Мен ҳар куни ўқиш учун университетга бораман. Баланд бинолар ортидаги йўлакдан ўтаётганимда иккинчи қаватда яшовчи ўрта ёшлар чамасидаги бир киши кўпинча уйининг тепаси очиқ, пастки қисми панжарали айвончасида туриб олиб, сигарета чекаётганини кўраман. Авваллари бунга аксариятимизга таниш оддий воқеа сифатида қараб, унчалик эътибор бермагандим. Яқинда эса…
Яна ўша йўлак бўйлаб бораётиб, ғалати ҳолатга дуч келдим. Ҳалиги эркак сигаретани чекиб бўлиб, қолдиғини пастга улоқтиргач, кўздан ғойиб бўлди. Зум ўтмай, унинг ўрнини аёл киши эгаллади. Кўринишидан у ҳомиладор эди. Шунга қарамай, тамаки тутатди-да, панжарага суянганча ва олисларга термулганча, мириқиб торта бошлади. Унинг оғзи-бурнидан бурқсиб чиқаётган тутунни кўриб, кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмай қолдим. Шунинг баробарида «Наҳотки, бу аёл чекиш ўзининг ва туғилажак фарзандининг соғлиғи учун ўта хавфли оғу, умрнинг заволи эканлигини билмаса?» деган хаёлга толдим.
Дарвоқе, статистик маълумотларга қараганда, дунё бўйича ҳар йили 7 миллиондан зиёд киши тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш, 1,2 миллионга яқин одам эса, гарчи ўзлари чекмаса-да, сигарета тутунидан заҳарланиш оқибатида вафот этади. Қолаверса, кашандалик туфайли инсон 25 тадан ортиқ хасталикка йўлиқади. Чунки тамаки тутуни таркибида мавжуд моддаларнинг барчаси инсон соғлиғининг кушандаси саналади. Улар қон айланишини бузиб, томирларни торайтиради, кўксов, ўпка саратони, юрак-қон томир, гипертония, оғиз бўшлиғи касалликларини авж олдиради.
Кейинги пайтларда тобора оммалашиб бораётган электрон сигарета ва чилим чекиш ҳам кашандаликнинг энг хавфли турлари сирасига киради. Жумладан, чилим юрак қисқариши маромини тезлаштиргани боис ушбу хасталикка чалинганлар учун ўта зарарли ҳисобланади, шунингдек, инсоннинг асаб тизимига салбий таъсир кўрсатади. Уни тамаки маҳсулотлари ёки мевали аралашмалардан иборат қўшимчалар билан биргаликда чекишдан қатъи назар, оғиз, тил, лаб, томоқ, ўпка, ошқозоннинг саратон билан касалланиш хавфи кескин ортади. Чиройли қадоқланган, алоҳида расталарга тартиб билан жойлаштирилган электрон сигареталар эса, ўпка, қизилўнгач раки ва бошқа қатор касалликларни келтириб чиқаради. Ҳар иккала заҳри қотилни тунги емакхоналарда ёки хилват гўшаларда гуруҳ бўлиб чекиш эса гепатит, стафилакок, сил, грипп ва бошқа инфекциялар юқиши хавфини бир неча бараварга оширади.
Булардан ташқари, кашандалар иқтисодий жиҳатдан ҳам яхшигина зарар кўрадилар. Ишонмасангиз, ўзингиз бир ҳисоб-китоб қилинг. Ҳозир дўконларда сотилаётган бир қути фильтрли сигаретанинг энг арзони 10000-11000 сўм атрофида. Демак, кунига бир қути сигарета чекадиган киши ҳар ойда ўртача 300000-330000 сўм, бир йилда 3650000-4015000 сўм миқдорида пул сарфлайди. Борди-ю, кўпроқ чекадиган ёки чилимга, электрон сигаретага ва психотроп моддаларга ружу қўйган бўлса, ундан бир неча баравар кўпроқ маблағини бой беради. Шу тариқа ҳам ўз саломатлигига, ҳам оилавий даромадига маълум даражада путур етказади.
Албатта, кашандаликнинг хунук оқибатларини кўпчилик яхши билади. Шундай эса-да, кейинги пайтларда чекувчилар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Бундай ачинарли ҳолатлар шаҳри азим Тошкент кўчалари ва жамоат жойларида, мактаблар ён-атрофида, емакхона ва ишхоналарда, аҳоли яшайдиган уйларда ва катта-кичик давраларда ҳам кўп кузатилмоқда. Ҳаммасидан ҳам ажабланарлиси, кашандалар орасида хотин-қизлар ва суяги қотмаган ёшлар ҳам кўп учрамоқда. Масалан, Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги маълумотларига кўра, 2021 йили ёшлар ўртасида ўтказилган сўровнома жараёнида 13-15 ёшдаги мактаб ўқувчиларининг 1,7 фоизи, жумладан, қизларнинг 0,9 фоизи нос чекиши аниқланган. Ёки айтайлик, ўғил болаларнинг ҳар ўн нафаридан, қизларнинг ҳар йигирма нафаридан бири унинг таъмини татиб кўрган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари таълим муассасаларида ўтказган рейдлар чоғи никотинли снюс ҳамда «Трамадол», «Лирика» каби псиxотроп воситаларни истеъмол қиладиган ўқувчилар борлиги ва улар орасида жиноятчилик кўпайиб бораётгани маълум бўлган. 2019 йили мамлакатимизда ўтказилган сўровнома давомида 18-69 ёшдаги эркакларнинг 20 фоизи, аёлларнинг 0,4 фоизи тутунсиз тамаки чекиши аёнлашган.
Мен бир неча кишидан юртимизда тамаки маҳсулотлари истеъмол қилувчилар, айниқса, аёллар ва ёшлар нега кўпайиб бораётгани ҳақида сўрадим. Улар бунинг асосий сабаби айрим ота-оналарнинг вояга етиб келаётган фарзандлари таълим-тарбиясига эътиборсизлиги, баъзиларининг ўзлари уларнинг кўз ўнгида ошкора чекиши, олий ўқув юртлари ҳамда мактаблар ён-атрофидаги савдо шохобчаларида сигареталар соҳага доир қонунлар ва тартиб-қоидаларга зид ўлароқ, ҳатто ўқувчи ва ёш болаларга ҳам бемалол сотилиши, дўконларда одамларни ўзига жалб этадиган жойларга териб қўйилиши билан боғлиқлигини айтишди.
Тўғри, қонунларимизда бу масалага ҳам жиддий эътибор қаратилган. Чунончи, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларининг 601-бандига биноан, алкоголли ва тамаки маҳсулотларини сотаётган сотувчи йигирма ёшдан кичик кўринган харидордан унинг ёшини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатишни талаб қилиши, ҳужжати мавжуд бўлмаган тақдирда эса, бу маҳсулотларни сотишни рад этиши шарт эканлиги белгилаб қўйилган. Президентимиз 2018 йил 2 июлда имзолаган «Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисида»ги қонуннинг 1-моддасида ушбу ҳужжат фуқаролар соғлиғини чилим ва электрон сигареталар чекишнинг зарарли таъсиридан, у билан боғлиқ ижтимоий ва бошқа салбий оқибатлардан муҳофаза қилишга, шунингдек, жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда қарор топтиришнинг ташкилий ва ҳуқуқий шароитларини яратишга қаратилгани таъкидланган. Айни пайтларда соҳага дахлдор бир неча қонунлардаги нормаларни ўзида мужассамлаштирган, аммо муайян камчиликлари мавжудлиги туфайли Олий Мажлис Сенатининг шу йил ёзда бўлган йигирма еттинчи ялпи мажлисида рад этилган «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги янги қонун қуйи палата томонидан қайта кўриб чиқилмоқда.
Демак, мамлакатимизда кашандаликни камайтиришга, унинг олдини олишга ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга хизмат қилувчи қонуний асослар етарли. Биз уларга қатъий риоя қилиб, қонун устуворлигини таъминлашга имкон қадар ҳисса қўшсак, фарзандларимиз, яқинларимиз ва ҳамюртларимизни ичиш ва чекишдек зарарли одатлардан холи бўлишга ундасак, бу борада маҳалла оқсоқоллари, нуронийлар, ота-оналар ва устоз-мураббийлар билан ҳамкорликда иш юритсак, фойдадан холи бўлмайди.
Гавҳар ЭШОНҚУЛОВА,
ЎзЖОКУ талабаси