Бу ҳақида ёзишдан аввал бир ҳикояни келтирмоқчиман.
«Бир она ҳеч қачон фарзандини урмасликка ўзига ваъда берганди. Аммо бир кун боласининг ножўя ҳаракати унинг жаҳлини чиқарди. Она фарзандини жазоламоқчи бўлди. У даврларда болани чивиқ билан уриш кенг тарқалган жазо тури эди. Она ўз фарзандига кўчадан бориб, чивиқ топиб келишини ва уни жазоламоқчи эканлигини айтди. Бола чиқиб кетганча узоқ вақт йўқ бўлиб, кўзи тўла ёш билан уйига қайтди. Онаси қарасаки, фарзандининг қўлида чивиқ ўрнига тош турибди. Бола кўзида ёш билан қўлидаги тошга қарар экан, онасига: “мени жазолашингиз учун чивиқ топа олмадим, ўрнига тош олиб келдим, уни менга отсангиз бўлади”, -деб жавоб берди. Бу ҳолатни кўрган онанинг вужуди титради. Боласининг ҳолатини кўриб, бу вазиятга унинг назари билан қарай бошлади.
«Онам менга оғриқ келтирмоқчи бўлса нима фарқи бор, қандай йўл билан бўлса ҳам, бунга эришади. Чивиқ билан урадими ёки менга тош отадими?». Она бу ўйларни ўзи тасаввур қилиб кўрар экан, йиғлаб юборди. Ким ўз боласига тош ота оларкан?»
Унда чивиқ билан уришнинг тош билан уришдан нима фарқи бор. Ҳар иккиси ҳам ўз фарзандини жазолаш учун эмасми?
Аслида нега фарзанд жазоланади? Нега уларнинг мурғак қалби озор чекади?
Улар жазоланишга лойиқми?
Ёнингизда жазоланишдан қўрқиб титраётган фарзандингизни кўз олдингизга келтиринг. Дунёга келганида қанчалар қувонган эдингиз.
Уни қучоқлаганингизда таралаётган ҳушбўй ҳидларига тўймасдан оталик, оналик ҳисларини туйганларингизни эсланг.
Энди сиз жазоламоқчи бўлаётган болангизга боқинг.
Ўйлаб кўринг, ҳеч қачон жисмоний жазолар болани тўғри йўлга солмайди ва сиз истаётгандек, тарбияли қилиб қўймайди.
У уни ҳимоя қиладиган, севадиган ва ишонган инсонлари деб ота-онасини билади. Жазоланаётганда эса у оғриқни ҳис қилади холос. Айниқса, бола учун энг азиз, қадрли инсон бўлган онаси уни жазоласа, уришса, бироз ўтиб, ҳар хил гаплар билан ўзини оқлаб турса, бола бошқалардан нима кутади.
Фикрлаб кўрингчи?
Фарзандингизга агар кимдир ноҳақ гапирса ёки нотўғри танбеҳ берса, уни ҳимоя қилишга тайёр бўласиз. Аммо сизнинг танбеҳларингиздан уларни ким ҳимоя қилади?
Сиз болаларга қўлланиладиган жазо методларидан фойдаланиш уларнинг психикасига қай даражада таъсир қилишини биласизми?
Балки билгач, булар ҳақида ўйлаб кўрарсиз.
Статистик маълумотларга қараганда, жиноятчиларнинг кўпчилиги носоғлом муҳитда вояга етган, болалигида таҳқирланган, доимо жазоланиб калтакланган, камситилганлар ҳисобланади. Руҳий ҳолати носоғлом болада эса жиноятчиликка мойиллик юқори бўлади.
*Доимий калтакланган болаларда серзардалик ва агрессивлик даражаси юқори бўлади.
*Ота-онаси билан ўзаро муносабатлари бузилиб боради. Боланинг нафақат ёшлигида балки, улғайгач ҳам қалбида оғриқлар сақланиб қолаверади.
*Шахс сифатида шаклланишида ҳам, йиллаб йиғилган хафаликлар ўз салбий таъсирини кўрсатмай қолмайди.
*Қолаверса, болада “қурбонлик” комплекси шаклланиб боради. Яьни бола ўзига зарар келтирадиган ва мумкин бўлмаган ҳолатларни қидириб юради.
*Болада ёлғончилик кўринишидаги “ҳимоя механизм”лари шаклланиб боради. Сабаби, кўп жазоланган бола яна айб иш ёки хато иш қилганида уни яшириш учун ёлғон гапиришга ўтади. Бу ўз-ўзидан ёлғончилик одатини ривожлантиради.
*Бола атрофдагилар билан ўзини солиштиришни бошлайди. Айниқса, оиласида калтакланмайдиган, соғлом муҳитда ўсадиган болалар билан ўзини таққослайди ва ўзини камчилиги бордек ҳис қилади.
*Болада мустақил фикрлаш йўқолади.
*Атрофдагилар билан самимий муносабатларга киришишда қийналади. Таълим олиш жараёнида ҳам пассивлашади.
*Ишончсизлик, қўрқув ва руҳий тушкунлик “комплекс”лари ривожланади.
Болани уришганда, шахсиятини камситганда, жисмоний зўравонлик қилинганида, агарда у кучли бўлса қасоскор, жаҳлдор, ҳеч нарсадан қайтмайдиган бўлиб улғаяди. Агарда юмшоқ феълли, вазмин бўлса, у ҳолда аламли, уятчан, ўзига паст баҳо қўювчи инсон бўлиб улғаяди.
Албатта, шундай ҳолатлар ҳам бўладики, фарзандни жазолаш керак бўлиши мумкин. Лекин, бунинг учун уриб, оғритмасдан бошқа минг хил йўллар ўйлаб топишингизнинг ҳам иложи бўлади. Халқда шундай мақол бор:
“Болани сўксанг, бети қотар, урсанг, эти қотар”. Сиз жазо бераётган фарзандингизга, яхши тарбия бера олишингиз мумкин. Энг аввало, уларни яхши тарбиялаш учун ўзингизда ҳам ижобий сифатлар бўлмоғи лозим. Чунки бола сизнинг хатти-ҳаракатларингиз ва хулқ-атворингизни кўриб улғаймоқда. Унга тақиқлар қўйиб, ўзингиз буларни бузсангиз, унда бола ҳам сизни такрорлайди.
Бола бамисоли оппоқ қоғоз, сиз унга нимани чизсангиз ўшани кўрасиз. Истанг уни бўёқлар билан чапланг, ҳеч ким тушунмайдиган ёзувлар билан тўлдиринг. Кейин вақтлар ўтиб, ўз чизган асарингизни кўринг. Ишонаманки, ҳатто ота ёки она бўлиб, ўзингиз тушунмайсиз. Ўзингизга бир олам саволлар бериб, афсуслар қилганингизда эса кеч бўлади…
Шунинг учун сизга тавсиям шуки, қўлингиздаги оппоқ қоғозга шундай саньат асари чизингки, бундан фақат фахрланинг. Бошқалар кўрганда эса фақат тасаннолар айтишсин.
Ҳар бир ота-онанинг фарзанди билан суҳбатлашиши, унинг барча ўй-фикрлари билан қизиқиши ва ижобий томонлама ўрнак бўлиши қўлидан келади.
Унутмангки, сиз тарбиялаб вояга етказаётган фарзандингиз ҳам бир кун ўз фарзандларини сиздан олаётган кўникмалари, тажрибалари асосида вояга етказади. Ҳар бир жазо турини қўллаш вақтида фарзандингизни ҳолатига, кўзига ва қўрқув акс этиб турган юзларига боқинг.
Бу бола сизнинг фарзандингиз, Оллоҳ сизга инъом этган улуғ неъмат. Унинг руҳий ҳолатининг соғломлиги барча бошқа ҳолатларига ҳам катта таъсир кўрсатар экан, оилада бола учун соғлом психологик иқлим яратиб бериш сизнинг вазифангиз ва бурчингиздир.
Тамара Бутаева,
психолог