Ўзбекистон Республикаси барча давлат ва уларнинг фуқаролари учун очиқ ва уларнинг ҳуқуқларини Ўзбекистон ҳудудида кафолатловчи давлатлардан ҳисобланади. Шундай экан мустақилликдан сўнг йиллар давомида бизга хорижий давлатларнинг фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг аниқ ҳуқуқий ҳолатини аниқлаш учун қонунчилик нормаси шакллантирилиши керак бўлди. Шу боисдан, 2021 йили 4 июнь санасида “Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги Қонун имзоланди. Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдир. Чет эл фуқароси — Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига эга бўлмаган, бошқа давлат фуқаролигига ва ўзининг бошқа давлат фуқаролигига мансублигига доир далилга эга бўлган шахс ҳисобланса, фуқаролиги бўлмаган шахс — Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлмаган ва ўзининг чет давлат фуқаролигига мансублигига доир далилга эга бўлмаган шахслар ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг қонуни олдида тенг эканлиги белгиланди. Олдин ушбу ҳолат аниқ кафолатга эга бўлмасдан қонуности ҳужжатларидагина кўрсатиб ўтилган эди. Аммо мазкур Қонун билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқлари деярли Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг ҳуқуқли этиб белгиланди. Тўғри, айрим сиёсий ва имтиёз берувчи айрим ҳуқуқлар Ўзбекистон фуқаросидан бошқаларга берилмайди. Масалан, Ўзбекистон фуқаросининг сиёсий ҳуқуқи бўлган сайлов ҳуқуқидан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар фойдалана олмайди. Бундай амалиёт ривожланган давлатларда ҳам амал қилади. Бундай чеклашдан мақсад бошқа давлатларнинг Ўзбекистон сиёсий ҳаётига аралашишга йўл қўймасликдир. Ахир, давлатлар орасида ички ишларга аралашмаслик халқаро тамойили ҳам мавжуд.
Қонун билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча ва доимий туриш тартиби ҳам белгилаб ўтилиб, унга кўра Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча турган, бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ўз танловига кўра ўзининг амалдаги ҳаракатланиш ҳужжатлари бўйича жойлаштириш жойларида ёки бошқа уй-жой майдонида, шунингдек, даволаш муассасаларида вақтинча яшаши мумкин. Бунинг учун улар вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтиши керак бўлади. Бундай шахсларга сиёсий бошпана бериш тартиби ва шартлари бўлса Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланиши кўрсатиб ўтилди.
Барча учун керак бўладиган идентификацияловчи карта нафақат Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, балки қуйидаги шахсларга ҳам берилади:
* Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқароларига ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга — улар ўн олти ёшга тўлганида ёки ота-онасининг, васийларнинг (ҳомийларнинг) ихтиёрига кўра — бола туғилган пайтидан эътиборан ва ўн олти ёшга тўлгунига қадар;
* Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаш учун рухсатнома олган шахсларга, шу жумладан, “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тугатилган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келган шахсларга;
* Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган, бироқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини қабул қилмаган ёки «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тугатилган шахсларга;
* қонунчиликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасида кўчмас мулк сотиб олган чет эл фуқароларига;
* Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш бўйича корхоналар ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларида назарда тутилган шартлар асосида инвестициялар киритган чет эл фуқароларига ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга, шу жумладан, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарнинг муассисларига (иштирокчиларига), шунингдек, уларнинг оила аъзоларига;
* Ўзбекистон Республикасида сиёсий бошпана берилган чет эл фуқароларига ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикасида сиёсий бошпана берилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома асосида берилади. Ушбу карталар юқорида санаб ўтилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон ҳудудида мавжуд бўлиш учун, яъни бемалол ҳеч қандай тўсиқларга учрамаслик учун ҳам керак, десак янгилишмаймиз. Чунки ушбу ҳужжат уларнинг шахсини тасдиқловчи асосий ҳужжат ҳисобланади.
Идентификацияловчи карта:
янги туғилган бир ёшгача бўлган болаларга — икки йил;
бир ёшдан ўн олти ёшгача бўлган шахсларга — беш йил;
ўн олти ёшдан олтмиш ёшгача бўлган шахсларга — беш йил;
олтмиш ёшдан ошган шахсларга — ўн йил муддатга амал қилади.
Шунингдек, чет давлатларнинг Ўзбекистон Республикасида доимий рўйхатдан ўтказилган фуқароларига эса идентификацияловчи карта уларнинг миллий паспортларининг амал қилиш муддатидан ошмайдиган муддатга берилади. Бундай муддатларнинг белгиланиши, албатта, инсоннинг табиий ҳолати ва давлатдаги ўрнатилган ички тартиблардан келиб чиқади.
Қўшимча қилиш мумкинки, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқи, Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб эркин ҳаракатланиш ҳуқуқи, таълим олиш ҳуқуқи каби инсон учун зарур ва шарт бўлган ҳуқуқларнинг барчаси Қонун билан кафолатланган. Аммо шуни унутмаслик лозимки, ҳуқуқ бор жойда мажбурият ҳам мавжуд бўлиб, барча ўз мажбуриятларини бажариши шарт ҳисобланади.
Агар чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мавжуд бўлган даврида жиноят содир этса, у Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси билан жиноий жавобгарликка тортилади. Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган тақдирда, уларга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида белгиланган тартибда маъмурий тарзда чиқариб юбориш қўлланилиши, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириши учун тақиқ қўйилиши, шунингдек, уларнинг туриш муддати қисқартирилиши ҳам мумкин. Жавобгарлик ҳуқуқбузарликнинг аҳамиятлилик даражаси ва содир этган муҳитидан келиб чиқиб белгиланади. Аммо ўн саккиз ёшгача бўлган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикасида туриш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилмайди. Бундай тартиб ўрнатилганликка сабаб эса бундай шахслар бола ҳисобланганлигидадир. Шуни унутмаслик лозимки, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқларига махсус чекловлар бўлган давлатлар фуқароларининг ҳуқуқларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси томонидан жавоб тариқасида чекловлар белгиланиши мумкин. Бу ҳолат халқаро муҳитда реторсия деб номланади ва жавоб қайтариш тарзида шарҳланади.
Хулоса қиладиган бўлсак, ушбу Қонун шу пайтгача жуда зарур ва долзарб бўлган. Тўғри, шу вақтгача чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати Қонун даражасида бўлмаган бошқа нормалар билан тартибга солиниб келинди, аммо ушбу Қонун чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати муносабатларини тартибга солиши билан бирга, бундай шахсларга бир неча ҳуқуқларни кафолатлаб, уларнинг Ўзбекистонда яшаши учун барча шароитларни мужассам этади.
Саламат Туремуратов,
“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази масъул ходими