Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонБолани чет элда назоратсиз қолдирганларга жиноий жавобгарлик...

Болани чет элда назоратсиз қолдирганларга жиноий жавобгарлик белгиланмоқда

Олий Мажлис Сенатининг ўттиз еттинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонуни муҳокама қилинди.
Қонунга кўра болани чет давлат ҳудудида назоратсиз қолдирганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига эга бўлган болани отаси, онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс ёҳуд ҳамроҳлик қилувчи шахс чет давлат ҳудудида болани назоратсиз қолдирганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан эллик бараваригача бўлган миқдорда жаримага тортилиши кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари, ушбу маъмурий жазо қўлланилганидан кейин, яна худди шундай хатти-ҳаракат содир этганлик ёхуд чет давлат ҳудудида турган боланинг суд томонидан белгиланган муддатда Ўзбекистонга қайтарилишини таъминламаганлик учун жиноий жавобгарлик киритилмоқда. Жумладан, шундай қонун бузилишлари учун уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда.
Яна бир муҳим жиҳати шуки, эндиликда “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга киритилаётган ўзгаришга кўра боланинг отаси, онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс чет давлатда болани назоратсиз қолдириш, яъни ота-онанинг, улар ўринини босувчи шахснинг болага таъминот, тарбия ва таълим бериш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаши қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
Шунингдек, Қонун билан “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги Қонунга ўзгартишлар киритилиб, унга кўра оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида таълим ва тарбия олиши мумкин бўлган болалар сони йигирма беш нафардан эллик нафаргача кўпайтирилмоқда. “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги Қонунга ўзгартишлар киритилиб, унга кўра маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”га қонун билан
4 та кодекс ва 4 та қонунга зарур ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, халқимизга хос болажонлик, инсонпарварлик фазилатлари, жамият ва шахс олдидаги масъулият норматив-ҳуқуқий ҳужжатларимизда ҳам ўз ифодаси топмоқда.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз