Бугун Япония пойтахти Токио шаҳрида жаҳон спорт оламидаги энг йирик тадбир — XXXII ёзги Олимпия ўйинларининг очилиш маросими бўлиб ўтади. Шундан сўнг Олимпия ўйинларининг спорт мусобақаларига расман старт берилади.
Маълумки, Токио Олимпия ва Паралимпия ўйинлари аслида 2020 йилда ўтказилиши керак эди. 2019 йил авж олган янги турдаги коронавирус бутун дунёни ўз домига тортди. СОВИД-19 таъсирини камайтириш мақсадида бутун дунёда ички ва халқаро тадбирлар тўхтатиб турилди, жумладан, йирик спорт мусобақалари қаторида ёзги Олимпия ўйинлари ҳам. Шу боис Халқаро Олимпиада қўмитаси 2020 йил 24 март куни Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинларини 2021 йилга қолдириш борасида қарор қабул қилди. Бир йиллик кечиктириш Паралимпия ўйинларини ҳам ўз ичига олди.
Олимпиада — бу умумий спорт байрами, у ишонч ва умид, ҳамдўстлик ва бирдамлик тимсоли. Замонавий ёзги Олимпиада ўйинлари ўзининг 100 йилдан ортиқ тарихи мобайнида фақатгина уч маротаба — Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушлари пайтида қолдирилган. Бу сафар эса вирус туфайли ортга сурилди.
Шундай бўлса-да, «Токио-2020» ёзги Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритиш учун Ўзбекистон спорт жамоатчилиги фаол кураш олиб борди. Олимпиада ўйинлари қолдириши ҳақидаги қарор эълон қилингунга қадар Ўзбекистон спортчилари ҳисобида 21 та йўлланма бор эди.
Албатта, бу у қадар кўп эмасди. Аммо жорий йилнинг март, апрель, май, июнь ойларида қатор спорт турлари бўйича лицензион мусобақалар ўтказилиши натижасида йўлламаларимиз сони кескин ошди.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида спорт турлари бўйича терма жамоамиз аъзоларининг 2020 йили Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган ХХХII ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик жараёнини янада такомиллаштириш юзасидан қатор вазифаларни белгилаб олинди. Жумладан, Олимпия йўлланмаси учун курашадиган спортчилар билан ишлаш бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқилди.
Бундан ташқари, давлатимиз томонидан Олимпиада йўлланмасини қўлга киритган спортчиларга 100 миллион сўм, уларнинг мураббийлари учун эса 50 миллион сўм миқдоридаги бир марталик рағбатлантириш белгиланди.
Хўш, мамлакатимиз вакиллари «Токио-2020» Олимпия ўйинларида қайси спорт турларида куч синашади? Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси маълумотига кўра, атлетларимиз томонидан спортнинг 17 тури бўйича 71 та Олимпияда йўлланмаси қўлга киритилган.
Олимпия ғолиб ва совриндорлигига ҳар доимгидек боксчиларимиз асосий даъвогарлар бўлиб қолмоқда. Боксчиларимиз ҳисобида 11 та йўлланма бор.
Чарм қўлқоп усталаримиз Иорданияда ўтказилган Токио-2020 Олимпиадаси учун лицензион турнирда 7 та йўлланмани қўлга киритган эди. Ундан кейинги лицензион турнирларда яна тўртта йўлланма вакилларимизга насиб этди. 2016 йили Рио-де Жанейрода ўтказилган ёзги Олимпия ўйинларида ўзбек боксчилари қандай натижа кўрсатганидан кўпчилик яхши хабардор.
Рио-де-Жанейро Олимпиадасида эришилган кўрсаткичлар Токио-2020 мусобақаларида боксчиларимиз олдига улкан масъулият юклаши табиий. Шу боис ҳам унга муносиб тайёргарлик кўриш, Бразилиядаги натижа тасодиф эмаслигини исботлаш лозим.
Бошқа спорт турлари бўйича ҳам йўлланмалар кам эмас. Жумладан, оғир атлетика йўналишида Токио-2020 Олимпиадасига тўрт нафар атлетимиз лицензияни қўлга киритишга муваффақ бўлди.
Хитойнинг Ухан шаҳри мезбонлик қилган замонавий бешкураш бўйича Осиё-Океания чемпионати ўзбек спорти учун унутилмас мусобақа сифатида тарихда қолди. Токио Олимпиадасига йўлланма берадиган мазкур мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси ҳам қатнашиб, спортимиз тарихида илк бор ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма олди. Терма жамоамиз Алисе Фахрутдинова ҳамда Александр Савкиннинг ажойиб иштироки туфайли Токио Олимпидасига бир эмас, иккита лицензияни қўлга киритди.
Яна бир эътиборли жиҳат шундаки, ҳамюртимиз Оксана Чусовитина Олимпиада ўйинларида иштирок этиш бўйича рекордини янгилайди. У шу пайтга қадар етти бор Олимпиада ўйинларида иштирок этган биринчи спорт гимнастикаси устаси сифатида эътироф этилган. Оксана Чусовитина саккинчи йўлланмани қўлга киритиш орқали ёш спортчиларга ҳар томонлама ўрнак бўлди.
Ўзбекистон мустақил ривожланиш йиллари давомида қатнашган барча ёзги Олимпия ўйинларида спортнинг дзюдо тури бўйича ҳам муваффақиятли иштирок этгани ҳолда қатор медалларни қўлга киритиб келмоқда. Сўнгги йилларда ўзбек дзюдоси ўз бошидан «ёшариш» даврини ўтказмоқда. Дзюдо спорт турида Олимпиада йўлланмалари Халқаро Дзюдо федерациясининг (ИЖФ) рейтинг очколарига қараб ажратилади. Маълумотларга кўра, 11 нафар атлетимиз сўнгги паллада Олимпиада йўлланмалари рейтинг ҳудудидан жой олган. Олимпия ўйинларида ёш таркиб билан иштирок этаётган дзюдочиларимиздан умидимиз катта. Улар аввалги анъналарни давом эттирган ҳолда ўзбек спорт ихлосмандларини хурсанд қилишига ишонамиз.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ўзбек дзюдо мактабининг довруғи дзюдо ватани бўлмиш Япония мактаби билан бир қаторда тилга олинади. Ўзбек дзюдосининг гуллаб-яшнаган даври Абдулла Тангриев, Ришод Собиров, Фарҳод Тўраев, Камол Муродов, Армен Багдасаров номлари билан боғлиқ. Ҳозирги кунда ҳам юртимизда жуда кўплаб моҳир полвонлар бор.
Ўзбекистон Токио Олимпиадасида жамоавий спорт турлари бўйича ҳам иштирок этишни мақсад қилган эди. Бу борада футбол, баскетбол, гандбол, сув полоси жамоалари олдига аниқ вазифалар қўйилганди. Бироқ, афсуски, спортчиларимизга бу сафар ҳам жамоавий спорт турларида Олимпиада йўлланмаси насиб этмади. Умид қиламизки, 2024 йил Францияда бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ўйинлари бошланишига қадар жамоавий спорт турлари олдида турган муаммолар бартараф этилади.
2016 йил 5-21 август кунлари Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган ХХХI ёзги Олимпия ўйинлари Ўзбекистон спорт делегацияси учун ҳар қачонгидан муваффақиятларга бой бўлган Олимпиада сифатида тарих саҳифаларига битилди. Токио ХХХII Олимпиадасида ҳам ундан кам бўлмаган медаллар қўлга киритилишига ишонамиз.
Олға, Янги Ўзбекистон!
Жобир Хўжақулов,
«Дунё» АА шарҳловчиси