Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Янги Андижон массивидаги “Ипотека маркази”да муқобил энергетикани ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Фаоллар билан бўлиб ўтаётган учрашувда президент энергетика тизимидаги муаммолар ва уларнинг ечими ҳақида гапирмоқда.
Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида электрга талаб 40 фоизга кўпайган.
Шунга қарамай, бу йил жуда совуқ келган қиш кунларида республикада 3,1 миллиард киловатт соат (водий вилоятларида 1,1 млрд кВт соат) электр етишмовчилиги юзага келди.
Йиғилишда таъкидланишича, бу йил Поп ва Фарғона туманларида 600 Мегаваттли 2 та қуёш станцияси қурилади.
Иккинчидан, водий вилоятларида 160 Мегаваттли қуёш панеллари ва 100 та микро ГЭСлар қурилади. Бу ишларни жойларда тўғри ташкил этиш учун вилоят ҳокимларининг 1-ўринбосарлари масъул бўлади ва ҳамма ишлардан озод қилинади. Уларга республика банк раҳбарлари бириктирилади.
Учинчидан, ижтимоий соҳа объектларида “қуёш энергияси”дан фойдаланиш учун алоҳида компания ташкил этилади. Унга 200 миллион доллар маблағ берилади.
Компания қуёш панеллари ва сув иситиш қурилмаларини ўзи ўрнатади ва “яшил энергия”ни бюджет корхонасига сотади.
Тўртинчидан, йирик корхоналарда ҳам қайта тикланувчи энергия манбалари ўрнатилади.
Саноат корхоналарида қуёш панеллари ўрнатиш ва кичик станциялар қуриш учун халқаро молия ташкилотларидан 2 миллиард доллар жалб қилиш чоралари кўрилади.
Бешинчидан, эндиликда аҳолига қуёш энергиясидан фойдаланиш учун жозибадор тизим яратилади. Водийдан бошлаб, хонадонларда ишлаб чиқарилган ва тармоққа узатилган ҳар бир киловатт соат электр энергияси учун 1 минг сўмдан ҳисоб-китоб қилинади (ҳозир 295 сўм).
Олтинчидан, барча ижтимоий объектлардаги 3 мингта эскирган қозонларни замонавий ускунага алмаштириш зарур. Бунда жорий йилда давлат-хусусий шерикчилик асосида 250 миллиард сўм ажратилади
Еттинчидан, водийда йилига 120 миллион куб метр газ сарфлаётган 170 та иссиқхона, 64 та ғишт ва оҳак корхоналарини кўмирга ўтказишни тезлаштириш керак.