Халқимизда “Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади” деган жуда ажойиб нақл бор. Лекин шунга қарамай аксариат ҳолларда иситмаси ошкор қилиб, дард суяк-суягимиздан ўтиб кетгунича ҳам овозимизни чиқармаймиз. Айниқса, жамиятдаги ўрнимиз, мавқеимизга, обрўимизга путур етказадиган “нозикроқ” дард бўлса, ўлсак ҳам, асло ошкор қила кўрмаймиз. Чунки унинг ҳаётимиз ва тақдиримизга асорати дарднинг касофатидан кўра ёмонроқ, деб ўйлаймиз. Ваҳоланки, касалликнинг олдини олиш, уни даволаш мумкинлигини жуда яхши биламиз. Онгимизга ўрнашиб олган бу иллатдан қутула олмаганимиз учун қуйидаги сингари фожиаларга дуч келаётганимизни яширишга ҳожат йўқ, албатта.
Биринчи воқеа: Нигорахон жуда чиройли ва одобли қиз бўлиб вояга етди. Маҳалла- кўйда ҳамманинг хаваси келадиган бу қиз ҳар- ҳар замонда номаълум хасталик туфайли ҳолсизланиб қоларди. Мактабда касалликларга қарши эмланганда ўзини ёмон ҳис этар, ҳатто кўрпа-тўшак қилиб ётиб қоларди. Нимжон ва нозиклиги учун шундай бўлса керак, деб онаси ҳам анча вақт бу ҳақда жиддийроқ ўйламади. Йўтал, ҳолсизлик қизнинг тинкасини қуритди. Шифокорга мурожаат қилишдан бошқа чора қолмаган эди. Шифокор аёлнинг тахминларидан онанинг юраги шувиллаб кетди. Наҳотки бу қизим ҳам шу дардга чалинган бўлса… Чунки катта қизи анча йиллардан буён шу оғир касалликдан азоб чекарди. Бир ҳовлида, бир хонада, бир тўшакдан, битта гигиена воситаларидан фойдаланиб келган опа-сингилларнинг соғлигидан сира хавотирланмаган Она қизини тиббий кўрикдан ўтишга олиб борар экан, йўл бўйи ўзи билан ўзи олишиб борди: агар бу юқумли хасталик тасдиқланса, уни албатта ҳаммадан яширади, ахир қизининг келажаги, бахти учун шундай қилади. Ахир катта қизи шу дард туфайли бахтсиз бўлди.
Шифокор қабули… Иккиланишга ҳожат йўқ. Нигорахоннинг танасига хасталик анча йиллар олдин ўрнашиб олганлиги маълум бўлди. Она яна бир қалқиб тушди. Одамлар билмасин, деб қизини шифохонага ётқизишдан бош тортди. Уйда даволанишга ваъда берди. Қизимга ўзим ётиғи билан тушунтираман, деб шифокорни ишонтирди. Орадан йиллар ўтди… Уйдаги муолажа унча кор қилмади. Қайтанга хасталик танага чуқурроқ ўрнашиб олди, дори-дармонларни врач тавсиясига кўра ичишни канда қилгани учун уларнинг ҳам таъсири ўзига яраша бўлиб қолди. Хасталик гоҳ ошкор, гоҳ яширин ҳамла қилаверди.
Орадан анча вақт ўтди. Эшикдан совчилар кела бошлашди. Яқиндагилар қизни кўриб, эҳтиёткорроқ бўлишди, қайтиб эшик қоқишмади, узоқдагилар эса ёшлигида сал жигари оғриган эди, шунга рангпар кўринади, деган тушунтиришдан кейин хавотирни унутишди… Хуллас, узоқ қариндошиникига меҳмонга борганда қизни кўриб ёқтириб қолган йигит совчи жўнатди. Онанинг орзуси ушаладиган бўлди. Кўп ўйланиб ўтирмасдан тўй тараддудига тушишди. Саксонинчи йиллар эмасми, тўйдан олдин тиббий кўрик деган нарсалар ҳеч кимнинг тушига ҳам кирмасди. Тўй ҳам ўтди. Она ҳаммаси тинчгина ўтганидан мамнун. Кунлар, ойлар ўтди. Қизининг ҳомиладорлигини эшитиб, яна бир карра қувонди. Аммо бу қувонч узоққа бормади. Фарзанд туғилгач, қизининг аҳволи бирдан ёмонлашди. Барча бу ҳолдан ҳайрон. Фақат она жим… Қизни кўришга келган қишлоқ шифокори унинг йўталига қараб, ҳушёр тортди. Қизнинг кўзларида чексиз илтижо бор эди. “Хасталигимни уйдагилар билмасин”, деган сассиз нидо ҳар қандай юракни тешиб ўтарди. Шамоллашнинг асорати, ўтиб кетади, дея ёлғон далда билан кетган шифокорнинг виждони қийналди, аммо …
Касални узоқ яшириб бўлмади. Йўталганда хотинига рўмолча тутган йигитнинг ранги докадек оқариб кетди… Қон! У ўзини йўқотиб қўйди. Шифокорлар бу гал ёлғон гапиришга ботинолмади. Ҳамма нарса ошкор бўлди.
Кутилмаган зарба йигитнинг кутилмаган қарор қабул қилишига сабаб бўлди. Ажралиш… Миттигина чақалоқ билан ажралиб кетган бемор кўп ўтмай, она уйида бу ёруғ оламни тарк этди. Унинг ёш умри хазон бўлишига онанинг худбин орзулари, шифокорларнинг эътиборсизлиги, йигитнинг шафқатсизлиги, ўзининг иродасизлиги, жамиятнинг бепарволиги-ю, атрофдагиларнинг бағри торлиги сабаб бўлди. Силнинг давоси борлигини тан олмаслик бу фожиага олиб келди.
Иккинчи воқеа: Сайёра бувиси раҳматлик оғир хасталик туфайли ёш оламдан ўтганини ота-онасидан кўп бор эшитган. Аммо у қандай касаллик эканлигини билмасди. У қўшни ҳовлида яшовчи тенгдоши Нодира билан кўчада ўйнаб қолса, Нодиранинг бувиси дарров неварасини уйга чақириб қолишининг сабабини ҳеч тушунолмасди. Йиллар ўтиб, қиз анча улғайиб, бугун Нодиранинг бувиси айтган гаплар қулоғига чалингач, кўп нарсани англагандек бўлди, ўзини йиғидан зўрға тўхтатиб қолди. “Неча марта айтдим сенга бу қиз билан ўйнама деб, ахир унинг бувиси юқумли хасталик сабабли ёш ўлиб кетган, у ҳам балки касалдир, сенга ҳам юқиб қолса, нима қиламиз…” дея неварасини койиётган холанинг сўзлари уни ҳеч кимга айтмай, шифокор кўригига боришга ундади. Сайёра кўрикдан ўтиб, соппа-соғ эканлигига ишонч ҳосил қилгач, бўлган воқеани онасига айтиб берди. Онасига бу ҳақда қўшни холага гапириб ўтирманг, дея таъкидлаб ҳам қўйди.
Орадан йиллар ўтди. Қизлар бўйга етди. Сайёрани сўраб келган совчилар остона ҳатламай кўчадан қайтиб кетадиган бўлишди. Кунлардан бир кун олийгоҳда бирга ўқийдиган йигит совчи юборадиган бўлди. Аммо совчилар эшикка яқинлашмай қайтиб кетишди, эртаси куни институт ҳовлисида қизни кутиб турган ошиқ йигит ҳам “нега касалингиз борлигини мендан яширдингиз, сиздан буни кутмагандим…” деб Сайёрадан хафа бўлди… Сайёра эса ундан қаттиқ ранжиди, аммо йигитга ҳеч нарса демади… Иккиси ҳам ортга қарамади.
Орадан бир йил ўтди. Йигит совчилар топган қизга уйланмоқчи бўлди. Тиббий кўрик вақтида қизнинг тузалмас касали борлиги аён бўлди. Тўй тўхтатилди. Йигит доғда қолди. Бу тақдирнинг унга қайтарган дунёси эди.
Тўғри, бу ҳаёт. Иссиқ жоннинг иситмаси бўлади. Боз устига дард сўраб келмайди. Аммо ҳар қандай дарднинг ҳам давоси борлиги аён. Шундай экан, дардни яширмайлик, ошкор қилайлик, унинг давосини топайлик. Беморларга меҳрлироқ бўлайлик, улардан ўзимизни олиб қочмайлик. Соғлом турмуш тарзи, аҳолининг тиббий ва санитария маданияти ҳамда тиббий саводхонлигини ошириш борасидаги тарғибот ва ташвиқотларимизни кучайтирайлик. Ана шундагина соғлом ҳаёт ва соғлом тафаккурга эга бўламиз.
Маруса ҲОСИЛОВА,
“Инсон ва қонун” мухбири