Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонБу йил юридик техникумларга 3180 нафар ўқувчи...

Бу йил юридик техникумларга 3180 нафар ўқувчи қабул қилинади

2018 йилда Президент қарорига кўра, Адлия вазирлиги тузилмасида ҳар бир ҳудудда биттадан — 14 та юридик техникум ташкил этилган эди.

Ҳозирда юридик техникумларда жами 5 042 нафар ўқувчи таълим олади. Уларга 218 нафар педагог ходим томонидан дарс машғулотлари ўтиб келинмоқда.

Юридик техникумда ўқиш учун нима қилиш керак?

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб юридик техникумларда Ўзбекистон Республикаси фуқароларини қабул қилиш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовлари орқали амалга оширилади.

Жорий йилда юридик техникумларга жами 3 180 нафар ўқувчи қабул қилинади. Шундан 1 950 нафари учун кундузги, 1 230 нафари учун эса сиртқи таълим шакли ташкил этилиши режалаштирилган.

2021/2022 ўқув йили учун техникумларга ўқувчиларнинг ҳужжатларини қабул қилиш 2021 йил 1 августдан 20 августга қадар (20 август куни ҳам) амалга оширилади. Бунда ҳужжатлар давлат хизматлари марказлари, Ягона интерактив давлат хизматлари портали (www.my.gov.uz) ёки Давлат тест марказининг расмий веб-сайти (www.dtm.uz) орқали қабул қилинади.

 

Ўқув жараёни қандай олиб борилади?

Ҳукуматнинг 2021 йил 10 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимидаги таълим муассасаларида кредит-модуль тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, юридик техникумларда Кредит тўплаш ва кўчиришнинг Европа модели (European Credit Transfer and Accumulation System – ECTS) тўлиқ жорий этилиши белгиланган.

Шунга кўра, янги ўқув йили учун “юриспруденция” мутахассислиги бўйича малака талаблари, ўқув режалари ва фан дастурлари қайта ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши назарда тутилмоқда.

ТДЮУ томонидан юридик техникумлар учун жами 22 номидаги янги авлод дарсликлар яратилди ҳамда уларнинг электрон вариантлари техникумларга етказиб берилди.

Ўқув жараёни ва ўқувчиларни билимини баҳолашда шаффофликни таъминлаш, ўқувчилар билимини назорат қилиш ва баҳолаш жараёнини рақамлаштириш мақсадида ўқувчиларни билимини баҳолашни электрон тизими (SRS – Student Reсords System) жорий қилинди.

Педагогларнинг ўқувчилар билан мулоқоти ҳамда ўқувчиларнинг ўзаро мулоқотини ўз ичига олувчи ходимлар ва ўқувчилар учун ички ахборот-коммуникация восита ва ресурсларини ташкил этиш мақсадида “Электрон юридик техникум” инновацион электрон платформаси концепцияси ва техник талаблари ишлаб чиқилди ҳамда ушбу платформани яратиш бўйича ишлар бошланди.

 

Битирувчилар қаерларда ишлаши мумкин?

Юридик техникум битирувчиларига давлат таълим стандартларига мувофиқ ўрта махсус профессионал таълимдаги йўналишлар, касблар ва мутахассисликлар бўйича малака даражаси кўрсатилган ҳолда, ўрта махсус профессионал таълим тўғрисида давлат намунасидаги диплом берилади.

Юридик техникумни тамомлаган ўқувчи республика миқёсида малака талабларига биноан ўрта махсус юридик маълумот зарурати мавжуд бўлган давлат органлари ва ташкилотларида, шу жумладан:

▫️Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг ҳудудий тузилмалари;

▫️Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг ҳудудий органлари;

▫️ нотариал идоралар, адвокатлик тузилмалари ва шу каби қатор идораларнинг умумий штат бирликлари сони доирасида вакант лавозимларга ишга кириш бўйича танловда белгиланган тартибда иштирок этиш мумкин.

Юридик техникум битирувчилари эгаллаши мумкин бўлган лавозимлар сони 90 дан ортиқни ташкил этади. Ушбу лавозимлар билан Қонунчилик маълумотлари миллий базаси www.lex.uz да танишиш мумкин.

2019/2020 ўқув йилида юридик техникумларини (собиқ юридик коллежларни) 4 364 нафар талаба битирган. Шундан, 1542 нафар (35,3%) битирувчининг бандлиги таъминланган бўлиб, ишга жойлашиш бўйича энг юқори кўрсаткич Самарқанд вилояти юридик техникумида қайд этилган (575 нафар битирувчидан 498 нафари ёки 86,6%  иш билан таъминланган).

Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз