Бош саҳифаЯнгиликларҲуқуқДастлабки эшитув босқичи ҳақида нималар биламиз?

Дастлабки эшитув босқичи ҳақида нималар биламиз?

Дастлабки эшитув — суриштирув ва дастлабки тергов органлари фаолияти устидан бевосита  тортишув принципи асосида амалга  амалга ошириладиган  процессуал жараён бўлиб, бунда суд муҳокамасига қўйилган масалалар, ҳамда иш юзасидан тўпланган далиллар мажмуаси етарлиги ва мақбуллиги ўрганилади. Жиноят-процессида дастлабки эшитув тергов ва суриштирув органларининг ҳатти-ҳаракатлари қонунга мувофиқлиги юзасидан бевосита суд назорати ҳисобланади.

Дастлабки эшитув институти жорий этилиши суд ҳокимиятининг ваколатларини кенгайтиришга ҳамда тарафларнинг тортишувлик тамойилини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Дастлабки эшитувнинг суд учун қандай афзалликлари ва ижобий таъсири бор? Таъкидлаш зарурки, жиноят ишини судда ҳар томонлама ва холисона кўрилишига тўсқинлик қилувчи ҳолатларни бартараф этиш масъулияти судьянинг зиммасида бўлсада, лекин уни амалга ошириш учун реал ваколати йўқлиги сабабли жиноят ишининг нуқсонларини кўра била туриб суд муҳокамасига “ўтказиш” мажбуриятидан озод бўлади.

Дастлабки эшитув институти АҚШ, Буюк Британия, Франция, Россия, ҳамда Испания, Италия давлатлар суд амалиётида жорий этилган. Мазкур давлатларда ўзига хос хусусиятлари мавжуд бўлса-да, суд муҳокамасида жиноят ишни мазмунан кўришга тўсқинлик қилувчи ҳолатлар мавжудлигини аниқлаш, суд муҳокамаси жараёнида фақат қонун билан йўл қўйилган далилларни ишлатиш учун шароит яратиш, жиноят ишини келгусида суд муҳокамасида кўриш учун суд таркибини ва суд жараёнини судланувчининг иштирокисиз кўриш имконияти мавжудлигини аниқлаш дастлабки эшитув институтининг асосий вазифалари ҳисобланади.

Ҳозирги жиноят-процессуал қонунчилигида жиноят ишини суд муҳокамасига тайёрлаш судья томонидан 7 кун ичида амалга оширилиши белгиланган бўлиб, иш мазкур суднинг судловига тегишлилик, ишни тугатиш ёки тўхтатишга сабаб бўладиган ҳолатлар мавжудлиги, ишнинг суд мажлисида кўрилиши учун асослар етарлиги, суриштирув ва дастлабки тергов ўтказиш чоғида қонун талабига риоя этилганлиги, айбланувчига эҳтиёт чораси тўғри танланганлиги, жиноят оқибатида етказилган мулкий зарарни қопланишини таъминлаш чоралари кўрилганлиги, айблов хулосаси ёки айблов далолатномаси қонун талабларига мувофиқ тузилганлиги каби масалалар аниқланиши лозим.

Ушбу муҳим масалалар суд томонидан якка тартибда прокурор, жабрланувчи, айбланувчи, ҳимоячи ва бошқа иштирокчилар жалб қилинмаган ҳолда амалга оширилади. Ушбу жараён тарафлар иштирокида тортишувлик шароитида амалга оширилса, тарафларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни янги босқичга чиқаради.

Демак, дастлабки эшитув жорий этилиши суднинг процессуал ваколатларини мустаҳкамлаш ва янада кенгайтиришга, натижада эса, суд, дастлабки тергов органлари ҳамда фуқароларнинг вақти ва саъиҳаракатларининг тежалиши, жиноят ишлари юритувига жалб этилган шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тез фурсатда тикланишини таъминлашга хизмат қилади.

Нодиржон Раимқулов,
жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди судьяси

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз