўйлашга чақиради. Ҳаммамизнинг яшашимиздан мақсад- шу қоракўз болажонлар эмасми? Ўзимиздан, орқамиздан дуо олиб келаётган наслимиз давомчилари эмасми? Болалигимизни фарзандимизда кўриш нақадар бахт эканлигини ҳамма ҳам  туя олмайдими? Кун келиб, шу фарзандларимиз кексайганимизда бир паёла иссиқ чойимизни тутадиганлар эмасми? Ўлим келиб, вафот этсак, “онамлаб” “отамлаб” бўзлаб-бўзлаб кўмиб келадиган, ортимизда чироғимизни ёқиб ўтирадиганлар шу  беғубор қоракўзлар эмасми?

Яқинда  уч ёшли боласини сотмоқчи бўлган аёлнинг суд ишини телевидениеда кўрсатишди. Аёлнинг пушаймонлигини ва фарзандининг онасига ўрганиб қолганини инобатга  олиб, суд онага нисбатан қамоқ жазосини қўлламади.  Судда иштирок этган, ҳали кўп нарсани англаб-англамаган боланинг кўзини бир кўрсангиз эди…Дарё оқар вақт ўтар деганларидек ҳадемай шу бола  ҳам улғаяди. Онасининг бу мудҳиш жиноятини у қандай қабул қилади деб ўйлайсиз? “Ўғлим, сени боқолмай қолгандим, сотворишга мажбур бўлдим, тер тўкиб ишлагим келмади” деган важини у тўғри тушунадими? Боланинг руҳияти синиб қолмайдими? Бир умр “Мен “ташландиқ” ҳеч кимга кераксиз бола бўлганман” деган ўй қийнамайдими? Ҳали тили чиқмаган болалар-чи? Мурғак онасига бўлган меҳрини ҳали тили чиқмасиданоқ ифодалай олади, қўллари билан онаси томон талпинади, меҳрли кўзлари билан боқади. Онасининг таниш қучоғида дунёларни унутиб ухлайди. Ўз вужудида тўққиз ой кўтарган она-чи? Боласини бегонага бериб юборганда кечаси ором олиб ухлай оладими? Туғилиб, ҳали онасининг  ҳидига тўйиб улгурмаган, ақалли қулоғига азон айтилмасдан селофан пакетдан жой олиб ахлатга улоқтирилган болажонларнинг уволи тутишидан қўрқмасмикан? Бу ҳаётга у шунинг учун келганмиди? Унинг гуноҳи не эдики, бу қадар разиллик қурбони бўлса?

Яна мозийга қайтамиз. Фарзандининг бошини силаб, ширин аллалар ёки суралар ўқиб бошини силаганча, келажаги порлоқ бўлишини пичирлаб дуо қилганча ухлатган оналарга сизнинг ҳам ҳавасингиз келадими? Ҳозиргидек шинам уйларда яшамаса ҳам, саҳарлабдан  болам уйғонганида иссиқина уйда ўйнасин деб печкага таппи- ўтин солиб, уйи исугунча сигирини соғиб, тандир-тандир нон ёпганларга-чи? Фарзандим илмли бўлсин деб, шам ёруғида тўртта тарафига болаларини олиб, китоб ўқиб берганларга-чи?

Ҳурматли муштарий, бола савдосига эътиборсиз бўлманг. Қинғир йўл бошида турган оналар, опалар, дугоналар, бу йўлингиздан қайтинг. Фарзандингизга  фаришта она бўлинг, қотил ёки уни пулловчи она бўлманг. Аёллик, оналик шаънингизни топтаманг. Бойлик, ҳирс, нафс сизга ҳеч қачон саодат олиб келмайди, яхшиликка етакламайди. Ҳаётнинг оқу-қорасини фарзандингизга ўргатиш ўрнига ўзингиз бу жирканч ишларга аралашиб қолманг!

Феруза Бердиева,
журналист

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз