Бош саҳифаМуҳимCохта дорилар рекламасига учманг!

Cохта дорилар рекламасига учманг!

Бугун ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар асосий ахборот манбаига айланиб боряпти. Бу эса реклама берувчиларнинг эътиборини тортмасдан қолмайди.

Шу йилнинг 9 сентябридан кучга кирган “Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида дори воситалари ва биологик фаол қўшимчаларни реклама қилишга оид тартиблар белгиланган.

✅Қонуннинг 5-моддасида ноаниқлиқ, бир хил маъноли бўлмаган, бўрттириб юборилган, яшириб кетилган, ахборот олувчиларни чалғитадиган ёки чалғитиши мумкин бўлган реклама турларига нотўғри реклама деб баҳо берилган.

♻️Таҳлилларга кўра, “Телеграм” тармоғидаги кенг аудиторияли каналларда дори-дармонлар, тиббий ва косметик воситалар, биологик фаол қўшимчалар ва шунга ўхшаш воситаларнинг юзлаб рекламаларида қонун бузилиш ҳолатлари кўзга ташланмоқда.

🚫Жумладан, бундай рекламаларда “қўл ва оёқдаги ёғларни эритиш учун ЎТА САМАРАЛИ табиий препарат”, “ЭНГ ТЕЗ ва МУТЛАҚО БЕЗАРАР бўй ўстирувчи восита”, “гижжаларга қарши ЭНГ ЗАРАРСИЗ ва ЭНГ ХАВФСИЗ БИРИНЧИ РАҚАМЛИ ПАРАЗИТ ТУШИРУВЧИ деб тан олинган”, “таъсири ЖУДА ТЕЗ содир бўлади”, “1 ойда 7 килограмм ЗАРАРСИЗ вазн йиғишингизга кафолат” каби бўрттирилган ва ишончсиз сўз ва иборалардан фойдаланилмоқда.

🛡Эслатиб ўтамиз, “Реклама тўғрисида”ги янги Қонуннинг 34-моддасига кўра, дори воситалари рекламасида таниқли шахслар, тиббиёт ходимлари ёки шифокорларнинг ташқи кўринишига ўхшаш шахсларнинг иштирок этиши мумкин эмас.

💊Шунингдек, рецептсиз бериладиган дори воситалари рекламаларида уларнинг «ножўя таъсирлари мавжуд эмаслиги жиҳатидан ноёб, энг самарали, энг хавфсиз» деб тақдим этиш тақиқланган.

Қонуннинг 35-моддасида эса:

📌биологик фаол қўшимчалар ва озиқ-овқат қўшимчаларининг рекламасида улар «дори воситалари ҳисобланади ва (ёки) даволаш хоссаларига эга» деган таассурот уйғотмаслиги;
📌уларни қўллаш натижасида одамлар даволанганлигига, уларнинг аҳволи яхшиланганлигига доир муайян мисолларни ўз ичига олмаслиги;
📌ушбу рекламаларда турли тадқиқотлар натижаларидан уларни қўллаш учун тўғридан-тўғри тавсия шаклида фойдаланмаслик ва дори воситаларига нисбатан афзалликлари ҳақидаги таассуротни юзага келтирмаслик кераклиги қайд этилган.

🛡Эслатиб ўтамиз, реклама тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун, жумладан, номақбул реклама берганлик учун молиявий санкция ва жавобгарлик кўзда тутилган.

❗️Ҳурматли юртдошлар, асоссиз ва нотўғри рекламадан зарар кўрмаслик учун сиздан бирор дори-дармон, биологик қўшимча ва шунга ўхшаш воситаларни қабул қилишда мутахассис билан маслаҳатлашишни сўраб қоламиз!

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз