Бош саҳифаЯнгиликларЧивинми ё пашша?

Чивинми ё пашша?

Бир ҳашаротни Ўзбекистоннинг ярми – пашша, иккинчи ярми – чивин дейди ва аксинча.

Маълумки, Фарғона, Тошкент ҳудудларида “чивин” деганда – кичкина, қон сўрадиган ҳашарот, “пашша” деганда – қора, каттароқ ҳашарот тушунилади, бошқа ҳудудларда эса бунинг тескариси.

Табиийки, адабий тилда ҳар икки ҳашаротни иккала номда ҳам атаб бўлмайди, пашша ва чивин биз учун арзимас бўлиб туюлсада, лекин фанда улар мутлақо бошқа-бошқа мавжудотлар, уларнинг аниқ номи бўлиши керак, дейлик, сигирни фил, филни сигир деёлмаймиз.

Изоҳли луғатга кўра, ПАШША ёзда жуда кўпайиб кетадиган, турли суюқ органик моддалар билан озиқланадиган қўш парда қанотли ҳашарот.

ЧИВИН эса икки қанотли, узун мўйловли қон сўрувчи майда ҳашарот.

“Чивин” сўзининг энг қадимги кўринишлари: “чибин”, “чигун” шаклларида бўлиб, Х-ХИ аср обидалари: “Олтин Ёруқ” ёдгорлиги, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асари орқали бизгача етиб келган. Иккала манбада ҳам бу ном ҳозирги адабий тилдаги чивин (кичиги) маъносида эмас, балки вилоятлардаги сўзлашув тилига оид деб қараладиган “чивин” (катта) маъносида ишлатилган (Jorї turmatї bir čїgünkä alїn – Бир чивинга кучи етмади. “Қутадғу Билиг”).

Навоий бобомиз ҳам “чибин” деганда ҳозирги адабий тилимиздаги чивинни эмас, балки олис ўтмишда аждодларимиз бу ном билан қайси ҳашаротни аташган бўлса, худди ўшани тушунган. Хусусан, “Садди Искандарий” достонида Навоий айланувчи фалак, яъни осмонни тегирмон уйига, Зуҳал (Сатурн) сайёрасини ўша уйдаги қора чивинга ўхшатади:

“Қаро юз била чархи гардуннишин,
Нечукким, харос уйи ичра чибин”.

Шу ўринда бу ҳашарот (каттаси) қардош тилларда қандай аталишига эътибор берсак: қозоқча: шыбын; туркманча: ҫybyn, уйғурча: чивин (“چىۋىن”), қиргизча: чымын; татарча: чебен, бошқирдча себен. Яъни, аксарият туркий халқлар “чивин” деб атайдиган ҳашарот фақат ўзбек адабий тилида “пашша”га айланиб қолган.

“Пашша” эса форс тилидан ўзлашган бўлиб, Шавкат Раҳматуллаев ўзининг “Ўзбек тилининг этимологик луғати” III томида унга шундай изоҳ беради: “Пашша форсча, тожикча луғатларда: “қўш парда қанотли, узун мўйловли, танаси ингичка, қон сўрувчи майда ҳашарот (чивин)” маъносини англатиши айтилган.

Ўзбек тилига бу от тожикча шаклида олиниб, “қўш парда қанотли, танаси думалоқ, асосан овқат қолдиқларини еб яшайдиган ҳашарот” маъносини англатади.

Ҳозир ҳам тожик тилида “пашша”, “хомӯшак”, форс тилида “pāshe” (“پشه”) деганда ўша қон сўрувчи майда ҳашарот тушунилади. Қизиғи шундаки, ўзбек тилида “пашшахона”, “пашшахўрда” сўзлари ҳам айнан ана шу чақадиган пашшага нисбатан ишлатилади, аммо ҳашаротнинг ўзи «чивин» бўлиб қолган.

Алқисса, нарсани ўз номи билан атаб, «чивин»ни аждодларимиз, қардошларимиз қайси ҳашаротга нисбатан қўлласа, шундай қўлласак, пашшани ҳам аслияти маъносига мосласак, тилимиз бир қусурдан қутулган бўлар эди.

Абдувоҳид Ҳайит

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз