Ўзгаларни фириб тўрига илинтириш мақсадида ҳамтовоқлари орқали ўзини давлат раҳбарининг жияни сифатида таништирган устаси фарангни биринчи бор кўрдим. Бу — зоминлик ҳамюртимиз, 41 ёшли Оғабек Келдибековдир.
Айни пайтгача Оғабек фирибгарлиги туфайли “бор-йўғи” 10 маротаба судланган.
Хўш, бу гал Оғабек кимларни чув туширганди?
Бу сафар О.Келдибеков 2018 йилда Жиззах шаҳридаги жазони ижро этиш муассасасида ўзи билан бирга “ўтирган” Жамолиддин Қурбоновни лаққа туширди. Ҳайратланарлиси шундаки, у 2019 йилда – жазони ижро этиш муассасасида жазо ўтаётган пайтда фирибгарликка қўл урди. Яъни Жамолиддиннинг автомашина олиш ниятида юрганлигидан хабар топиб, унга қўнғироқ қилади.
— Мен “Малибу”имни сотмоқчиман. Шуни олсангиз-чи, ҳали деярли кўп юрмаган, — дея аврайди Ж.Қурбоновни. — Аввал пулнинг бир қисмини берасиз. Қолганини эса оз-оздан қилиб узаверасиз.
Албатта, унинг таклифи эски жўрасига жуда маъқул келади. Чунки “Малибу”ни бирданига сотиб олишга Жамолиддиннинг имкони йўқ эди-да. Бинобарин, Ж.Қурбонов гўёки уни кўргани борган киши бўлиб, жазони ижро этиш муассасаси олдида 10.000 АҚШ доллари (Марказий банкнинг 2019 йил 1 декабрдаги маълумотномасига кўра, 10.000 АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати 94.946.800 сўмни ташкил қилган)ни беради. Бироқ шундан кейин О.Келдибеков берган ваъдасини унутиб, автомашинани оғайнисининг номига ўтказиб бермайди. Олган пулларини эса аллақачон ҳазм қилиб юборганди.
Шунга қарамай, Жамолиддин бу хусусда ҳеч кимга лом-мим демайди. Лекин вақт ўтиши билан бошқа бир фирибгарлиги учун Оғабекка жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошлангандагина, ўзи ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилади.
Буни қарангки, 2020 йил 24 август куни озодликдан маҳрум қилиш жазоси ахлоқ тузатиш иши жазосига алмаштирилиб, озодликка чиққач О.Келдибеков яна “эски ҳунар”ини давом эттиради. Яъни у бир гуруҳ шахслар билан олдиндан жиноий тил бириктириб, “Camel Trans Servis” масъулияти чекланган жамияти директори Улуғбек Аҳмедовнинг пул маблағларини қўлга киритиш пайига тушишади.
Гап шундаки, У.Аҳмедов яқинларидан бири Умид Тожибоевнинг “Tropic Karavan” масъулияти чекланган жамияти орқали хорижий мамлакатлардан банан маҳсулотларини келтириб сотиш билан шуғулланаётган эди. Навбатдаги 600 тонна банан маҳсулотини эса Улуғбек 2020 йил 22 ноябрь куни Эквадор давлатидан олиб келиб, божхона тўловларини тўлагунга қадар ўзининг “Camel Trans Servis” МЧЖ омборхонасида сақлаб туради. Ана шу жараёнда бўлса тадбиркор маҳаллий бозорларда “Барака холдинг” МЧЖ томонидан республикамизга олиб кирилган банан маҳсулотлари анча арзон нархда сотилаётганлигидан хабар топади. Шу сабабли ўзи ҳам келгусида маҳсулот таннархи арзонлашишини ўйлаган ҳолда айнан “Барака холдинг” МЧЖ орқали олиб кириб сотишни кўзлайди. Бу хусусда таниш-билишларидан йўл-йўриқ ҳам сўрайди. Шунда Улуғбекнинг мақсадидан хабар топган Оғабек 2020 йил 24 ноябрь куни танишларига қўнғироқ қилдириб, уни учрашувга чорлайди.
— Биз сизнинг муаммоингизни “Барака холдинг” орқали ҳал қилиб берамиз. Бу давлат раҳбарининг жияни бўлган қадрдонимиз Оғабекнинг қўлида. Яқин кунларда сизни учраштирамиз, ўзингиз ишонч ҳосил қиласиз. Унгача ўн минг доллар тайёрлаб қўйинг. Фақат ишингиз битса, бизни ҳам қуруқ қўймайсиз, — деб шарт қўйишади улар.
Шундан сўнг — 2020 йил 28 ноябрь куни ўша қўнғироқ қилган йигит Улуғбек Аҳмедовни Миробод туманидаги “Королина” кафеси ёнига чақиради.
