2 июль — Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинган кун
Герб — давлатнинг бош тасдиғи. Содда қилиб айтганда, бош бармоғи. Шаҳодати. Шаҳодатга ўтувчи ҳужжат. Инсоннинг бош бармоғи муҳри ўрнида унинг бору йўқлигини белгилайди. Герб ҳам давлат учун худди шундай аҳамиятга эга. Унда мамлакатнинг яхлит кўриниши, мазмун-моҳияти акс этади.
Она Ўзбекистонимизнинг герби ҳам гўзал юртимизнинг бўй-басти, ҳусну таровати, қудрати, халқимизнинг нияти, бу кўҳна заминда Ватанимизнинг муқаддас ўрнини ифодалайди.
Қаерда, қай макону қутбда жой олмасин, ҳар қандай Ватан инсон учун беқиёс, ардоқли маъво саналади. Герб эса ана шу ардоқли маъвони тус-тугал ифодаловчи рамз, ана ўша маскан ҳақида жуғрофий, тарихий, сиёсий-иқтисодий, маънавий жиҳатдан тўлиқ маълумот берадиган, керак бўлса, ҳар биримиз кўксимизда ардоқлаб олиб юрадиган жонли харита ҳамдир. Ҳа, юртнинг яхлит жонли харитаси.
Шу ўринда яқинда бўлган бир воқеани айтиб берай. Мисрдаги машҳур аэропортдамиз. Серҳашам ойнаванд залдан самолётлар учиб-қўнаётган кенг майдон кўзга ташланади. Русуми деярли бир хил, аммо сиртига турли давлатларнинг белгиси ёки уларни ифодаловчи ёзувлар битилган самолётлар саф тортган аэропортга “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниясига тегишли “Боинг” самолёти ҳам келиб қўнди. Ишонасизми, юрагим ҳапқириб, кўз олдим янада тиниқлашиб кетди. Залдаги дўконда у-бу нарса сотиб турган қоҳиралик Абу Бакирга мана шу самолёт бизнинг самолёт эканини айтдим. Очиғи, ҳаяжонимни яширолмадим:
— Абу Бакир, қадрдоним, қара, анави бизнинг самолёт. Қара, ҳамма самолётлардан чиройли. Сиртида бизнинг чиройли байроғимиз тимсоли туширилган ҳув анави самолётни айтяпман. Қандай маҳобатли! (Сиртидаги байроғимиз тимсоли уни шундай кўрсатгани айни ҳақиқат.) Бошқа самолётлардан ажралиб турибди. Шундай эмасми?
— Чиройли экан. Ҳа, жуда чиройли кўринаркан, — дейди у рус тилида ўзига хос талаффуз билан.
Абу Бакир бу гапларни боядан бери кутиш залида ўтирган меҳмоннинг, яъни менинг кўнглим учунгина айтмаётганини ҳис қиламан. Бошқа мамлакатларнинг аэропортларида ҳам кузатганман — сиртида байроғимиз тимсоли урилган самолётларимиз алоҳида ажралиб, кўзга ярқ этиб ташланиб туради. Абу Бакир самолётимиздан кўз узмайди. Юртимиз ҳақида кўпроқ билишни истаётган бу инсонга қараб хаёлимга бир фикр келади. “Юртингиз чиройлими?” деб сўраган шеригимнинг қизиқиш ҳисси нурланган чеҳрасига боқиб қувониб кетаман. Дарҳол қўл телефонимни очаман. Телефон ойнасида юртим байроғи, мадҳияси ва герби жойлашган саҳифага кираман. Гербни танлаб, экранда катталаштираман-да, Абу Бакирга кўрсатаман:
— Қара, бу юртимнинг герби! Унда бутун Ўзбекистон, менинг она Ватаним акс этган. Қара, бизда ҳамма нарса бор. Тоғлар, дарёлар, буғдойзорлар, пахтазору гуллаган водий, қуёш нури, эркинлик ва ҳурлик, иймон-эътиқод ифодаси — бари-бари бор. Қара, бахт ва эрксеварлик рамзи бўлган Ҳумо қуши гербимиз марказида қанотларини ёзиб турибди. Бизда тўрт фасл ҳам жой-жойида. Саховат ва ҳаётбахшлик файзли этган юртимизнинг мукаммал ва ихчам ифодасини кўряпсан. Хуллас, шу гербдаги бор нарсанинг бари ҳақиқат. Демак, гербимизга боқсанг, бас, Ўзбекистон ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўласан. Агар Ўзбекистонга борсанг, гербимиздаги гўзал манзараларнинг асл ўзини, бетакрор бир юртни кўрасан.
Абу Бакир гербимизга узоқ термулиб туради ва жилмаяди.
Самолёт ҳавога кўтариляпти. Менинг тасаввурим эса тиниқ тортади. Ер юзининг боғу бўстони бўлган она Ўзбекистоним сари учаётганимдан қувонаман. Қўл телефоним ойнасида ярақлаб турган Ватаним гербига қараб кўнглим юксалади, кўз олдимда Абу Бакирнинг ҳавас билан боқиб турган беғубор чеҳраси намоён бўлади.
Қўчқор НОРҚОБИЛ,
ёзувчи
Мақола «Янги Ўзбекистон» газетасининг 2021 йил 2 июль, 134 (390)- сонидан олинди.