Ижара уйдан ҳайдалаётган талаба қизлар ҳақидаги видеолавҳани кўриб, дилим оғриди.
Кечагина яна бир таниш синглим ҳам худди шундай вазиятда эканлигини, хонадон эгаси беш юз долларга қониқмай, олти юз бермоқчи бўлган россиялик қочоқларни қўймоқчи бўлаётгани, ноиложликдан нима қилишни билмай турганлигини айтганди.
Ён йўлакдаги бадавлат қўшним эса, уй сўраб келган талабаларни ижарага қўймай, ўрнига алкаш, оғзи шалоқ ўрисни қўйгани ва у «минг доллар тўлаяпман, болаларинг уйимни тўғрисидаги майдончада ўйнашмасин» деганини ёзгандим.
Кимдир ўрисни айбласа, кимдир очофат уй эгаларига тош отяпди. Лекин муаммо фақат улардами?
Бутун бошли тизимдаку!
Ана, Туркияга боринг, марказдаги энг чиройли жойларда пештоқига фалон олийгоҳга тегишли «Örenci kızlar yurdu» (Талаба қизлар ётоқхонаси) деб ёзилган муҳташам биноларга кўзингиз тушади.
У биноларнинг ичи-таши, хизмат кўрсатиш сифати меҳмонхоналардан қолишмайди. Ичига кириб оғзим очилиб қолган.
Тўлови ҳам чақмайди + эрталабки нонуштаси ҳам бор.
Ўта қимматлари ҳам топилади, лекин уларга ҳам эҳтиёж бор.
Давлатга тегишли олийгоҳларнинг ичида эса, талабалар учун очиқ-ёпиқ сув ҳавзали, стадионли, фитнес залу яна турли машғулотлар ўтиладиган имкониятларга эга шаҳарчалар мавжуд.
Туркиянинг узоқ бир вилоятидан келиб, пойтахт Анқарада тўрт йил ўқиган қиз билан танишдим. У Ибн Сино номидаги клиниканинг етакчи педиатри экан.
Бир куни меҳмонхонадай гўзал бир бинога ишора қилиб, кўзи ёшланди. «Мен шу ерда туриб ўқиганман. Ҳа, ҳайрон бўлманг! Ўзи камбағал оила фарзандиман. Кимлигини ҳам ошкор қилишни хоҳламаган яхши бир инсон қизлар учун мўлжалланган хусусий ётоқхонадаги хонам учун тўрт йиллик ижара пулини тўлаб берган. Бу ерда фақат бой қизлар яшайди деб ўйлардим. Адашибман. Мендан ташқари яна бир қанча иқтидорли талаба қизлар ҳомийлик асосида яшашар экан. Бугунги ютуқларимда ўша хайрсевар инсоннинг ҳам ҳиссаси бор» деди.
Ха, Туркияда талаба қизлар иложи борича кўчада, муҳтож, назоратсиз қолдирилмайди.
Бу миллат шаънига айбдир!
Биздачи? Қачонки кўрпа-тўшак орқалаб, ўриндиқларда тунаётган талабалар сурати ижтимоий тармоқларда тарқалгач ҳоким бувани виждони уйғониб, иккита масканни шошилинч ётоқхонага айлантириб юборди. У ойнаванд бинолар қишда исийдими, йўқми, Худо билади. Исиса ҳам универститетлардан анча узоқ. Йигитлар майли, қизлар тиқилинч транспортда юришларини тасаввур қилинг!
Дарсдан сўнг ишлаб, кеч қайтадиганлар ҳам бор. Узоқ манзилга бориш осонми?
Ҳеч бўлмаса талаба қизларга шаҳар ичида ётоқхоналар ташкил қилинмайдими?
Ана, халқ пулига қурилган ҳайхотдай бинолар бўш ётибди. Масалан «Чорсу» меҳмонхонасини таъмирлаб, фақат қизлар турадиган намунали ётоқхонага айлантирса бўлади.
Қолаверса, бизда ҳам ҳеч бўлмаса талаба қизларнинг ижара пулини тўлаб бера оладиган мардлар йўқми?
Балки сизда бемор талаба қизларни текин даволайдиган клиникалар хақида маълумот бордир?
Яна миллат генфонди бузилди. Аксарияти мардикорликка ярайдиган пачоқ-пачоқ болалар туғилмоқда деб куйинамиз.
Агар туғилаётган гўдакларни ярмини, 18-19 да узатилган, ҳали ўзи қўғирчоқ ўйнайдиган қизлар туғса, қолганини талабалигида оч-наҳор юрган касалманд талаба қизлар оила қургач туғса, бу халқ фарзандлари ичида Алпомиш ва Тўмарислари бўладими?
Борлари ҳам мингтадан нечта!
Давлат ҳам, пули кўпайиб кетган тадбиркорлар ҳам ўйлаб-ўйламай янгидан -янги университитетлар очяпди-ю, на улардаги таълим сифати, на берадиган дипломига топиладиган иш хақида ўйлаб кўрмайди.
Энг муҳими ва энг ёмони эса — пойтахтга илк бор келаётган 17-20 ёшли ғўр талаба қизларнинг ҳаёти, турадиган жойи билан қизиқмайди.
Ота-она яхши тарбия берган бўлсада, ҳар қадамда йўлдан урадиганлар топилади.
Уйимиз рўпарасидаги ўриндиқда тунаган, қизим «бомж» деб ўйлаган талабалар билан фақат Ёшлар иттифоқи агентлиги қизиқди.
Лекин қолганлар-чи? Нега бугун ижтимоий тармоқда тарқалган видеони Сенат ва шахсан Танзила Камаловна суриштирмайди?
Нега депутатлар жим?
Нега Олий таълим вазирлиги бонг урмайди?
Нега хотин-қизлар қўмитаси кўр?
Нега маҳалла вазирлиги соқов?
Нега Маҳалла вазирлигининг Тошкент шаҳар бўлими бепарво?!
Ёки водий, воҳанинг маҳаллаларидан келган талаба қизлар Тошкентга бегонами?
Кўчага ҳайдалган қизлар шаҳарда қўйилган минглаб тузоқлардан қочиб, келажакда гулдай оила бекаси, ўтмишидан уялмайдиган бека, ўз қизлари учун ибратли она бўла олади?
Унутманг!
Битта қизнинг номуси топталса — миллатимиз юзи қиёматгача қаро бўлади!
Р/s: Суратларда ўзим шахсан кўрган Туркияда талаба қизлар учун қурилган ётоқхона манзаралари.
Ўзбек талаба қизларига ҳам шундай шароитларни яратиб берадиган сахий бойларимиз,амалдорларимиз
виждони уйғонар деган мақсадда илова қилдим.
Ушбу пост Муаззам Иброҳимованинг фейсбукдаги саҳифасидан олинди.