— Ҳозир келадилар, пул ёнингиздами?, — дея сўрайди “ўртакаш” салом-аликдан кейин.
Улуғбек эса бунга жавобан тасдиқ маъносида бош ирғайди. Шу маҳал айни савол-жавоб ниҳояламай туриб, Оғабек Келдибеков пайдо бўлади. Эътибор беринг-а, у ўлжани тезроқ илинтириш ва ишончини қозониш мақсадида “Lexus” русумли, давлат рақами 01 X 777 СA бўлган автомашинада савлат тўкиб келади. Ҳалиги йигит эса уни Улуғбекка таништиргач, фирибгар “қаҳрамон”имиз оғиз тўлдириб гапира кетади.
— Ишингиз тўқсон фоизга ҳал бўлди. Фақат индинга бир жойга кириб чиқишимиз керак. Шунда муаммо тўлиқ ечилади.
У шундай деб, У.Аҳмедовдан 10.000 АҚШ долларини олиб кетади. Бинобарин, тадбиркор йигит хотиржам ишини давом эттираверади. Яъни 2020 йил 29 ноябрь куни яна Эквадордан 400 тонна банан олиб келади. Кейин божхона расмийлаштирувини Оғабек амалга оширишига ишониб, маҳсулотни ўз омборида вақтинча сақлаб туради. Бироқ 2020 йил 30 ноябрь куни соат 09:10ларда бошқа бир йигит унга қўнғироқ қилиб, О.Келдибековга яна 10.000 АҚШ доллари бериш лозимлигини айтади. Натижада Улуғбек паспорт нусхаси билан бирга 10.000 АҚШ долларини “ҳожатбарор”нинг қўлига тутқазади. Лекин хадеганда муаммо ечим топавермайди. Оғабек бўлса шошилмай туришини, тез кунда “АРК” божхона пости ёки “Барака холдинг” МЧЖ орқали ишни ҳал қилишини тайинлайди. Бироқ….
Бироқ айтилган муддатда яна ҳеч қандай натижа бўлмайди. Шу боис алданганини сезган У.Аҳмедов 2020 йил 1 декабрь куни О.Келдибековга қонуний чора кўрилишини сўраб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг хавфсизлик кенгаши раисига ариза билан мурожаат қилади. Пировадида пул олди-бердисида ўртада турган кимса 2020 йил 5 декабрь куни Яккасарой тумани, Абдулла Каҳҳор кўчасида жойлашган “Бухоро” кафеси ёнида 20.000 АҚШ долларини қайтариб беради. Шу пайт Оғабек келиб, муаммони ҳал қилолмагани учун узр сўраб, кейин кетиб қолади. Оқибатда тезкор ходимлар шу куниёқ уни қўлга олишади. Сўнг айбдорга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.
Буни қарангки, тергов-суриштирув жараёнида Оғабекнинг укаси Нўъмон Келдибеков дастлабки жабрланувчи Жамолиддин Қурбоновга етказилган зарар – 10.000 АҚШ долларини қоплаб беради. Бинобарин, суд мажлисида Ж.Қурбонов судланувчига нисбатан даъвоси йўқлигини маълум қилади. Пировардида жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди ишдаги оғирлаштирувчи ва енгиллаштирувчи барча ҳолатларни инобатга олган ҳолда О.Келдибековни Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28, 211-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топиб, кодекснинг 59, 60 ва 61-моддалари тартибида асосий жазога жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 2014 йил 26 майдаги ҳукмига мувофиқ тайинланган жазоларни қисман қўшиш орқали узил-кесил базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 (тўрт юз) баравари — 89.200.000 сўм миқдорида жарима ҳамда 10 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этди. Шу билан бирга, судланувчи Жиноят кодексининг 34-моддаси тартибида ўта ҳавфли рецидивист деб топилди. Қолаверса, суд ҳукмида тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосини маҳсус тартибли колонияларда ўтаттириш белгиланади.
Кези келганда шуни таассуф билан таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда фирибгарлик жинояти анча ортганини кўряпмиз. Ачинарлиси, аксарият ҳолларда бу жиноятни эски фирибгарлар, яъни муқаддам айни жинояга қўл уриб, судланганлар содир этмоқда. Айрим юртдошларимизнинг соддадиллиги ва ишонувчанлиги эса улар жуда қўл келмоқда. Айниқса, жабрланувчиларнинг фирибгар пул ёки мол-мулк талаб этгандаёқ тегишли идораларга мурожаат қилмай, чув тушгандан кейингина “дод” дейиши ҳар қандай кишининг дилини хира қилади.
Шундай экан, юртдошларимизга азалдан танимаган-билмаган, синовдан ўтмаган кимса билан мулоқот қилмасликни сўраган бўлардик.
Баҳромжон БЕРДИЕВ,
жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг судьяси